Мамлакатимизда боғдорчиликни ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Айниқса, узум етиштириш, токзорларни кўпайтириш ва уларга ишлов бериш, суғоришда янги технологияларни жорий этишга катта эътибор қаратиляпти.
Бу борадаги ишлар ўз самарасини бераётгани сабабли жойларда токзорлар нафақат кенгаймоқда, балки унинг ҳосилдорлиги ҳам йилдан-йилга ортиб боряпти. Айни вақтда юртимизда фермер хўжаликлари томонидан 90 минг гектар майдонда узум етиштирилаётгани, бу тармоқда 900 минг аҳоли доимий ва мавсумий иш билан бандлиги фикримиз исботидир.
Эътиборли жиҳати, сўнгги тўрт йилда 52 минг гектар янги токзорлар ташкил этилиб, соҳага 210 миллиард сўм субсидиялар ажратилгани натижасида шу давр мобайнида мева-сабзавотлар экспортида узумнинг улуши 2 бараварга кўпайди. Лекин юртимизда бу соҳада бундан-да катта имкониятлар борлигини ҳисобга олсак, узумчилик соҳасига тежамкор технологиялар, айниқса, томчилатиб суғориш ва бошқа илғор агротехнологияларнинг жорий қилиш орқали узум етиштиришда янада катта натижаларга эришса бўлади.
Узум етиштириш, уни саноат усулида қайта ишлашни ривожлантириш ҳамда ҳудудларда энотуризмни йўлга қўйиш чора-тадбирлари юзасидан куни кеча Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида сўз юритилиб, узумчиликни кенг кўламда ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Албатта, мамлакатимизда узумчиликни ривожлантириш, узум маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишга бу даражада катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки узумчиликнинг иқтисодий самарадорлиги ҳам, ижтимоий аҳамияти ҳам катта. Масалан, 1 гектар хўраки узум етиштириш учун ўртача 100 миллион сўм харажат қилиб, 4 йилдан кейин йилига 250 миллион сўм соф фойда олиш мумкин.
Яна бир қувонарли томони, 1 гектар ғалла майдонида 2 киши ишлаб, кўпи билан 20 миллион сўмлик маҳсулот етиштирилса, узумчиликда, айниқса, шпалер усулида 10 нафаргача аҳолини иш билан таъминлаб, 300 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда ўртача 25 минг долларлик экспорт қилиш имкони бор.
Йиғилишда тоғолди туманларида йирик узумчилик плантацияларини ташкил этиш зарурлиги, ўтган йили Олтиариқ туманида ғалла майдонлари қисқартирилиб, 2 минг гектар ерда йирик узумзорлар барпо этилгани ва уларда тумандаги 5 минг нафар аҳоли доимий иш билан таъминлангани таъкидланди.
Фориш, Ғаллаорол, Янгиобод, Чироқчи, Пайариқ, Қўшработ туманларида янги токзорлар барпо этилгани қайд этилган ҳолда, шундай тажриба асосида Қорақалпоғистон ва вилоятлардаги 44 та туманда янги экспортбоп узум плантациялари ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Токзорлар барпо этиш ва эскиларини янгилашни рағбатлантириш мақсадида сертификатланган янги узум плантацияларининг ҳар бир гектарига 10 миллион сўмдан субсидия берилиши, шунингдек, узумзорлар ташкил этишни молиялаштириш учун банкларга 100 миллион доллар ресурс ажратилиши узумчиликни ривожлантириш бирга, аҳоли даромадини ошириш, бандлигини таъминлашга қаратилган муҳим қадам бўлди. Зеро, узумзорларнинг ташкил этилиши ҳудудлардаги ишсиз фуқаролар бандлиги таъминланади, экспорт ҳажми ошади деганидир.
Узумчилик халқимизнинг асрлар давомидаги миллий деҳқончилик маданияти ҳисоблангани боис бугунги кунда республикамизнинг деярли барча ҳудудларида узум етиштирилади. Хусусан, Хоразм вилоятининг Боғот туманида 32 та фермер хўжаликларида 595 гектар токзорлар мавжуд бўлиб, шундан 434 гектари ҳосилли майдонлар, 161 гектари ёш токзорларни ташкил қилади.
2020 йилда барча тоифа хўжаликлари томонидан 14 минг 353 тонна узум ҳосили етиштирилган бўлиб, шундан 4819 тоннаси фермер хўжаликлари ҳиссасига тўғри келади. Ўтган йил 2,6 минг тонна 2,3 миллион доллар миқдорида узум экспорт қилинган бўлса, жорий йилда 3,1 миллион долларлик 3060 тонна узумни хориж бозорига чиқари режалаштирилган.
Жорий йил баҳор ойларида 6 нафар ташаббускорлар томонидан 150 гектар майдонда янги токзорлар барпо қилинди. Қолаверса, аҳоли дала томорқаларида 501 гектар токзорлар мавжуд бўлиб, бу майдонларда 250 центнердан узум ҳосили етиштирилмоқда.
Масалан, биргина “Узумзор” маҳалласида 810 та хонадон мавжуд бўлиб, уларда 4232 нафар фуқаро истиқомат қилади. Маҳалладаги дала томорқаларининг 77 гектарида ҳосилли токзорлар экилган бўлиб, ҳар битта хонадонга 12-14 сотих ер майдони тўғри келади. Узум етиштирувчи ҳар бир хонадон эгалари томонидан томорқа ер майдонидан 4-4,5 тонна узум етиштирилади. Узумдан олинган даромад юқори бўлиши таъминланмоқда.
Илгари “Ўзгариш” маҳалласида аҳолининг ишсизлиги сабабли ажрим, жиноят содир этиш ҳолатлари кўп кузатилар эди. Ушбу ҳудудга туманнинг ер шароитига тўғри келадиган узумнинг экспортбоп навларидан “Ризамат ота”, “Кетмон сопи”, “Келин бармоқ”, “Сўғдиёна” навлари келтирилиб экилди ва бу орқали кўплаб фуқаролар ишли бўлди, меҳнат қилиб даромад топишни ўрганди. Энди улар бу навларни туманнинг барча маҳаллаларига экиб, етиштирилган узумни шу жойнинг ўзида сотмоқчи.
Етиштирилган маҳсулотларни сақлаш учун эса албатта, музлаткичларга эҳтиёж сезамиз. Туманда бу муаммонинг ечими ҳам топилган. Айни пайтда туманда 18 та тадбиркорлик субъектларида 6 минг 450 тонна сиғимли совуткичли омборхоналар мавжуд. Жорий йилда 26 нафар ташаббускорлар томонидан 6 минг 400 тонна сиғимли совуткичли омборхоналар қуриш режалаштирилган. Бу орқали туманда 12 минг 850 тонна узум, мева ва сабзавот маҳсулотларини сақлаш мумкин.
Бир сўз билан айтганда, узумчилик боғдорчиликнинг энг кўҳна тармоқларидан бири бўлиб, ҳозирда у кўпгина мамлакатларнинг халқ хўжалигида салмоқли ўринни эгаллайди. Мамлакатимизда узумчилик тармоғининг йилдан-йилга ривожланиб, ҳосилдорликнинг ошиб бораётгани шубҳасиз, юртимиз аҳолисининг ушбу маҳсулотга бўлган эҳтиёжини қондириш билан бирга, иқтисодиётимизни барқарор ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Энг муҳими, оилавий даромадга даромад қўшиб, аҳолининг турмуши яхшиланишига, ёшлар бандлигини таъминлашга хизмат қиляпти.
Ботирбек ТЎРАЗОДА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Аграр ва сув хўжалиги
масалалари қўмитаси аъзоси