Юртимизда мактабгача таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилган ушбу мослашувчан рақамли ўқув платформаси педагоглар ва ота-оналарнинг таълим-тарбия борасида мунтазам фаоллигини ошириш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор тажрибаларни ўртоқлашиш ва энг муҳими, таълим сифатини яхшилаш мақсадини ўзида мужассам этган.

Мазкур платформа мактабгача таълим педагогларини малака ошириш курслари, машғулотлар режалари, қўшимча ўқиш учун материаллар, рақамли таълим ва тарбия ресурслари билан таъминлайди. Барчаси “Илк қадам” мактабгача таълим давлат ўқув дастури ва Ўзбекистон Республикасининг илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талаблари асосида ишлаб чиқилган.

— Боланинг 5 ёшга қадар эгаллаган билими бутун умри давомида оладиган таълим-тарбияси учун мустаҳкам пойдевор бўлади. Бунинг учун тарбияловчи ва рағбатлантирувчи муҳит яратилиши, бу орқали болалар ўқиб ўрганиши, ривожланиши ва ютуқларга эриша олиши зарур, — дейди мактабгача таълим вазири Aгриппина Шин. — Ушбу муҳим давр ҳаётда фақат бир марта келади. Шу боис, у мактабгача ёшдаги миллионлаб болаларнинг келгуси ривожланиши учун жуда муҳим. Уларнинг бутун умри давомида эришадиган натижаси, молиявий таъминланганлик даражаси айнан шу вақтда бериладиган ёрдамга боғлиқ.

Боланинг мустақил фикрлаш лаёқатини шакллантириш, қобилиятини рўёбга чиқариш ҳамда билим олишга интилишини қўллаб-қувватлашда инновацион ёндашувларнинг аҳамияти катта. Шу маънода, мазкур технологик инновацион ғоя мамлакатимиз бўйлаб мактабгача ёшдаги болаларга боғчаларга бориши ёки бормаслигидан қатъи назар, юқори сифатли ўқув ресурсларидан фойдаланиш имконини беради.

Маълумотлар фойдаланиш учун қулай шаклда жойлаштирилган бўлиб, керакли манбани тез топиш мумкин ва янги ишланмалар доим қўшилиб боради. “Болалик академияси” уйда таълим бериш учун ҳам беқиёс кўмакчи. У оддий машғулотлар учун кутубхона ва ота-оналар учун тавсиялар, биргаликда ўйналадиган ўйинлар бўйича кўрсатмаларни ўз ичига олади. Бундай ўйинлар ота-оналар ва болаларнинг ўзаро муносабатини ривожлантиради.

Педагоглар болалар ҳаётига энг кўп таъсир кўрсатадиган мутахассислардир. Улар малака ошириш курсларида ўқиб, янги билим ва кўникмаларни эгаллаши ҳамда ўз фаолиятида қўллаши мумкин. Тарбиячилар замонавий ва илғор таълим амалиётидан фойдаланганда болалар жисмоний, ҳиссий ва таълимий жиҳатдан ўсишга эришади. “Болалик академияси” педагогларимизнинг шахсий ва касбий ривожланиши учун катта қулайликлар тақдим этади.

“Болалик академияси” болалар фойдаланиши учун ҳам қулай. Улар саводхонлик, ҳисоблаш ва ижтимоий-ҳиссий кўникмаларни ривожлантирувчи ўйинларни ўйнаши, она тилимиздаги электрон китобларни ўқиши мумкин. Бундан ташқари, ўқув-кўнгилочар видеоларни томоша қилиш ва ёшга мос кутубхонадан фойдаланиш имконияти ҳам мавжуд.

Платформадаги ўқув материаллари илғор тажриба асосида яратилган ва ишончли. У текширилмаган манбалардан маълумот қидиришга эҳтиёж қолдирмайди. Ушбу платформани бошқа тизимлар ва малака ошириш институтига интеграция қилиш кўзда тутилган. Бу педагогларнинг касбий билимини мунтазам ривожлантириб боришига хизмат қилади. “Болалик академияси” платформаси таълим сифати бўйича “ўсиш нуқтаси” бўлиши шубҳасиз.

Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида болаларга мактабгача таълим муассасасида таълим-тарбия беришнинг ноёб муқобил усулларини излаш ва амалиётда жорий этиш муҳим аҳамиятга эга эканига алоҳида урғу берилган. Бугун мактабгача таълим тизимига инновацияларни, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга ҳар қачонгидан катта эътибор қаратилмоқда. Зеро, мактабгача таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёни қанчалик юқори савияда ташкил этилса, боланинг интеллектуал салоҳияти шунчалик юқори шаклланади. Шу нуқтаи назардан жорий этилаётган янги платформа таълим сифати ва мазмунига самарали таъсир кўрсатиши билан аҳамиятлидир.

Мингдан ортиқ ўқув ва тарбия материаллари, юздан ортиқ видеороликлар ўзбек тилида, рақамлаштирилган ҳолда жойлаштирилган ушбу платформани ишга тушириш орқали юртимиз бўйича 20 мингга яқин педагогни қамраб олиш, 1,5 миллионга яқин боланинг ўқиш ва ривожланиш натижасини яхшилаш кўзда тутилган.

Рисолат Мадиева,

“Янги Ўзбекистон” мухбири