«БМТ янгиликлари» порталининг хабар беришича, Олий комиссар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллиги нишонланадиган йилда халқаро ҳамжамият томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси (ИҲББ) фаолияти учун етарли маблағ ажратилишига умид билдирди.

Бу маблағлар, унинг таъкидлашича, ташкилотга аъзо давлатлар ва унинг ҳамкорларининг сўров ҳамда эҳтиёжларига жавоб бериш имкониятини тақдим этади.

Фолькер Турк, бошқарма фаолиятига ўтган йили 240,8 миллион доллар ҳисса қўшган 87 нафар ихтиёрий донорга миннатдорлик билдирди, аммо ўтган йилги талабнинг атиги 60 фоизи молиялаштирилганини қайд этди.

ИҲББда маблағ этишмаслиги туфайли дунёнинг кўплаб минтақаларида амалиётлар қисқарган ва аъзо мамлакатларнинг техник ёрдам сўровларига тўлиқ жавоб берилмаган.

Маълумот учун: БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси фаолияти 40 фоиз БМТ бюджетидан ва 60 фоиз ихтиёрий бадаллар ҳисобидан молиялаштирилади.