Болалар гижжани қандай юқтириб олади? Қандай белгилар касалликдан дарак беради? Қандай ҳолатда шифокорга мурожаат қилиш керак? Гижжадан ҳимояланиш учун нималарга эътибор бериш лозим? Болалар ўртасида тез-тез учрайдиган гельминтоз касаллиги, унинг белгилари ва олдини олиш чоралари ҳақида кўпчиликни қизиқтираётган шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида Санэпидқўмита масъул мутахассисларини саволга тутдик.

Гельминтоз қандай касаллик?

Гельминтоз — паразит қуртлар, яъни гельминтлар келтириб чиқарадиган касаллик бўлиб, айниқса болалар ўртасида кенг тарқалган.

Мутахассислар таъкидлашича, бу паразитлар инсон организмида яшаб, унинг соғлиғига жиддий зарар етказади. Улар организмда озуқа моддаларини “тортиб олиши”, иммунитетни пасайтириши ва боланинг жисмоний ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Айрим ҳолатларда гельминтоз болаларнинг дарсларни ўзлаштиришига ҳам таъсир қилиб, диққат сусайиши, тез чарчаш ва уйқусизликка сабаб бўлади. Шу боис мутахассислар ота-оналарни фарзанд саломатлигига бефарқ бўлмасликка чақирмоқда.

Болалар гижжани қандай юқтириб олади?

Мутахассислар фикрига кўра, болалар ушбу касалликни асосан ифлос қўллар орқали юқтириб олади. Шунингдек, ювилмаган сабзавот ва мевалар, кўкатлар, очиқ сув ҳавзаларида чўмилиш ёки қайнатилмаган сувни истеъмол қилиш ҳам касаллик манбаси бўлиши мумкин. Айрим ҳолатларда эса гижжа тухумлари ҳаво ва чанг орқали ҳам юқиши эҳтимоли мавжуд.

Бундан ташқари, болаларнинг кўчада ёки қумлоқ жойларда ўйнаши, ҳайвонлар билан мулоқотдан кейин қўлни ювмаслиги ҳам хавфни оширади. Айниқса, боғча ва мактаб ёшидаги болаларда шахсий гигиена қоидаларига тўлиқ амал қилинмаслиги сабабли ушбу касаллик тез тарқалиши мумкин.

Қандай белгиларга эътибор бериш керак?

Агар фарзандингизда доимий чарчоқ ва ҳолсизлик, асабийликнинг кучайиши, аллергик тошмалар, иштаҳанинг пасайиши ёки аксинча, доимий очлик ҳисси кузатилса, бу гельминтоз касаллигининг белгиси бўлиши мумкин. Шунингдек, қорин оғриғи, қорин дам бўлиши, овқат ҳазм қилиш билан боғлиқ муаммолар, таъмни яхши сезмаслик, тана ҳароратининг сабабсиз кўтарилиши, танада турли доғлар пайдо бўлиши ҳамда бўғим ва мушаклардаги оғриқлар ҳам ушбу касалликдан дарак бериши эҳтимолдан холи эмас.

Мутахассисларнинг айтишича, баъзи болаларда кечаси безовталик, тиш ғичирлатиш, тез-тез уйғониб кетиш ҳолатлари ҳам кузатилиши мумкин. Бундай белгиларни оддий ҳолат деб қабул қилмаслик ва вақтида шифокорга мурожаат қилиш лозимлиги таъкидланмоқда.

Қандай ҳолатда шифокорга мурожаат қилиш керак?

Агар юқоридаги белгилар бир неча кун давомида кузатилса ёки боланинг аҳволи кун сайин оғирлашаётган бўлса, албатта тиббий текширувдан ўтиш зарур. Мутахассислар ўзбошимчалик билан дори қабул қилиш касалликни янада мураккаблаштириши мумкинлигини айтмоқда.

Шифокорлар зарур таҳлиллар орқали касаллик турини аниқлаб, болага мос даволаш усулини белгилайди. Ҳар бир организм турлича бўлгани учун дори воситаларини фақат мутахассис тавсияси билан қабул қилиш керак.

Гижжадан қандай ҳимояланиш мумкин?

Касалликнинг олдини олиш учун энг аввало шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш лозим. Жумладан, овқатланишдан олдин ва кўчадан келгач қўлларни совунлаб ювиш, тупроқ ёки ҳайвонлар билан ўйнагандан кейин қўлни тозалаш, фақат яхши пиширилган гўшт маҳсулотларини истеъмол қилиш, қайнатилмаган сув ичмаслик, болалар ўйинчоқлари ва хона жиҳозларини мунтазам тозалаш, чойшаб ва ички кийимларни доимо тоза сақлаш ҳамда дазмоллаш тавсия этилади.

Мутахассислар, шунингдек, фарзандларни ёшлигиданоқ шахсий гигиенага ўргатиш жуда муҳим эканини таъкидламоқда. Чунки оддий гигиена қоидаларига амал қилиш орқали кўплаб касалликларнинг олдини олиш мумкин.

Яна бир муҳим жиҳат: фарзандингизга ўзбошимчалик билан антигельминт дори воситаларини берманг. Албатта шифокор тавсияси асосида даволаниш лозим.

Зулхумор Акбарова суҳбатлашди