Ёш авлод учун махсус бадиий адабиёт яратиш анъанаси жамият тараққиётининг муҳим маънавий эҳтиёжи тарзида реалликка айлангач, унинг мақсади ва вазифалари ойдинлаша борди. Бадиий адабиётнинг инсон руҳияти, ҳатто шахсияти шаклланиши ҳамда ривожланишидаги ўрни беқиёслиги болалар адабиётида ҳам яққол кўринди.

Асарларнинг таъсир кучи ёш қалбларда эзгулик, ватанпарварлик, бадиий-эстетик дидни шакллантириш, умуман, ҳаётга, бутун оламга ижобий ва ижодий муносабатни шакллантиришга хизмат қилади. Бугун таълим-тарбия бериш билан бирга ёш китобхонларда эстетик завқ уйғота оладиган, қайноқ ҳаёт манзарасини бутун борлиғича акс эттира билган чинакам бадиий асарлар ниҳоятда зарур. Шу маънода, болалар адабиёти мутолаасида ҳам ўқувчининг ёш хусусиятларигина эмас, асарнинг жанр ва мавзу мундарижаси, ифода услуби ва психологик тасвирдаги ўзига хосликларни тадқиқ қилиш тақозо этилаётир.

Адабиёт ва китобхонлик ибтидоси бўлган болалар адабиёти, унинг тарихий тадрижи ҳамда янги тамойилларини жаҳон болалар адабиёти билан қиёсий ўрганиш орқали жараённинг муҳим хусусиятларини ойдинлаштириш, ўзбек болалар адабиётининг бадиий жиҳатдан юксак намуналарига кенг эътибор қаратиш, янги аср кичкинтойларининг қизиқиши, руҳий олами, ижтимоий ҳаётга муносабати акс этган асарлар орқали ахлоқий-маърифий, ижтимоий-сиёсий тарбияни шакллантириш ҳар қачонгидан кўра долзарб.

Хўш, бу борада соҳада фаолият юритаётган ёшлар ва мутахассислар нима дейди? Уларнинг шу мавзудаги фикрлари билан қизиқдик.

Китоб болага насиҳат қилиши керак эмас!

Саъдулла ҚУРОНОВ, болалар ёзувчиси:

— Болалар адабиётини катталар адабиёти каби шеърий ҳамда насрий асарлар ташкил этиши ҳаммамизга маълум. Буни эслаб ўтганимнинг сабаби биздаги муаммолар, аниқроғи, бўшлиқлар фақат болалар учун аталган насрий асарларда деб ўйлайман. Боиси, болалар адабиётидаги шеъриятнинг рамзий силсиласи — ташувчи ғояси, мақсади, мероси ҳар давр руҳига хос тарзда янгиланиб, мослашиб келган.

Бир оз қўпол қилиб айтганда, бир авлод болалар шоири кексайиб, қўлига қалам оғирлик қилган пайтда бошқа бир забардаст шоир етишиб келишга улгурган. Болалар насри борасида эса бундай деб бўлмайди. Айрим омиллар буни тан олишга мажбур қилади. Масалан, болалар адабиётининг йирик намояндаси, халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг орамизда йўқлиги шу бўшлиқнинг кўламини яққол кўрсатиб берди. Бу адибдан сўнг бошқа ҳеч ким мутолаа завқини энди туя бошлаган бола учун ўз даврига мос ахлоқий тушунчаларни содда тилда тушунтириб беришдек мушкул вазифани тўлиқ уддалай олмади. Бу йўлда фақат турли тажрибалар гувоҳи бўлдик, холос.

Ўрта асрлардаги мумтоз шеъриятимиз бутун бошли адабиётимизда асосий улушга эга. (Бунга сабаб, эҳтимол, адабий генимизда шеърият кўпроқ сақланиб қолгани бўлса керак). Ғарбда эса айни шу паллаларда роман, драматургиянинг турфа шакллари ривож топди. Илк насрий уринишлар ҳосиласи бизда атиги бир ярим аср илгари кириб келгани учун ҳам ҳозир наср биз кутган даражага чиқмаётган бўлиш эҳтимоли бор.

