“Бизни меҳр бирлаштиради!” деб номланган ушбу маданий ва хайрия тадбири кўтаринки руҳда бошланди. Унда 105-сонли ақли заиф болалар учун мактаб-интернати, Чилонзор тумани 4-сонли сколиоз билан касалланган болалар мактаб-интернати, Чилонзор тумани 66-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва Республика имконияти чекланган шахслар учун касб-ҳунар коллежи ўқувчилари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид сўзга чиқиб, йиғилганларни ушбу сана билан қутлади. 120 нафар имконияти чекланган ўкувчига уюшма томонидан чоп этилган китоблар ва эсдалик совғаларини улашди.

Шунингдек, учрашувда сўз олган Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир Ғайрат Мажид, Қороқалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон, “Ёшлик” журнали бош муҳаррири Нурилла Чори йиғилганларни ўз ижоди билан баҳраманд этди.

Шундан сўнг Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг бир гуруҳ истеъдодли талабалари ҳамда ўқувчи-ёшлар томонидан қўшиқлар айтилиб, байрам тадбири давом этди.