Бу – қўшни давлатлар билан дўстлик алоқалари мустаҳкамлангани, чегаралар очилгани ва фуқаролик ислоҳотлари билан боғлиқ қутлуғ ҳодиса сифатида янги тарихимизга зеб бериб турибди.

Бундан олти йил олдинги вазият қандай эди? Минг йиллар давомида ўзаро қардошлик муносабатларини йўлга қўйиб келган, анъанавий тарзда борди-келди алоқалари асосида яшаган қардошларимиз – Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон давлатлари билан чегараларимиз берк эди.

Фарзандлар ота-онасини кўришга, ота-оналар ўз фарзанди дийдорига тўйишга зор эди. Тўй-маъракани чегаранинг икки томонида йиғлаб кузатишдан бошқа илож йўқ бўлган замонлар бўлдию Бундай ҳолатни кўришнинг ўзи азоб. Афсуски, ана шундай вазиятни барча қўшни давлатлар чегараларида ҳам кўриш мумкин эди. Қанчадан-қанча ватандошларимизнинг юрак-бағри эзилиб кетди.

Бугун вазият тамомила ўзгача. Бу сунъий равишда қўйилган ва қўшни давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашишига салбий таъсир кўрсатган барча тўсиқлар олиб ташланди.

Шунинг учун ҳам Марказий Осиё давлатлари Ўзбекистон раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббусни қўллаб-қувватлади. Мисол учун, 2017 йил Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаралар очила бошлади. 2019 йилга келиб, Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасидаги 17 та назорат-ўтказиш пунктлари фаолияти қайта тикланди. Худди шундай ишлар бошқа қўшни давлатлар билан чегараларда ҳам амалга оширилди.

 

 

Бу дунёда инсон хоҳлаган жойини  макон қилиб  Ватаним деб яшаши мумкин. Бироқ қўлида фуқаролик паспорти бўлмаса, ўша яшаган ерида ўзини бегонадай, беҳаловат, беқарор ва бесаранжом ҳис қилаверади. Мамлакатимизда, Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш неча ўн йиллар давомида ўз ечимини кутган энг оғриқли муаммолардан бири бўлиб келган.

Аммо, давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати туфайли сўнгги йилларда юртимизда кечаётган янгиланишлар, инсон қадр-қиммати, шаъни ва манфаатига хизмат қилаётганига амин бўламиз. Келинг, узоқ йиллар Ватан ичида ўксик кўнгил билан ҳаёт кечирган одамларнинг аянчили қисматига бир назар солайлик, мунгли, дардли, азобли кечмишларини эшитиб кўрайлик. Балки, шунда, ўз юртингнинг тўла ҳуқуқли фуқароси бўлишдек катта бахтнинг қадрига бир оз етармидик...

Фуқаролик паспортини қўлига олган инсонлар билан суҳбатлашар эканмиз, уларнинг жуда кўпчилиги кўзларига ёш олиб, йиллар давомида юрагини кемирган, қалбини яралаган етиб бўлмас армон, ушалмас орзу бўлган даврларини ўкинч билан эслайдилар.

20-30 йиллаб Ўзбекистонда яшаб, оилали, бола-чақали бўлганлар  паспорти йўқлиги боис, яшаб турган уйининг асл ҳужжатига эгалик  қила олмади. Бир осмон остида, бир ер устида ўз оиласи даврасида бахтиёр яшаган-у, аммо бир парча қоғоз туфайли бахти кемтик, қалби шикаста бўлган. Тўғри-да шахсингни тасдиқлайдиган ҳужжатинг бўлмаса аслида ҳеч кимсан...

Сўнгги йиллардаги ислоҳотар туфайлигина армонга айланаёзган  орзулар рўёга чиқа бошлада. Давлат раҳбари, Президентлик фаолиятининг илк паллаларидан бошлаб одамларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал қилишга киришди. Жамиятимизда кечаётган тарихий эврилишлар туфайли минглаб оилаларга  фуқаролик бахти насиб этди.

 1991 йилдан 2007 йилга қадар мамлакатимизда жами 482 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган бўлса, 2007 йилдан 2016 йилнинг декабрь ойига қадар  умуман  фуқаролик берилмаган.

Эҳе, Ўзбекистон фуқаролигини оламан, деб неча минглаб одамлар неча  ўн йилларини  беҳаловат, бесамар ва беиз ўтказди. 20-30 йиллаб ўз оиласида тинч ва тотув яшаган оилаларнинг, фуқаролиги йўқлиги сабаб, хонадонида хотиржамлик, уйқусида ҳаловат, еган таомида таъм йўқдай  тушкун кайфиятда яшашди. Фарзандлари вояга етгач эса, бир дарди икки бўлди. “Болаларим Ўзбекистонда туғилган-ку, шу юртнинг бир бўлаги, дилбанди-ку”, дея  изиллаб йиғлаган  оналарга мутасаддиларнинг эшиклари  очилмади.

 

Ёзган аризалари қабулхонадаги кераксиз челакларда қолиб кетди.  Йиллар давомида фарзандларининг келажагидан хавотир олиб, уларнинг эртаси нима бўлади, деган минг бир ҳадик ва минг бир хавотир билан яшаганлар. Энг ачинарлиси ярим умрини фуқаролик ҳужжатини олиш учун, ҳужжатлар тўплаш, елиб-югуриш ва кутиш билан ўтказган.

Ва ниҳоят, Президентимизнинг халқпарвар сиёсати туфайлигина паспорт машмашасига нуқта қўйилди. Халқ билан мулоқот, одамларни рози қилиш янги Ўзбекистон сиёсатининг фалсафасига айланди. Инсон қадрини улуғлашдек буюк мақсадга қаратилган ислоҳотлар сабаб минглаб юртдошларимиз ҳаётида ёруғлик шуъласи  алангаланди.

 

Маълумот учун:

Фақатгина 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролиги бериб бошланди. Биргина 2021 йилнинг ўзида Президент фармони билан,  56 минг 751 нафар, 2022 йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида эса, 295 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди. 2016 йил декабрь ойидан то бугунга қадар Президент фармонларига асосан фуқаролиги бўлмаган 23 минг 310 нафар шахсга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилди. Янгиланган "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги қонунга мувофиқ, мамлакатимизда камида 15 йил давомида яшаб турган ва доимий яшаш жойида рўйхатдан ўтган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан-тўғри фуқаролик берилишининг янги тартиби ўрнатилди

Факт ва рақамлар:

2016 йилда – 179 нафар;

2017 йилда – 1 минг 64 нафар;

2018 йилда – 2 минг 760 нафар;

2019 йилда – 6 минг 318 нафар;

2020 йилда – 8 минг 127 нафар;

2021 йилда – 4 минг 567 нафар;

2022 йилда – 295;