COVID-19дан тузалган баъзи одамларда узоқ муддатли асоратлар кузатилиши маълум. Қайта тикланганидан кейин бир неча ҳафта ёки ҳатто ойлар давомида улар чарчоқ, нафас қисилиши, уйқу, хотира ва диққатни жамлаш билан боғлиқ муаммоларда давом этади.
Немис олимлари Германиядаги бир қатор тиббий суғурта компанияларининг 2019-йил январидан 2020-йилнинг декабригача бўлган даврдаги стандарт тиббий маълумотларини ягона маълумотлар базасига бирлаштирди. Жами 38 миллион киши ҳақида маълумотлар қайта ишланди, бу мамлакат аҳолисининг 45 фоизини ташкил қилади. Улардан 2020-йил 30-июнга қадар COVID-19 ташхиси қўйилган 157 минг киши — 145 184 нафар катталар ва 11 950 нафари 17 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар танлаб олинди. Иккала гуруҳда ҳам ташхисдан кейин уч ой давомида шикоятлар давом этгани аниқланди.
Тиббий статистика маълумотларига кўра, катталарда COVID-19 билан касалланиш болалар ва ўсмирларга қараганда 162 фоизга кўп бўлишига қарамай белгилар орасидаги фарқ унчалик катта эмас.
Катталарда аломатлар биринчи навбатда нафас етишмовчилиги, соч тўкилиши, умумий кайфият ёмонлиги, таъм билиш сезгисининг йўқолиши ва бош оғриғи сифатида намоён бўлган бўлса, болаларда доимий чарчоқ, безовталик ва тушкунлик, бош ва қорин оғриғи кўпроқ кузатилди.
Таъкидланишича, катталар билан солиштирганда касалликни енгил ва аломатсиз ўтказган болаларда руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммолар кўпроқ юзага келган. Бу эса шифокор ва психологлар учун коронавирус инфекциясига чалинган болалар билан ишлаш бўйича махсус тавсиялар ишлаб чиқиш зарурлигини кўрсатади.
“Бизнинг натижаларимиз профилактика чоралари зарурлиги, шунингдек, болалар ва ўсмирлар учун эмлашнинг хавф-хатарлари ва фойдали жиҳатлари ҳақидаги сўнгги муҳокамаларга қўшимча маълумот беради”, деб ёзади мақола муаллифлари.