"Бунда, давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги бўш жойларнинг электрон ҳисобини юритиш, болаларни ташкилотларга қабул қилиш учун электрон навбатни шакллантириш ва йўлланмаларни расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг Мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизими (МТБАТ) томонидан амалга оширилади" дея маълумот бермоқда Давлат хизматлари агентлиги.
Мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари ташкилот қуввати ва тарбияланувчилар тўғрисидаги маълумотларнинг доимий равишда, шунингдек, ташкилотнинг бўш ўрни ҳақидаги маълумотларнинг гуруҳ очилган ёки ёпилган, гуруҳ қуввати ёки таълим тури ўзгарган, бола қабул қилинган ва ташкилотдан чиқарилган ёки бошқа гуруҳга ўтказилган вақтдан бошлаб бир иш куни ичида МТБАТга киритиб борилишини таъминлайдилар.
Тартибга кўра, Давлат хизматлари марказига ўзи келган ҳолда ёки ЯИДХП (https://my.gov.uz/uz) орқали мурожаат қилинганда, тўлдирилган сўровнома автоматик равишда МТБАТга юборилади. МТБАТда автоматик равишда қуйидаги ҳаракатлар амалга оширилади:
- тегишли ташкилот ва гуруҳда бўш ўрин бўлганда — йўлланма шакллантирилади;
- тегишли ташкилот ва гуруҳда бўш ўрин бўлмаганда — сўровнома тегишлича умумий ёки имтиёзли рўйхатга киритилади ҳамда хабарнома шакллантирилади.
Мактабгача таълим вазирлигининг расмий веб-сайтида ташкилотлар ва гуруҳлардаги бўш ўринлар сони тўғрисидаги маълумотлар доимий равишда янгилаб борилади.
Давлат хизматлари марказлари, ваколатли органлар ва ташкилотлар ўртасида ахборотлар алмашуви фақат идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик орқали электрон рақамли имзони қўллаган ҳолда амалга оширилади.