Кеча футбол бўйича Беларусь чемпионатида 28-тур ўйинлари якунига етди. Ҳамюртимиз Бобур Абдухолиқов тўп сурадиган “Энергетик-БГУ” Минскда “Динамо” меҳмони бўлди.
Қизғин кечган баҳс меҳмонларнинг йирик ғалабаси билан якунланди – 1:4. Биз учун муҳими, унда Бобур мезбонлар дарвозасини икки бор нишонга олиб, голлари сонини 25 тага етказди ва таъқибчиларидан анча ўзиб кетди.
Тўпурарлар баҳсида ҳозирча “Минск” клуби ҳужумчиси Владимир Хвашинск 19 та гол билан Б. Абдухолиқовни таъқиб қилиб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Энергетик-БГУ” айни пайтда 57 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Биринчи ўринда бораётган “Шахтёр”да 59 та очко бор.