Халқаро меҳнат ташкилотининг тадқиқотининг натижасига кўра, 2020 йилда 114 миллионга яқин киши ишсиз қолган. Шу билан бирга, эркаклар билан таққослаганда, аёллар иш йўқотишдан кўпроқ азият чеккан: агар аёлларнинг 5 фоизи ишидан айрилган бўлса, эркаклар орасида бу кўрсаткич 3,9% ни ташкил этди. Инқироз давомида, дунёнинг барча минтақаларида, аёллар эркакларга қараганда кўпроқ иқтисодий жиҳатдан пассив бўлиб қолиш хавфи остида эдилар.
Яқинда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш пандемия пайтида меҳнат бозорида жабр кўрганлар орасида эркакларга қараганда аёллар кўп бўлганлигини таъкидлади. Масалан, аёлларда ишсиз қолиш ва даромадларини йўқотиш эҳтимоли 24 фоизга кўпроқ. «Шундоқ ҳам сезиларли бўлган иш ҳақидаги гендер фарқ ошди, шу жумладан соғлиқни сақлаш соҳасида», дейилади Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳбарининг мақоласида.
Ўзбекистонда пандемия туфайли иқтисодиётнинг кўплаб соҳаларида иш билан банд бўлганлар сони камайди. 2020 йил январь-июль ойларида ишсизлик 13,2 фоизгача ўсди, 2019 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 9,1 фоизни ташкил этган эди. Ёшлар орасида ишсизлик даражаси 20,1%, аёллар орасида 17,4% бўлди.
25 мартда Сирдарё вилоятида аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш ва инқироз оқибатларини юмшатиш бўйича ҳукуматнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш каби чоралар орқали аёллар ва ёшлар бандлигини оширишга йўналтирилган лойиҳаларга старт бериш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда БМТ Тараққиёт дастури, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Канаданинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари ҳамда лойиҳа иштирокчилари қатнашди.
БМТ Тараққиёт Дастури ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг «Давлат бошқарувида ва ижтимоий-сиёсий ҳаётда аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш» қўшма лойиҳаси доирасида Сирдарё вилоятидаги тадбиркор-аёлларга грант асосида зарур ускуналар, махсус техника ва жиҳозлар тақдим этилди.
Тадбиркор-аёлларга турли хил касблар, шу жумладан тикувчилик устахонаси, гўзаллик салони ҳамда нон ва макарон маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун тикув машиналари, махсус мебель ва жиҳозлар топширилди. Бундан ташқари, аёлларни Касб-ҳунарга ўқитиш маркази ҳам очилди.
Канада маҳаллий ташаббуслар жамғармаси томонидан қўллаб-қувватланган ушбу лойиҳа натижасида 100 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди, ҳозирги кунда 90 дан ортиқ аёллар ва ёшлар иш билан таъминланди, деб хабар беради БМТ тараққиёт дастури матбуот хизмати.
Шунингдек, Касб-ҳунарга ўқитиш марказида шу вақтгача 250 дан зиёд аёллар кийим-кечак дизайни, тикувчилик, нон пишириш ва бошқа касблар бўйича тренингларда қатнашиб, кўникмаларини оширишди. Кейинги 6 ой ичида ушбу марказда 1 500дан ортиқ ишсиз аёлларнинг бозорда талаб юқори бўлган касбий кўникмаларга ўқитилиши кутилмоқда.
Тренинглардан ўтган хотин-қизларга келгусида ишга жойлашиши учун ёрдам кўрсатилади, бу эса бандликнинг ошишига ва даромад манбаларининг яратилишига имконият беради.