Адабий мактаблар, устоз-шогирд анъаналари йўқолиб кетаётгани ҳам катта сабаблардан бири деб ўйлайман. Илгари таҳририятларда, газета-журналларда адабиёт дарғалари билан бирга ишлайдиган ёшлар табиий равишда истеъдодини шакллантириб, унга сайқал бериб борган. Жараён ортиқча шовқинсиз, уринишларсиз, устознинг умри мобайнида англаб етган фалсафаси ва шогирднинг иштиёқи эвазига қайнарди. Ҳозир бирор ҳаваскор қаламкаш қайсидир таҳририят эшигини қоқиб, маслаҳат сўраб келади дейсизми? Йўқ. Бор бўлса ҳам бармоқ билан санарли.

Бундан ташқари, биз ўз қаҳрамонимизни йўқотиб қўйдик. Топа олмадик, ярата олмадик эмас, айнан йўқотиб қўйдик. Эътибор бермадик. Натижада бугунги болаларнинг аксари Алпомиш, Кунтуғмиш, Равшанхон, Рустамхоннинг алпларга хос хатти-ҳаракатига ишонқирамай, бўрттирилган деб ўйлаб, аллақайси ҳашаротнинг қобилиятини ўзида мужассамлаштирган “супер” одамга ҳайрат кўзи билан боқмоқда. Шундай бўлиши табиий. Чунки биз ўз қаҳрамонларимизни замонга мослашга, рақамлаштиришга ҳаракат қилиб кўрмадик. Эътиборни эса “комикс”лар, “манга”лар илиб кетди. Бу билан комиксларни ёмонлашдан йироқман, уларнинг ҳам ўзига яраша вазифаси бор. Ўсмирлар дунёқараши, тасаввури шаклланишида, тан олайлик, бугун айнан шулар таъсир кўрсатди. Биз ҳам шундай оммалаштирсак бўларди демоқчиман. Бунинг учун бизда ҳаммаси бор эди: тугал ғоя, аниқ фалсафа, мукаммал сюжет чизиғи... Бу таклифни бирёқлама тушунмаслик керак. Бизга қаҳрамон керак, аммо бенуқсон, биз ҳаётда ҳеч қачон учратмайдиган сифатга эга, инсондан ҳам каттароқ мавжудот эмас, айнан ўзимизга ўхшаган, биз каби озгина маиший муаммоларга ўралашган, баъзи ҳолатларда хато қарор қабул қиладиган ва ундан хулоса чиқарадиган, кечирадиган, кечирим сўрайдиган, ўрганадиган, ўргатадиган, ўзлигидан, ўзбеклигидан уялмайдиган ҳақиқий қаҳрамон керак.

Бу воқеани олдин ҳам айтгандим. Адабий учрашувда бир аёл менга савол берганди: “Нега қаҳрамонларингиз тақдири бу қадар тўкис, нега зиғирча бўлса ҳам изтироб, айрилиқ йўқ? Ахир ҳаёт ундай эмас-ку?!”. Аёлнинг саволи мени довдиратиб қўйган. Жавобим йўқ эди. Шунчаки билмасдим, ростдан ўйлаб кўрмаган эдим.

Кейинроқ чет эл болалар ёзувчиларининг суҳбатини тингладим. Унда эри тўсатдан вафот этиб, уч фарзанди билан бева қолган ёзувчи аёл қисмати ҳақида сўз борди. Аёл ўзи ва фарзандларини тушкунликдан чиқариш учун отаси вафот этган қаҳрамон ҳаёти ҳақида асар ёзади. Кутилмаганда бу асар бестселлерга айланади.

