Бу ҳақда компания томонидан ташкил этилган брифингда айтиб ўтилди.

Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хорижий инвесторларга зарур шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар иқтисодиётимиздаги ўзгаришларда, одамлар турмуш тарзида ўз аксини топмоқда.  Ўз навбатида, давлат сиёсати моҳиятини чуқур англаб, ўз салоҳиятини тўғри баҳолаган ҳолда ишга пухта ёндашаётган, стратегиясини, мақсад ва вазифаларини аниқ белгилаб олган ва энг муҳими бу орқали Ўзбекистон тараққиётига муносиб улуш қўшишни бош мақсади, деб билган компаниялар юқори марраларни забт этаверади.

BMB Trade Group инвестицион-консалтинг компаниясини, шубҳасиз, ана шундай бизнес субъектлари бири, дейиш мумкин. Компания 2017 йил 4 апрелда ташкил топган бўлиб, бугунги кунга келиб унинг хизматларидан 1000 дан ортиқ хорижий компаниялар фойдаланиб келмоқда.

Компаниянинг асосий фаолият йўналишлари инвестициявий лойиҳалар учун консалтинг хизматларини кўрсатиш, халқаро бизнес ва савдо алоқаларини ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, инновацион технологияларни жорий этиш ва замонавий агросаноат кластерларини яратишга асосланган.

Ўтган қисқа давр мобайнида компания иқтисодиётнинг турли жабҳаларига дадил кириб борди ҳамда жамиятлар ва корхоналар таъсис этди. Жумладан:

  • қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратишга қаратилган, мамлакатимизда тадбиркорлар иқтисодий муносабатларида тенденцияга айланиб бораётган агросаноат интеграциясининг замонавий тадбиркорлик вакили – кластерлар фаолияти соҳасида (озиқ-овқат, мева-сабзавот ва доривор ўсимликлар кластерлари – BMB AGRO, BMB SHIFO, BMB AGROKLASTER, BMB OPERA ZAFFERANO Ўзбекистон – Италия ҚК, BMB AVAS GROUP Ўзбекистон – Тожикистон ҚК);
  • етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бирламчи ва чуқур қайта ишлаш хамда логистика хизматларини кўрсатиш корхоналари ташкил этиш (BMB LOGISTIC, BMB NRC AGROLOGISTICS Ўзбекистон –Россия ҚК);
  • экспорт ва импорт соҳасида (BMB IMPEX);
  • туризм йўналишида (меҳмонхона ва ресторанлар тармоғи BMB GLOBAL SAYOHAT, BMB HOTEL TASHKENT, BMB HOTEL JIZZAX, BMB RESTAURANT TASHKENT, BMB RESTAURANT JIZZAX);
  • транспорт ва логистика объектларини қуриш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш (BMB HIGH-TECH);
  • cоғлиқни сақлаш ва соғломлаштириш фаолияти (Боёвут тумани);
  • спортни ривожлантириш билан боғлиқ бир қатор ижтимоий ва иқтисодий лойиҳалар (BMB Professional Futsal Club)ни ни татбиқ этиб боряпти.

Шунингдек, 1,5 миллиард АҚШ долларига тенг қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда.

Компания таркибида бугунги кунда 29 та йўналишда корхона бўлиб, шундан 5 таси қўшма корхона, қолгани эса шўъба корхоналар ҳисобланади.

— Очиғи, компаниямизни кўпчилик агрокомплекс йўналишадаги лойиҳаларимиз, хусусан, Бахмал туманида Заъфарон етиштириш лойиҳамиз  орқали билади, — дейди BMB HOLDING Кузатув кенгаши раиси, “Дўстлик” ордени соҳиби Бекзод Маматқулов. — Вахоланки, бизнинг йўналишларимиз кўп. Компаниямиз ташкил этилганига олти йил бўлган бўлса, ўтган вақт мобайнида янги Ўзбекистондаги ўзгаришларга ҳамоҳанг тарзда ривожланиб келмоқда. Бугунги кунда юртимизда тадбиркорликка берилаётган имконият ва эътибордан оқилона фойдаланган ҳолда, инвестицияларимизни иқтисодиётимиз ривожланиши учун йўналтиришга қарор қилдик. 

Бугунги кунда компаниялар тизими кенгайгани бошқарув ҳуқуқий шаклини ўзгартиришни тақозо этмоқда. Дунё бозорларига шахдам кириб, тан олинаётган ушбу компаниянинг таркибидаги ташкилотлар сони 29 тага етиб, кўлами сезиларли даражада кенгайди.

Компания келажакда нафақат шўъба ва қўшма корхоналар активлари, балки активлари таркибига бошқа корхоналарнинг акциялари назорат пакетлари кирадиган акциядорлик жамияти тузишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Шу боис мазкур компания ўз таркибидаги ташкилотларни жамлаб, олдига қўйилган улкан вазифаларни амалга ошириш мақсадида холдинг шаклида фаолиятга бел боғлади.

Шу мақсадда BMB Trade Group компанияси номи BMB HOLDING номига ўзгартирилди. BMB HOLDING таркибига кирувчи шўъба ва қўшма корхоналар фаолият тури кенгайиши ва ўзгартиришлар киритилгани натижасида уларнинг номлари  ва фаолият турлари ўзгартирилди.

Бошқарув-ҳуқуқий шаклини ўзгартирган холдинг эндиликда жаҳон стандартларига муносиб равишда фаолият кўрсатаётган халқаро молиявий институтлар, банклар, йирик хорижий компаниялар билан кенг кўламли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ўз қамровини кенгайтириш имконига ҳам эга бўлади.

Ребрендингдан мақсад — Ўзбекистонда тадбиркорларга берилаётган имкониятлар самарасини жаҳонга янада кенгроқ кўрсатишга муносиб ҳисса қўшиш, транспарентлик (очиқлик) сиёсатини амалга ошириб, мамлакат брендини Европа ва дунёнинг бошқа давлатларига тизимли равишда намойиш қилиш, фаолияти орқали мамлакатнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш, юртимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш орқали иқтисодиётга муносиб улуш қўшишдир.