Бизнинг овоз дахлдордир асрларга,

Янги давру замон, янги наслларга.

Юракларга келган янглиғ янги баҳор,

Бизнинг овоз — ифор тўла она диёр.

Янги орзу-умидларга парвоз берамиз,

Наврўз янглиғ Янги юртга овоз берамиз.

Давру замон шиддатлидир — ортга қайтмас,

Инсон умри меҳнатлидир, сайру гаштмас.

Ватан ватан бўлгайму биз жон чекмасак,

Жондан кечиб, заҳматин ҳар он чекмасак.

Ўйламангким биз сўзга пардоз берамиз,

Меҳнат учун, заҳмат учун овоз берамиз.

Бу синовлар, имтиҳонлар дунёсида

Инсон яшар ўт билан сув аросида.

Инсонми у эзгулик деб тўлғонмаса,

Маърифатнинг нури билан чулғанмаса?

Қодирий ҳам Чўлпон учун овоз берамиз,

Ўлмас илму ирфон учун овоз берамиз.

Бир юз ўттиз тўрт миллатга макон учун,

Бағрикенглик бунда олий мақом учун.

Милёнларнинг оғизбирчилиги билан,

Элу халқнинг бурчи, бурчлилиги билан —

Кўнгилларга бир байроқ, бир соз берамиз,

Ҳамжиҳатлик ният учун овоз берамиз.

Оталармиз, оналармиз, фарзандлармиз,

Барчамиз ҳам бир Ватанга дилбандлармиз.

Орзулар бўй чўзиб, боғу чаман ўсгай,

Ҳар ўғил-қиз тимсолида Ватан ўсгай.

Олтин бешик — тахти учун овоз берамиз,

Фарзандларнинг бахти учун овоз берамиз.

Кўнгилларни шаҳарлардай обод этиб,

Келажакни биз бугундан бунёд этиб —

Жаҳон ичра гўё мисли янги жаҳон

Қад ростлайди мутлақ янги Ўзбекистон.

Биз миллатнинг равнақига парвоз берамиз,

Ватан учун, миллат учун овоз берамиз.

Демак, мутлақ янги давру замон учун,

Инсон қадрин баланд тутган инсон учун,

Сўйлайверса адо бўлмас дардларинг бор,

Дардларингни аритгувчи мардларинг бор.

Инсон деган мағрур номга эъзоз берамиз,

Инсонийлик қадри учун овоз берамиз.

Қалбим буюрмаган сўзни мен айтмадим,

Аввал айтган бир гапимдан ҳеч қайтмадим.

Шоирлигим шиори шу, бор ҳаётим даъвати:

Давлатли эл шавкатлидир, шавкатли эл — давлатли.

Шундай шаъну шавкат учун овоз берамиз,

Мангу тожу давлат учун овоз берамиз!