Сафардан мақсад – уруғчилик, кўчатчилик ва агрономлик бўйича етакчи компаниялар тажрибаси билан танишиш, билим алмашиш ва малака ошириш. Ташрифнинг дастлабки кунида Ўзбекистон делегацияси Андалусия провинциясининг Кордова шаҳрида жойлашган Евросемиляс компаниясида бўлишди. Мазкур корхона уруғчилик, кўчатчилик ва соҳа учун мутахассислар етиштиришда илғор ҳисобланади.

Евросемиляс компанияси раҳбарияти билан учрашув давомида мамлакатимизда корхона тажрибаси асосида мандарин, зайтун, писта кўчатларини етиштириш бўйича келишувга эришилди. Ўз навбатида агрономлар малакасини ошириш бўйича меморандум имзоланди. Корхона раҳбари Хосе Мария Фонтан яқин кунларда Ўзбекистонга ташриф буюришини маълум қилди. Делегация аъзолари шунингдек, зайтун, мандарин, писта етиштирилувчи боғларда бўлиб, ўзига хос технология, иш усули, кўчатчилик борасидаги янгича ёндашувлар билан яқиндан танишди. Вакилларимиз мандариннинг совуққа чидамли навини Ўзбекистонда 5 гектар ер майдонида тажриба тариқасида экишни режалаштирмоқда.

Мамлакатимиз вакиллари Гранада вилоятининг Фуента Вакереос қишлоғидаги спаржа (сарсабил) етиштириш бўйича Европанинг етакчи корхонаси – Еsparrago de granada корхонасида бўлишди. Корхона раҳбари Аlipio Аrciniega Lopez мулоқот мобайнида бу маҳсулотни Ўзбекистон шароитида етиштириш мумкинлигини таъкидлаб, спаржа етиштириш технологиясини ўзбек ҳамкасбларига беришини ва испанлар тайёр маҳсулотнинг ҳаммасини сотиб олишга тайёрлигини маълум қилди. Мутахассисларнинг қайд этишича, спаржанинг дунё бозоридаги улгуржи нархи – 2 евро. Яқин кунларда бу маҳсулотнинг уруғини юртимизга олиб келиб, тажриба сифатида 1 гектар ер майдонига экиш режалаштирилмоқда.

Маълумот ўрнида: спаржа – тўқайларда ўсадиган доривор ўсимлик. Европанинг марказий ва жанубий қисмида, Кавказорти ва шимолий Кавказда кенг тарқалган. Сабзавот сифатида экилади, унинг ёш новдалари овқатга солинади. Таркибида оқсил, углевод, B, B2, ПП витаминлари мавжуд. Сарсабил экилган майдонлардан 15 йилгача гектаридан 30-35 центнергача ҳосил олиш мумкин. Сарсабил аспарагус номи билан манзарали ўсимлик сифатида ҳам ўстирилади.