Ўсмирлик, ёшлик йиллари, ундан кейин ҳам дунё чемпионатларида, гарчи бирорта ўзбек йигити таркибига киритилмаган бўлса ҳам, собиқ иттифоқ терма жамоаси ўйинларининг ҳаммасини кўрардик, куйиб-ёниб ишқибозлик қилардик.

Энди жаҳон яшил майдонларида ўзимизнинг қоракўзларимиз Ўзбекистон халқи, Президентимизнинг ишончини оқлаб, мустақиллигимиз зафарли одимларини намойиш этиб, дунёвий эътирофларга сазовор замонавий футбол намойиш этаётганини, кетма-кет жаҳоний аҳамиятга эга ютуқларга эришаётганини кузатиш нечоғлиқ фахрли, қувончли эканини сўзда ифодалаш қийин.

Қуйидаги сатрлар шу туйғулардан қатра, холос.

 

Олқишлайди миллионлар,

Чемпионим — ҳур ўғлон!

Янги Ўзбекистондек

Кўксинг кериб тур, ўғлон!

 

Ҳакам ҳуштагин чалар,

Ўзбек — халқ қўл кўтарар —  

Дунё дуога тўлар:

“Бўлгин зўрдан зўр, ўғлон!”.

 

Сенда кибру ҳаво йўқ,

Наслинг — кўрган, кўнглинг тўқ,

Кўксинг тўла ғайрат, чўғ

Юзларингда нур, ўғлон!

 

Ғурури Осиёсан,

Аждодлари доносан,

Рақибларинг хатосин

Ғалабага бур, ўғлон!

 

Айлантириб теп тўпни,

Найранг қилиб теп тўпни,

Ҳайратлантириб кўпни,

Заргарона ур, ўғлон!

 

Қўрқувга ҳеч ёндашмай,

Зўр синовда энгашмай,

Жиззакига тенглашмай,

Йўлинг ўнгга бур, ўғлон!

 

Шердек гувраб боргин-да,

Рақиб тўрин ёргин-да!

Ўз дарвозанг олдида

Қоятошдек тур, ўғлон!

 

Донг чиқармас ёлғиз от,

Ҳамжиҳатлик — куч, сабот,

Марказ, ўнгу чап қанот

Шиддатингга жўр, ўғлон!

 

Шараф ерда ётмайди,

Лаҳза учқур — кутмайди,

Мардлар ортга қайтмайди,

Фақат олға юр, ўғлон!

 

Халқнинг орзу-ўйларин,

Бир асрлик сўрарин —

Шарқнинг футбол йўлларин

Буюгини қур, ўғлон!

 

Сен сахий элга фарзанд,

Бағрикенгсан, серҳиммат,

Шоҳсупаларда фақат

Доим ғолиб тур, ўғлон!

 

Юзларингда нур, ўғлон!

Кўксинг кериб тур, ўғлон!

Фақат олға юр, ўғлон!

Бўлгин зўрдан зўр, ўғлон!

 

Муҳтарама УЛУҒОВА