Қонунга кўра, таълим муассасаларида тарбия ва таълим жараёнида вояга етмаганларга нисбатан жисмоний зўравонлик қўллаган ёки уларни таҳқирлаган шахслар учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Шунингдек, педагогик фаолият давомида вояга етмаганларга нисбатан жисмоний ёки руҳий зўравонлик содир этгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахслар бир йил давомида мактабгача таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғуллана олмайди.

Ҳужжат билан давлат ёки нодавлат муассасасининг тўлиқ таъминотида бўлган бола учун ота ёки онани алимент тўлашдан озод қилишга йўл қўйилмаслиги ҳам белгиланмоқда.

Бундан ташқари, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оила тарбиясига фақат уларнинг қариндошларига бериш тартиби жорий этилмоқда.

Сенаторлар ушбу қонун болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилиш, таълим муассасаларида уларнинг қадр-қиммати ва дахлсизлигини таъминлаш бўйича ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.