Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси «Доут-ота» чегара божхона постига қўшни давлатдан кириб келган «DAF» русумли юк автотранспорт воситаси ўрнатилган тартибда кўздан кечирилди.

Натижада, автомашинада тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилмаган, автотранспорт воситаси юкхонасидаги юклар орасига хуфиёна тарзда яшириб қўйилган умумий қиймати 228 миллион сўмлик сифати кафолатланмаган дори воситалари, парфюмерия маҳсулотлари ва хўжалик товарлари борлиги аниқланди.

Шунингдек, Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда сифати кафолатланмаган товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш мақсадида тадбир ўтказишди.

Тадбир давомида, «Некция-2» русумли енгил автотранспорт воситаси тўхтатилиб, автомашина салони ва юкхонаси ўрнатилган тартибда кўздан кечирилди.

Натижада, автомашинада хорижда ишлаб чиқарилган, божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган ва сифати кафолатланмаган умумий қиймати 30,4 миллион сўмлик 1902 дона симобли термометр товарлари борлиги маълум бўлди.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси «Арқбулоқ» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан «Mersеdes Benz» русумли юк автотранспорт воситасига юкланган хўжалик моллари ва озиқ овқат маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилди.

Натижада, транспорт воситасида божхона юк декларацияси ва юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган, умумий қиймати 1 миллиард 15 миллион сўмлик 8 101 қутида 18 турдаги дори воситалари, 2 175 дона кийим-кечаклар, 11 тоннадан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари ва салкам 1 тоннага яқин полиэтилен қоплар борлиги аниқланди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб бориляпти, деб хабар беради Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.