Суҳбатни тингларканман, кўз олдимга ўша — менга савол берган аёл келди. Ҳойнаҳой унинг фарзандлари ҳам айрилиқ аламини тотиб кўрган. Менинг идеал турмуш ҳақидаги асарим эса уларнинг руҳиятига акс таъсир кўрсатгандир… Шу-шу болалар асарларининг мавзуси ҳақида кўп бош қотирадиган бўлдим. Ўйлаб қарасам, бизнинг болалар адабиёти ҳали ҳам у қадар ижтимоийлашмаган. Ҳамон эртак ва достонлардаги идеал тақдир ва қаҳрамонларнинг таъсири кучли. Ҳаётий, маиший муаммолар ҳақида ёзишга эса кўп ҳам уринмаймиз, гўё бу адабиёт эмас.

Адабиётни идеаллаштирганимиз сабаби биз, дейлик, пули йўқлиги учун тушлик қила олмайдиган ёки тилида нуқсони бор болаларнинг кечмиши ҳақида деярли ёзмаймиз. Биз учун адабиёт катта нарсалар, ғоялар ҳақида куйлаши зарур, тамом. Тўғри, шундай бўлиши лозим, аммо инсонийлик доим биринчи ўринда туради. Инсонпарварлик орқали шу ғоя сингдирилса, қандай гўзал!

Менимча, ўзбек болалар адабиёти трендга чиқа олмаслигининг асосий сабабларидан бири мавзуларнинг ҳаётий эмаслиги билан боғлиқ.

Ёш чегарасини ким белгилайди?

Дилнавоз НАЖИМОВА, болалар ёзувчиси:

— Кeсилаётган дарахтларни кўриб, арра кўтарганларга қарши оммавий курашиш самара бермайди. Аввало, жамият аҳлига дарахтнинг қиймати ҳақида маълумот бериш лозим. Яъни дарахт фақат соя ва кислород берувчи эмас, балки ер остидаги сувни сақлаб турувчи, зарарли газ ва чангларни ютувчи, руҳий қувват таратувчи, хуллас, инсон ҳаётини таъминловчи ўсимлик деб тақдим қилиш керак.

 Одамлар буни жамият даражасида англаб етса, дарахтлар кесилиши ўз-ўзидан тўхтайди. Менимча, китобхонликни ривожлантириш учун ҳам мутолаанинг аҳамияти ҳақида етарлича тасаввур бўлиши керак. Чунки кўпчилик китобга билим ва тарбия манбаи сифатидагина қарайди. Афсуски, бундай қараш ижодкорларда ҳам мавжуд. Бу ҳақда бир пайтлар каттакон мақола ёзилганди.

Бундай ғалати қарашнинг моҳияти шундаки, болалар учун ёзилган асарда, албатта, катта ҳикмат, тарбиявий ғоя бўлиши шарт. Мана шундай қараш туфайли биз 4-5 ёшли бола учун ҳам “ҳикматли” асарлар ёзиб, уларни мутолаадан бездирамиз. Йўқ, бола шунчаки ўқиб малака ошириши, матнни ҳис қилиши, ҳаракат ва маълумотлар кетма-кетлигини кузатиши учун ҳам содда асарлар ёзиш мумкин-ку!

Масалан, “Бек Лолага ручка берди, Лола ручкани Раънога, Раъно Лайлога, Лайло Барнога узатди. Шунда ручка кимда? (расм)” каби жуда содда матнлар биз учун маънисиздек, бадиий асар эмасдек туюлади. Сабаби 3-4 ёшли бола шу матн воситасида жуда муҳим бошқа кўникмаларни ўзлаштириши ҳақида тасаввурга эга эмасмиз. Аслида, шу шаклдаги расмли асарлар болаларда нарса ва ҳодисаларни таниш, тушуниш, матндаги маълумотларни англаш каби муҳим ҳаётий кўникмаларни шакллантиради. Тафаккурини чархлайди. Ишонинг, мутолаа орқали шаклланадиган таҳлилий, танқидий тафаккурни бошқа бирор фан бера олмайди.

Шундай экан, болалар адабиёти фақат равон ўқиш, бадиий асардан завқланиш ва ундан ҳикмат излашдан иборат эмаслигини англаб олишимиз шарт. Биз болалар китобхонлиги уларнинг келажаги учун худди сув ва ҳаводек ҳаётий зарурат эканини тушуниб етсак, ўзимиз билмаган ҳолда болалар адабиёти ривожига ҳам ҳисса қўша бошлаймиз.

