Шу муносабат билан бугун Бобур Исмоиловни Божхона қўмитаси шахсий таркибига таништирув тадбири бўлиб ўтди.
Қўмита Раиси А.Мавлонов дастлаб ўтган йилнинг 26 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва кўп миллатли Халқимизга йўллаган Мурожаатномасида берилган вазифа ва топшириқларнинг божхона идораларидан ижросига эътибор қаратди.
Боиси, айни шу Мурожаатномада коррупцияга қарши курашиш тизимини янги босқичга олиб чиқиш зарурлиги алоҳида қайд этилган эди. Бунинг учун барча муҳим давлат идораларида, жумладан божхона тизимида ҳам бевосита комплаенс ва ички назоратга масъул бўлган ўринбосар лавозими жорий этилган эди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг иқтисодий очиқлиги ва ташқи савдо ҳажми кескин ўсиб бормоқда.
Рақамларга эътибор қаратсак, охирги беш йил ичида, республиканинг ташқи савдо айланмаси салкам 1,7 баробарга ошди, чегара божхона постлари орқали ҳаракатланган транспорт воситалари сони 2,3 баробарга кўпайди, йўловчилар оқими эса 3,7 баробарга ўсган.
Бундай улкан ҳажмдаги иш жараёнида инсон омилини камайтириш, божхона расмийлаштирувида шаффофликни таъминлаш ва ҳар қандай коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш — соҳа олдидаги энг долзарб масала бўлиб қолмоқда.
Бу эса янги тайинланган ўринбосарнинг ўз фаолиятида асосий эътиборни тизимда коррупциянинг олдини олиш, божхона ходимларининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишини назорат қилиш, тизимдаги хавф-хатарларни олдиндан таҳлил қилиш ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймасликка қаратиши зарурлигини тақозо этади.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Комплаенс хизмати раҳбари Э.Юлдашев иштирок этди.