Қайд этилишича, ушбу рейтинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони талаблари асосида, Жамоатчилик кенгаши томонидан тасдиқланган мезонлар бўйича шакллантирилди.

Рейтинг натижаларига кўра, ташкилотларнинг фаолияти учта асосий тоифага ажратилган:

Юқори кўрсаткич қайд этган "Яхши" ташкилотлар (80 баллдан 100 баллгача): Ушбу рўйхатда энг юқори натижани Ҳисоб палатаси (95 балл) эгаллаган. Шунингдек, Ўзархив агентлиги (90 балл), Давлат захираларини бошқариш қўмитаси, Кинематография агентлиги, Фуқаро авиацияси агентлиги, «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ҳамда Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги (барчаси 85 баллдан) энг намунали ташкилотлар сифатида қайд этилган.

"Қониқарли" деб топилган ташкилотлар (55 баллдан 80 баллгача): Бу тоифадан Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси (75 балл), Туризм қўмитаси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Божхона қўмитаси (70 баллдан), Марказий банк (65 балл), Ички ишлар ва Қишлоқ хўжалиги вазирликлари (60 баллдан) каби жами 10 та идора жой олган.

"Қониқарсиз" баҳоланган ташкилотлар (55 баллдан паст): Рейтингнинг энг қуйи поғоналаридан кўплаб вазирлик ва идоралар жой олган. Хусусан, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги (30 балл), Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (25 балл), Адлия вазирлиги (20 балл), Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (15 балл) каби ташкилотларнинг назорат фаолияти паст баҳоланган. Рейтингнинг энг охирги ўринларини Маданий мерос агентлиги (10 балл) ва Солиқ қўмитаси (5 балл) эгаллаган.

Мазкур рейтинг назорат органлари томонидан тадбиркорлик соҳасидаги текширувларнинг қай даражада самарали ва қонуний ташкил этилаётганини кўрсатиб беради.