Тўғри, давлат даражасидаги ислоҳотлар, дастурлар керак, аммо одамнинг ўзи ҳам истаса, ҳаммасини англаб ета олади. Баъзи нарсаларни, масалан, мутолаанинг кучини одам ёлғиз ҳис қилиши керак. Сўзнинг масъулияти, қувватини ўз руҳониятида акслантирса, одатий юмушларидан бирига айлантирсагина, чинакам китобхон жамиятга айланамиз.

Биз парвойимизга ҳам келтирмайдиган ҳолатлар йиғилиб-йиғилиб, ўзимизнинг устимизга гурзидек тушади. Ҳатто боласини китоб олишдан қайтарган оналарни ҳам кўрдим. Баъзи оилаларда ота-она умуман китоб ўқимайди. Болага шунчаки китоб бериб қўйиш наф бермайди, улар билан бирга ўқиш керак. Саҳна асарлари тарзида роль ижро қилиб бериб, ҳатто энг кўримсиз китобга ҳам болани қизиқтириш мумкин.

Ёшлигимда китоб дўконига кириб, пулим етмаган китобларни ўша ернинг ўзида ўқирдим. Уйимиздаги жавонда китоблар ёшимизга мослаб териб қўйиларди. Дадам қайси вилоятга борса, ўша ердан китоб олиб, телефонда китобдан парча ўқиб берарди. Сафардан қайтгунича интиқиб кутардим. Ҳозир ўзбеклар дунёга тарқалиб кетди. Нега энди ўша ердан китоб сотиб олиб, уйига жўнатмайди, нега жўнатган пулидан китоб олиб беришни айтмайди? Тўйга, уйга, машинага пул етади, лекин боланинг ўқиши учун ажратилмайди.

“Комикс”лар, “софтбук”лар каби замонавий кўринишдаги китоблар жуда зарур!

Шоҳрух УСМОНОВ, таржимон:

— Бугунги ўзбек болалар адабиётидаги оқсашлар умумий тизимга бориб тақалади. Бизда китоб ва ноширлик саноати ривожланаётгандек кўрингани билан, аслида, ҳамма бир йўлдан боряпти. Болаларбоп асарлар жуда кам босиляпти, чоп этилгани ҳам оммалашаётгани йўқ. Дейлик, охирги бир-икки йилда “Атом одатлар” китобини сотиб олмаган китобхон қолмади шекилли. Лекин болалар учун ёзилган қайси асар бир неча ўн минглаб ададда чоп этилиб, қайта-қайта сотилмоқда? Креатив иқтисодиётни ривожлантирадиган, айниқса, болалар китоблари учун PR ва маркетингни кучайтирадиган пайт келди.

Оддийгина ёш категорияси каби талабларга жавоб беришни ўрганишимиз зарур. Бозорларимизда ҳар бир ёш категориясига мос келадиган китоблар йўқ. Ахир 6 ёшли болага ҳам, 13 ёшли ўсмирга ҳам “Сариқ девни миниб”ни тутқазавермаймиз-ку. Масалан, 3 ёшгача болалар учун китобдаги сўз 100 тадан ошмаслиги шарт. Баъзан китоб матн эмас, суратлардан иборат бўлиши ҳам мумкин. 3-8 ёшлилар учун 250-1000 та сўздан ошмаган асар талаб этилади. Бунда ҳам матндан кўра сурат “сўзлаши”га кўпроқ урғу қаратилади. 5-9 ёшдагилар “илк китобхон” саналиб, уларга аталгани 1500-2000 та сўз, 6-10 ёш учун 8,5-12 мингта сўз бўлиши керак. 8-12 ёш орасидагиларга 25-50 мингта сўздан иборат асар ёзилади одатда. Ғиж-ғиж матн билан болани китобга қизиқтириб бўлмайди. Бизда ёш категориялари қайси мезонлар асосида белгиланади? Ҳозирча муаллиф ёки муҳаррирнинг шахсий қаричидан бошқа мезон йўқ.

