Бу омилларнинг барчаси Ўзбекистон коронавирусни енгиш учун қўллаган чоралар, шу жумладан, карантин ҳудудларида яратилган қулайликлар ва зарур шароитлар ҳақиқатан ҳам самарадор эканидан далолат беради.

 БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий вакили Ҳелена Фрейзер бундай шароитларда давлатларнинг очиқлиги жуда муҳим аҳамиятга эгалигини, хусусан, Юқоричирчиқ туманидаги мазкур карантин ҳудуди билан бевосита танишиш асносида бу ерда яратилган шарт-шароитларнинг барчаси соғлиқни сақлаш ва инсон ҳуқуқлари соҳаларидаги барча халқаро стандартларга тўла мос эканини эътироф этди.

Ҳелена Фрейзер  мазкур ташриф ташкилотчиларига миннатдорчилик билдирар экан, шу йил июль ойи бошида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда "Коронавирус пандемияси ва инсон ҳуқуқлари" мавзуида видеоконференция алоқаси шаклида халқаро анжуман ташкил этилаётгани ҳақида маълум қилди.

БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий вакили қайд этишича, Ўзбекистоннинг ҳудудларни яшил, сариқ ва қизил рангларга ажратиш тажрибаси халқаро ҳамжамиятга коронавирусга қарши курашишда мавжуд куч ва имкониятларни қандай тартибда тақсимлаш борасида жуда қўл келади.

ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Назокат Қосимова ҳозирги кунда жаҳон мамлакатлари ўртасида карантин ҳудудларидаги шароитларни баҳолаш бўйича бирон-бир рейтинг мавжуд эмаслигига эътиборни қаратди. Шунга қарамай, Назокат Қосимова коронавирус тарқалишига қарши кураш борасида Ўзбекистон томони кўрган чоралар ҳамда Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманидаги карантин ҳудудида яратилган қулайликларга юқори баҳо бериб, бу шарт-шароитларнинг барчаси ЖССТ стандартларига тўла мос келишини эътироф этди.

Халқаро ташкилотлар вакиллари журналистлар ва блогерларнинг кўплаб саволларига жавоб қайтардилар.

Инсон ҳуқуқлари бўйича 
Ўзбекистон Республикаси 
Миллий марказининг
матбуот хизмати