Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида “Инсон қадри учун — 100 та мақсад” белгиланган. Улар орасида адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантиришга оид вазифалар алоҳида ўрин тутади. Стратегиядаги 39-мақсад “Мактабгача таълим тизимида таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш” деб номланади.

2016–2017 ўқув йилида боғчаларга қамраб олиш даражаси паст бўлган ҳудудларда болаларни мактабга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда мамлакатимиз бўйича 936 та қисқа муддатли гуруҳ тузилиб, 6 ёшли ўғил­қизлар махсус дастур асосида тайёрланган.

Шунингдек, мактабгача таълим ташкилотларига муқобил гуруҳлар, яъни “Саводхонлик” марказлари, қўшимча таълим, мактаб қошида қисқа муддатли тўгараклар ташкил этилган. Мамлакатимиздаги мактабгача таълим ташкилотлари қошида 1 минг 775 та қисқа муддатли, 3 минг 188 та мактаб қошида эса саводхонлик гуруҳлари фаолият кўрсатиб, уларга олти ёшли 69 минг 877 нафар бола жалб қилинган.

2016 йил сентябрь ойидан мамлакатимизнинг ўн учта ҳудудида (Тошкент шаҳридан ташқари) мактабгача таълим ташкилотларидаги бўш гуруҳлар ҳисобидан 1 минг 620 та қисқа муддатли гуруҳ ташкил этилган. Уларда педагогика коллежлари битирувчиларининг фаолият юритиши таъминлангани ҳам ўзига хос амалий қадам бўлди.

Умумтаълим муассасаларида ташкил этилган мактабга тайёрлов машғулотлари дастлабки ойда, асосан, қўл ҳаракати (моторикаси)ни ривожлантиришга қаратилган. Бунда болалар ручкани ушлаш, таёқчалар чизиш ҳамда ҳарф элементларини ёзишга ўргатилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 8 декабрдаги “Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлашга босқичма­босқич ўтиш чора­тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, 2018–2019 ўқув йилида Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида, Фарғона вилоятининг Фурқат тумани ва Қувасой шаҳрида ҳамда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Миробод, Бектемир, Учтепа, Яшнобод, Чилонзор, Юнусобод ва Шайхонтоҳур туманларида болаларни бошланғич таълимга бепул мажбурий бир йиллик тайёрлаш тизими тажриба тариқасида синовдан муваффақиятли ўтказилди. Жараёнда мазкур ҳудудларда ташкил этилган 494 та гуруҳда 11 минг 103 нафар бола қатнашди. 

Мамлакатдаги барча болаларнинг бир хил бошланғич таълим олиш имкониятини таъминлаш учун ҳар бир ўғил­қизнинг мактабга қабул қилинишдан бир йил олдин тайёргарликдан ўтиш ҳуқуқи “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонунда кафолатланган.

Болаларни бошланғич таълимга тайёрлаш бўйича ижобий тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам ёйиш, мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, соғлом, фаол, баркамол болаларни тарбиялаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш чора­тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан 2020–2025 йилларда болаларни мажбурий мактабгача таълим билан қамраб олишнинг мақсадли кўрсаткичлари, болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлов гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш тартиби, ушбу гуруҳларни моддий­техник воситалар ва таълим­дидактик материаллар билан таъминлаш меъёрлари, бошланғич таълимга тайёрловдан ўтганлик тўғрисида сертификат бериш тартиби ҳақидаги низомлар тасдиқланди.

Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини модернизация қилиш ва жадал ривожлантиришнинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган миллий стратегиясини 2022–2023 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрловдан ўтганлик тўғрисида сертификат бериш тартиб­таомилларини тўлиқ рақамлаштириш белгиланган.

Бунда давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари томонидан ҳамда улардан ташқари ташкил этилган тайёрлов гуруҳларида бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтган болалар ҳақидаги маълумотлар Халқ таълими вазирлигининг ахборот тизимига автоматик юборилишини йўлга қўйиш, шунингдек, сертификатларни бланкда бериш, махсус ахборот тизимлари орқали QR­код қўйилган ҳолда ота­онага электрон шаклда хабар юбориш ҳамда унинг дубликатини бериш амалиётини бекор қилиш назарда тутилган.