Аслида, буларни белгилаш учун тилшунослар тадқиқот ўтказиши, гап ва матн қурилишининг мураккаблигини, сўз маъноларини тушуниш даражасини турли ёшдаги болаларда тажрибадан ўтказиши керак. Хорижда буларнинг барчаси ишлаб чиқилган. Сўнгги вақтларда замонавий ўзбек тилшунослари орасида ҳам бу борада дастлабки тадқиқотлар ўтказилди, бироқ бу жуда-жуда оз. Хуллас, шундай тадқиқот натижалари асосида махсус дастур яратилади. Матн шу дастурга жойланганда унинг ўқишлилик даражаси, ёш категориясига доир таҳлиллар чиқиб келади.

Жанубий Кореяда яшаб, ижод қилаётган Динара Мўминова деган болалар ёзувчиси бор. Кичик ёшдаги болалар учун расмли китоблар тайёрлади, 3-5 ёшли болалар учун биринчи бўлиб китоблар ёзди. Яқин йилларда Эркин Маликнинг “Чумолилар мамлакати” китоби, Қобилжон Шерматовнинг “Бобомнинг ошқозонидаги мамлакат” китоби чиқди. Саъдулла Қуронов илмий фантастика жанрида ёзади. Чунки ўзбек адабиётида мазкур йўналиш оқсаяпти. Илмий фантастикада воқеалар илм-фан билан асосланади. Болалар фан ҳақида билимга ҳам эга бўлади. Ҳаммаси учун қувонсак арзийди, бироқ булар етарли эмас. Тушунишимиз шарт, 20-30 йилдан кейин қанақа авлод шаклланиши бугунги болалар адабиётининг аҳволига боғлиқ. Сифатли китобларни ўқиб улғайган бола эртага, ҳеч шубҳасиз, зиёли қатламнинг вакили, таъбир жоиз бўлса, пешқадами бўлиб етишади. Буни инкор этиш имконсиз.

Негадир биз ҳар қандай янгиликка хавфсираб қараймиз. Бир замонлар оддийгина “селфи”ни ҳам хавфли деб жар солганмиз. Аммо китобдан, адабиётдан бирор хавф кутиш бир оз кулгили. “Комикс”лар, “манга”лар, “софтбук”лар, поп-ап, AR ва ҳоказо замонавий кўринишдаги китоблар бугун жуда зарур. Бола китобни ҳам ўқиб, ҳам ўйнаб, ҳам томоша қилиб завқ олганига нима етсин!

Болалар адабиётини ривожлантириш учун ҳар ким ҳар хил ечим таклиф қилади. Мен таржимонман, шундан келиб чиққан ҳолда айта оламанки, жаҳон болалар адабиёти дурдоналарини пайсалга солмасдан таржима қилиш шарт. Масалан, бизнинг болалар ҳам Роалд Даль, Астрид Линдгрен, Туве Янссон, Доктор Сюс, Мишель Морпурго, Давид Уол­ямс, Арнольд Лобел каби дунё тан олган адибларнинг бир-биридан гўзал асарларидан баҳраманд бўлиши керак. Бунинг учун болалар адабиёти оммалашуви йўлида енг шимаришга тайёр таржимон, муҳаррир ва ноширларга ҳар доимгидан ҳам кўпроқ эҳтиёж сезамиз.

Ўзбек болаларига “Сариқ девни миниб”, “Ширин қовунлар мамлакати”, “Даҳшатли Мешполвон”, “Оловжон ва унинг дўстлари” ва халқ оғзаки ижоди намуналари билан бирга бугунги кун воқелигига мос замонавий асарлар керак. Майли, болангиз турли онлайн манбаларга, редбукларга ҳам, китобга ҳам бирдек меҳр қўйиб улғайсин, иккисига ҳам беэътибор бўлгандан шуниси хайрлироқ-ку, тўғрими?

Азизбек ЮСУПОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири