Уйқунинг метаболизм, қон босими, мия фаолияти ва саломатликнинг бошқа жиҳатларини тартибга солишдаги роли ҳақида кўп нарса маълум. Аммо тадқиқотчилар учун тушларнинг аҳамиятини тушунтириш қийинроқ бўлади.

Уйғоқлигингизда, фикрларингиз маълум бир мантиққа эга бўлади. Ухлаётганингизда эса миянгиз фаол бўлса-да, фикрларингиз ёки тушларингиз кўпинча маънога эга бўлмайди. Бунинг сабаби, миянинг ҳиссий марказлари мантиқий ҳудудларни эмас, балки тушларни қўзғатади.

Аниқ далил бўлмаса-да, тушлар одатда сизнинг яқин орада бажарган ҳаракатларингиз, суҳбатларингиз ёки ҳаётингиздаги бошқа муаммоларга асосланган автобиографик тасвирлардир. Бироқ, тушларнинг аҳамияти ҳақида баъзи машҳур назариялар мавжуд.

Тушларнинг муҳимлиги                    

Тадқиқотчилар ҳали ҳам тушларнинг мақсади ҳақида бир фикрга келмаган. Бироқ, баъзи кенг тарқалган тахминлар ва назариялар мавжуд.

Тушлар терапия сифатида

Тушларингиз ҳаётингиздаги ҳиссий драмаларга қарши туришнинг бир усули бўлиши мумкин. Уйқу давомида миянгиз ҳисларингизни эркин қўйишингизга йўл бергани учун онгингиз туйғуларингизга алоқадор равишда фаолият бажаради, ва ҳоланки ўнгда бу ҳисларингизга эрк бермаслигингиз эҳтимоли юқори.

Илҳом бағишловчи тушлар

Туш кўришимиз сабабларидан бири бу улар бизнинг ижодий кўникмаларимизни юксалтиришга ёрдам беради. Ҳар қандай санъат одами ўз ижодидаги сара намуналарни яратишда оз бўлса-да тушларидан илҳомланган. Сиз ҳам қачондир фильм ёки қўшиқ учун ажойиб ғоя билан уйғонган бўлишингиз мумкин.

Бебаҳо ижодий оқимингизни чеклаши мумкин бўлган мантиқий филтрсиз ухлаётганингизда ҳар қандай чекловдан ҳоли бўласиз.

Хотира ёрдамчиси сифатида тушлар

Тушларнинг аҳамияти ҳақидаги кенг тарқалган назария шундан иборатки, улар сизга муҳим хотиралар ва ўрганган нарсаларни сақлашга, кераксиз хотиралардан халос бўлишга ва мураккаб фикрлар ва ҳис-туйғуларни саралашга ёрдам беради.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, уйқу воқеаларни эсда сақлашга ёрдам беради. Агар сиз янги маълумотни ўргансангиз ва уни ўйлаб ухласангиз, тезроқ эсингизга келади.

Тушлар хотирани сақлаш ва эслаб қолишга қандай таъсир қилиши ҳали аниқ тушунилмаган. Аммо улар мияга муҳим маълумотларни янада самарали сақлашга ёрдам беради ва хотира ва ўрганишга халақит берадиган омилларни блоклайди.

Қўрқинчли тушлар нимадан?

Туйғулар, хотиралар ва бошқа маълумотлар билан самарали курашишга ёрдам берадиган тушлар жуда фойдали бўлиб туюлиши мумкин. Аммо вақти-вақти билан ёмон туш кўриш кўнгилни хира қилади. Қўрқинчли тушлар одатда стресс, хавотир ёки баъзида айрим дориларга ножўя реакция сифатида пайдо бўлади.

Fгар сиз тез-тез ёмон туш кўрсангиз, сизда уйқу бузилиши муаммоси кузатилаётган бўлиши мумкин. Доимий равишда пайдо бўладиган қўрқинчли тушлар қуйидагича таъсир кўрсатса, касаллик ҳисобланади:

  • Ухлашга қўрқиб қоласиз;
  • Уйқунгиз жуда кўп бузилади;
  • Бошқа уйқу ёки психологик муаммоларни келтириб чиқаради.

Кўп одамлар ҳаёти давомида вақти-вақти билан даҳшатли туш кўради. Бироқ Америка Уйқу Ассоциациясининг ҳисоб-китобларига кўра, аҳолининг атиги 5 фоизи доимий уйқу бузилиши муаммосини бошдан кечиришади.

Тушларга нима таъсир қилади?

Кундалик ҳаётда бизга таъсир қиладиган баъзи омиллар тушларимизга ҳам таъсир қилиши мумкин, жумладан, жисмоний ва руҳий ҳолатимиз, ейдиган озиқ-овқатимиз, ҳар кунги фаолият ва машғулотларимиз кабилар. Шундай экан, ётишдан олдин яхши нарсаларни ўйланг ва хотиржам бўлинг.

Интернет манбалари асосида

Маликахон Ражабова тайёрлади.