Энди болалар мактабга чиқишдан олдин бир йиллик мажбурий бепул мактабга тайёрловдан ўтказилмоқда. Айни пайтга келиб ушбу гуруҳларга қамраб олинган 6 ёшли болалар 589 минг нафар (84 фоиз)га етди. Мактабгача таълим вазирлиги томонидан шу йил якунига қадар буни 90 фоизга етказиш, яъни 2022–2023 ўқув йилида 1 минг 535 нафар болани қамраб оладиган шундай  гуруҳлар  очиш режалаштирилган.

Олти ёшли боланинг таълим жараёнига руҳан тайёрлиги ҳақида гапирганда кўпинча муайян режа асосида, тартибли, кўп қиррали мақсадга йўналтирилган, ўзаро мантиқий боғлиқ, изчил бошланғич таълимга замин вазифасини ўтовчи психик ривожланиш даражасини назарда тутамиз. Бундан ташқари, боланинг яшаш шароити, сиҳат­саломатлиги, оддий кўникмаларни ўзлаштириши каби омилларни ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ.

2016–2018 йилларда болаларни мактабга тайёрлашда ташкил этилган қисқа муддатли гуруҳлар, “Саводхонлик марказлари” учун “ Билимдон” дастури ҳамда “Болажон” таянч ўқув дастуридан фойдаланилган. Ушбу дастурлар “Мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйил адиган давлат талаблари” ва унинг 4 та асосий йуналиши бўйи ча ишлаб чиқилган. Барча педагоглар шу дастур асосида фаолият олиб борган.

Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилганидан сўнг Жанубий Корея, Финляндия, Швейцария, Буюк Британия каби давлатлар тажрибаси ҳамда илк ва мактабгача ёшдаги болаларнинг ривожланишига қўйиладиган давлат талаблари асосида болаларнинг шахсини ривожлантиришга қаратилган “Илк қадам” давлат ўқув дастури ишлаб чиқилди.

Мазкур соҳада фаолият олиб бораётган ҳар бир педагог ижодий ёндашган ҳолда ҳудуднинг ижтимоий муҳити, болаларнинг қизиқиши ва хоҳишидан келиб чиқиб, ушбу дастурга 20 фоиз ўзгартириш киритиши мумкин. Бу эса педагогларни ижодкорликка, ўз устида ишлаш, изланиш ва янгилик яратишга ундайди.

Мактабгача таълим ташкилотларида ўқув­-тарбия жараёни машғулотлари нутқ ўстириш, саводхонликка ўргатиш, элементар математика, мусиқа, жисмоний тарбия бўйича умумий гуруҳларда олиб борилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонуни ҳам Жанубий Корея, Буюк Британия, Россия каби давлатларнинг мактабгача таълим соҳасидаги тажрибасини ўрганиш асосида ишлаб чиқилган. Унда мактабгача таълим ёшидаги болаларни ўқитиш ва тарбиялаш, умумий ўрта таълимга тайёрлаш, уларнинг интеллектуал, маънавий­ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожланишига доир вазифалар белгиланган.

“Мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандарти” тасдиқлангани соҳа вакиллари учун яна бир муҳим янгилик бўлди. Сабаби ушбу ҳужжат орқали мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари олиб борадиган ўқув­-тарбия жараёнидан тортиб, гуруҳларни жиҳозлаш, бунда муайян ёшдаги гуруҳларга алоҳида эътибор бериш, кун тартиби ва таълим жараёнини ташкил этишдаги ҳафталик юкламалар белгилаб берилди.

Болани мактабга тайёрлаш мураккаб жараён. Чунки кичкинтойнинг биринчи синфга тайёр ҳолда бориши нафақат устозлар, балки ота­-оналар, оиланинг катталари зиммасидаги энг масъулиятли вазифадир. Бир сўз билан айтганда, эртамиз эгаларининг билим ва тафаккури Ватанимиз равнақини белгилайди.

 Норой СОАТОВА,

Мактабгача таълим вазирлигининг

мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини

мувофиқлаштириш ва стратегик ривожлантириш

бўлими бош мутахассиси