Мурожаатчи М.Д.нинг сўзларига кўра, 2022 йил 6 июнда Тошкент вилояти Нурафшон шаҳри хотин-қизлар бўлимида хотин-қизлар фаоли лавозимига ишга қабул қилинган. Лекин иш берувчи билан меҳнат шартномаси тузилмаган. Ишга қабул қилингани тўғрисидаги буйруқ нусхаси ҳам берилмаган.
Зарур шароитлар яратиб берилмаганига қарамасдан, М.Д. хизмат вазифасини бажариб келган. Уч ойдан сўнг эса сиртқи таълимда ўқиши ва орада бетоб бўлиб қолгани сабабли синов муддатидан ўта олмаганлик важи билан бўшатиб юборилган. Унинг боқувчиси йўқлиги ва вояга етмаган фарзандлари борлиги ҳам инобатга олинмаган.
Ваҳоланки Меҳнат кодексининг 84-моддасига мувофиқ, дастлабки синовни ўташ ҳақида меҳнат шартномасида шартлашилган бўлиши лозим. Бундай шартлашув бўлмаган тақдирда ходим дастлабки синовсиз ишга қабул қилинган деб ҳисобланиши белгиланган.
Фуқаро М.Д. Нурафшон шаҳри ҳокимлигининг ишдан бўшатиш бўйича фармойиши ва буйруғини ғайриқонуний деб топиш ва маънавий зарар ундириш тўғрисида Фуқаролик ишлари бўйича Ўрта Чирчиқ туманлараро судига даъво ариза киритган. Лекин суднинг 2022 йил 14 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси рад этилган.
Мурожаатчи Омбудсманнинг Тошкент вилоятидаги ҳудудий вакили қабулига келганида унга меҳнат қонунчилиги бўйича батафсил ҳуқуқий маслаҳат берилди. Апелляция тартибида шикоят киритиши кераклиги, унда қандай жиҳатларга эътибор бериши кераклиги тушунтирилди. Шунингдек, Омбудсманнинг ҳудудий вакили суд жараёнида кузатувчи сифатида тўлиқ иштирок этди ва судга қўшимча даъво киритилишида ҳуқуқий ёрдам берди.
Тошкент вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 29 мартдаги ажримига кўра, фуқаро М.Д.ни ишдан бўшатишга оид ҳужжатлар ғайриқонуний деб топилди ва у ишга тикланди.
Шунингдек, жавобгар — Тошкент вилояти Нурафшон шаҳри ҳокимлигидан даъвогар М.Д фойдасига 6 ойлик мажбурий прогул учун 22 млн 635 минг сўмдан ортиқ иш ҳақи ва 3,5 млн сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланди.