Кеча футбол бўйича Беларус Олий лигасининг 20-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Унда ҳамюртларимиз Бобур Абдухолиқов ва Абдуқодир Ҳусанов тўп сураётган «Энергетик-БГУ» жамоаси «Ислоч» меҳмони бўлди.
Қизғин курашлар остида кечган баҳсда меҳмонлар 2:3 ҳисобида ғолиб чиқишди. Бобур Абдухолиқовнинг 64 ва 89-дақиқаларда киритган голлари меҳмонларга муҳим ғалабани келтирди.
Айтиш жоизки, айни пайтда «Энергетик-БГУ» 38 очко билан чемпионатда иккинчи ўринда бормоқда. Пешқадам «Шахтёр» ҳисобида 39 очко бор.
Сўнгги турдаги голларидан сўнг Абдухолиқов тўпурарлар пойгасида анча олдинлаб кетди. У рақиблари дарвозасини 19 марта аниқ нишонга олган. Бобурни таъқиб қилаётган Хвашинский ҳисобида 11та гол бор.