Бу Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган қўшимчаларда белгиланган.

Қонун лойиҳасига кўра, болаларни ташиш қоидаларини бузган ҳайдовчилар транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида жаримага тортилади.

Агар ушбу ҳуқуқбузарлик транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки бундай ҳуқуқдан маҳрум этилган шахс томонидан содир этилса, БҲМнинг 50 баравари миқдорида жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, болаларни ташишни ташкил этиш қоидаларини бузганлик учун ҳам БҲМнинг 30 баравари миқдорида жарима жорий этилади. Агар мазкур ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такроран содир этилса, жарима миқдори БҲМнинг 50 бараваригача оширилади.

Қонун лойиҳаси муаллифларига кўра, кейинги йилларда мамлакатда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилган бўлса-да, болаларни ташиш қоидаларига тўлиқ риоя этилмаётгани сабабли йўл-транспорт ҳодисаларидан жабрланаётганлар орасида болалар улуши юқорилигича қолмоқда.

Ҳужжатнинг қабул қилиниши болаларни ташиш билан боғлиқ қоидабузарликлар учун аниқ жавобгарлик чораларини белгилаш, профилактик таъсирни кучайтириш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланган.

Қонун расмий эълон қилинган кундан уч ой ўтгач кучга кириши назарда тутилган.