Янги Ўзбекистон даврининг ўтган тўққиз йили халқимиз ҳаётида унутилмас воқеалар, юксак натижалар билан ёдда қолди. Бошқача айтганда, ўзбек давлатчилиги буюк ўзгаришлар ва самарали ислоҳотлар билан бойиган, инсон қадри энг олий қадриятга айланган, миллий маънавият ва маданий меросга муносабат юксак босқичга кўтарилган давр сифатида тарих зарварақларидан жой олмоқда.

Бугун юртимизнинг бой тарихини чуқур ўрганиш, бу йўналишда илмий тадқиқот фаолиятини жадаллаш­тириш, ёш авлодни миллий қадриятлар ва аждодлари­мизнинг бебаҳо мероси руҳида тарбиялаш, жамиятда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш янги Ўзбекистон стратегиясининг устувор йўналишларидан бирига ай­ланган.

Миллий тарих, маданият ва маънавиятга чуқур ҳур­мат, уларни асраб-авайлаш ва янада бойитиш, шу билан бирга, ёш авлодни умуминсоний ва миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш тараққиётга интилаётган ҳар қандай жамият учун ҳал қилувчи омилдир. Ана шу ҳақиқат янги Ўзбекистон даврида барча соҳаларда намоён бўлмоқда.

Кейинги йилларда юртимизда тарихни холис ва ҳаққоний ўрганиш, очилмаган саҳифаларни тадқиқ этиш борасида кенг имкониятлар яратилди. Хусусан, 2017-2021 йиллар давомида Ислом цивилизация­си маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби халқаро ил­мий-тадқиқот марказлари ташкил этилиши миллий маънавият ва маърифатимиз юксак қадрланганининг ёрқин ифодасидир.

Бугун мазкур марказларда бажарилаётган фундаментал тадқиқотлар нафақат юртимиз­да, балки халқаро доирада ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу марказлар дунёнинг юздан ортиқ давлати ва нуфузли илмий муассасаси билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

Бундай самарали алоқалар туфайли юрти­мизга тегишли, бир пайтлар турли сабабларга кўра хорижга олиб кетилган минглаб тари­хий меросимиз ўз ватанига қайтарилмоқда. Жаҳоннинг нуфузли музейлари ва фондла­ри билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, уларда Ўзбекистоннинг бой маданий мероси кенг намойиш этилаётир.

2022 йилда Франциянинг машҳур Лувр музейида ўтказилган миллий мерос кўргаз­маси бунинг яққол исботидир. Беш ой мо­байнида давом этган мазкур кўргазма 260 мингдан зиёд томошабинни жалб қилди. Кўргазмада юртимиз музейларида сақла­наётган 138 та қимматли экспонат намойиш этилди. Улар орасида кулоллик, ёғоч, ме­талл, деворий санъат ва қоғозга оид 70 дан ортиқ нодир буюм реставрация қилиниб, илк бор халқаро майдонга олиб чиқилди.

Янги Ўзбекистон тарихи ислоҳотлар ва ютуқлар тарихи бўлиб, унинг ажралмас бир қисми миллий ўзликни англаш, миллий мерос ва маънавиятни юксалтиришга қаратилган ул­кан ишлардир. Миллат тарихи ва маданияти­га чуқур ҳурмат фақат илмий тадқиқот эмас, балки янги авлод онгини шакллантириш, ке­лажак тараққиётига қўйилган мустаҳкам пой­девор ҳисобланади.

Шу боис, бугунги кунда тарихга эътибор келажакка инвестиция сифатида қаралмоқда. Янги Ўзбекистонда тарихий хотира, миллий мерос ва маънавий қадриятлар давлат сиёсати даражасида эъзозланмоқда. Бу эса, шубҳасиз, миллий руҳни мустаҳкамлайди, халқнинг ўз­лиги ва қадр-қимматини янада юксалтириб, янги тараққиёт босқичига йўл очади.

Мустақиллик монументи, Ғалаба боғи, Адиблар хиёбони каби маънавий маскан­ларда шоир ва ёзувчиларимизнинг ҳайкал ва бюстлари ўрнатилиб, уларнинг хотирасига муносиб ҳурмат кўрсатилди. Бу масканлар халқимиз, айниқса, ёшлар учун маънавий- маърифий тадбирлар ўтказиладиган мазмун­ли маконга айланди.

2019 йил 15 октябрь куни Озарбайжондаги Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида Президентимиз “Туркий адабиёт дурдоналари” номли 100 жилдли тўпламни ҳар бир мамлакатнинг она тилида нашр этиш ғоясини илгари сурган эди. Ушбу ташаббус асосида илк бор Ўзбекистонда мазкур тўплам нашр этилди ва туркий дунё кутубхоналари­дан муносиб ўрин эгаллади. Бу орқали туркий халқлар адабиётининг маънавий мероси яна­да яқинлашди, қалблар ва халқлар ўртасида кўприклар барпо этилди.

Ватанимизнинг уч минг йилликдан зиёд тарихини чуқур ва холис ўрганиш, уни хал­қимиз ва жаҳон жамоатчилигига кенг тарғиб этиш мақсадида ҳам қатор ишлар қилин­ди. Президентимиз қарори билан 2019 йил 1 сентябрдан фаолиятини бошлаган “Ўзбе­кистон тарихи” телеканали бу борада муҳим вазифани бажариб келмоқда. Бугун у кўплаб мамлакатларда томошабинлар қалбидан ўрин олган телевидение платформасига ай­ланмоқда.

Шу билан бирга, кино санъати орқали та­рих ва маърифатни тарғиб этишга ҳам жид­дий эътибор қаратилди. “Халқ юраги” турку­ми остида 24 та ҳужжатли фильм яратилди. Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бо­бур, Абдулла Авлоний, Абдулла Қаҳҳор, Зул­фия, Муҳаммад Юсуф каби буюк адиблари­миз ҳаёти ва ижоди ҳақидаги ушбу фильмлар халқимиз қалбидан чуқур жой олди.

2024 йил 16 май куни давлатимиз раҳба­рининг Киночилар уйига ташрифи, кино со­ҳаси вакиллари билан учрашуви, Ўзбекистон кино санъати музейини кўздан кечириши ки­нематографиядаги яна бир муҳим босқични бошлаб берди. Унда 2024-2027 йилларга мўл­жалланган “Тирик тарих” стратегик дастури тақдим қилинди. Бу лойиҳа ватанимизнинг энг қадимги тарихидан то яқин ўтмишгача бўлган даврни ўз ичига олган, миллий ғурур­ни ошириш, тарихни холис акс эттиришни мақсад қилган йирик медиалойиҳадир.

Президентимизнинг 2024 йил 5 июндаги “Кинематография соҳасини янада ривожлан­тириш ҳамда мамлакатимиз тарихига бағиш­ланган фильмлар туркумини яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ушбу лойиҳага қонуний ва молиявий пойдевор бўлди. Бу қарор орқали кинематография янги босқичга кўтарилди, миллий давлатчилиги­миз ва тарихий шахсларимиз ҳаётини экран орқали кенг намоён этиш имкони яратилди.

“Тирик тарих” дастури доирасида кўп­лаб бадиий ва бадиий-публицистик фильм­лар ишланмоқда. Улар орасида “Баҳодир Ялангтўш”, “Ажиниёз”, “Махтумқули Фи­роғий” каби фильмлар халқаро кинофести­валларда юқори баҳоларга сазовор бўлди. Шу йил охирига қадар буюк саркарда Амир Темурга бағишланган “Улуғ Амир ва Донна Мария” бадиий фильми ҳамда Иккинчи жа­ҳон уруши қаҳрамони Мамадали Топволдиев ҳақидаги фильм томошабинлар эътиборига ҳавола этилиши режалаштирилган.

Бир сўз билан айтганда, янги Ўзбекистон даврида адабиёт, тарих ва кино соҳаларида­ги кенг қамровли ислоҳотлар миллий маъ­навиятни юксалтириш, халқнинг ўзлигини англаш, тарихий хотирани тиклаш ва уни дунёга танитишда муҳим қадамдир. Чунки миллатни миллат қиладиган асосий унсур унинг тарихи, адабиёти ва маънавиятидир.

Буюк аждодларимиз меросини чуқур ўр­ганиш, миллий маънавий хазинамизни кенг намоён этиш борасида бугунги кунда, ай­ниқса, Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти беқиёс. Ушбу марказ халқимиз­нинг маънавий қудрати, илмий ва маданий салоҳияти рамзи сифатида янги Ўзбекистон даврида барпо этилган энг йирик ва бетакрор обидалардан биридир. Марказ тарихий маз­мунга бой, замонавий архитектура ечимлари билан жаҳонда ягона бўлган илм-маърифат қасрига айланмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 23 июнда­ги қарори асосида ташкил этилган мазкур марказнинг тамал тоши 2018 йилда, Рамазон ҳайитининг муборак кунларида қўйилган. Бугун бу мажмуа “тарих, бугун ва келажак­ни боғловчи, тараққиётимиз йўналишларини белгилаб берадиган ақл-тафаккур маркази” сифатида шаклланмоқда.

Уч қаватдан иборат марказ қадимий меъ­морлик анъаналари асосида барпо этилмоқда. Мажмуа 34 метрли пештоқлар билан тўрт то­монлама ўралган бўлиб, унинг марказида 65 метрли бош гумбаз қад ростлаган. Марказнинг юраги саналмиш Қуръони карим залида ислом оламидаги энг қадимий муқаддас манбалардан бири — Усмон Мусҳафи намойиш этилади.

Бу ердан сомонийлар, қорахонийлар, хо­размшоҳлар, Ўзбекхон, темурийлар ва бошқа сулолалар даврида битилган муқаддас китоб­лар, уларнинг ўзбек тилидаги таржималари, шунингдек, жаҳондаги энг нодир Қуръон қўлёзмалари ҳам жой олади. Президентимиз таъкидлаганидек, авваллари бизга номаълум бўлиб келган минглаб ёдгорликлар, манбалар ва асарлар бугун ана шу марказ туфайли хал­қимизга қайтарилмоқда, тадқиқ этилмоқда, оммага етказилмоқда.

Мажмуада “Исломдан аввалги цивили­зациялар”, “Биринчи Ренессанс”, “Иккинчи Ренессанс”, “Ўзбекистон XX асрда”, “Янги Ўзбекистон — янги Ренессанс” каби бўлим­лар ташкил этилиб, улар орқали юртимиз тарихидаги энг ёрқин даврлар, маърифат ва илм-фан ривожи намоён этилади.

Ўлкамизнинг Хоразмий, Фарғоний, Форобий, Беру­ний, Ибн Сино, Марғиноний, Замаҳшарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Али Қушчи каби фарзандларининг илмий ва маърифий мероси кенг ёрити­лади. Шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин На­сафий, Қаффол Шоший, Баҳоуддин Нақш­банд каби ислом уламоларининг маънавият тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси тақдим этилади.

Ўтмишда илм-фан ва маърифат та­раққиётига ҳисса қўшган Бибихоним, Гавҳаршодбегим, Хонзодабегим, Нодира, Увайсий, Анбар Отин каби аллома хотин- қизларимизга алоҳида бўлимлар ажратилга­ни айни муддаодир.

Марказда замонавий мультимедиа воси­талари, интерактив суратлар, 3D макетлар, видеоэкспозициялар орқали кўргазмалар ташкил этилади. “Вақт девори”, виртуал саё­ҳатлар, ахборот-ресурс маркази каби ечимлар бу ерга ташриф буюрган ҳар бир инсонни узоқ тарих сафарига етаклайди.

Бундан ташқари, марказда бой музей ва кутубхона, халқаро анжуманлар зали, архив, қўлёзмалар фонди, илмий академия ҳам фао­лият юритади. Уларнинг фондларини нафақат юртимиздаги, балки дунёдаги кўплаб музей ва архивлардан келтирилган нодир асарлар би­лан бойитиш давом этмоқда. 300 ўринли кон­ференция зали ва илмий тадқиқот учун махсус лабораториялар ҳам ташкил қилинмоқда.

Президентимиз таъбири билан айтганда, бу марказ “ўзимизнинг меъморий тажриба­миз, янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик мак­таби ва илмий-маънавий салоҳиятимиз рамзи сифатида тарихга киради”. Бу ердаги ҳар бир бўлим, ҳар бир экспозиция, ҳар бир тарихий асар бизни ўзлигимиз, келиб чиқишимиз, ота-боболаримизнинг буюк мероси билан янада яқинроқ таништиради.

Ислом цивилизацияси маркази минг йил­лар аввал асос солинган буюк цивилизация­лар давомийлигининг, янги миллий уйғониш ва маънавий тикланишнинг амалдаги ифода­сидир.

Янги Ўзбекистон заминида барпо эти­лаётган ҳар бир обида халқимизнинг маъ­навий уйғониши, илмий меросимизга ҳур­мат ва эътибор ифода этади. Бугунги кунда Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида қайтадан бунёд этилаётган Имом Бухорий мажмуаси бу йўналишдаги энг муҳташам ин­шоотлардан биридир.

Тубдан қайта барпо этилаётган Имом Бухорий мажмуаси умумий 44 гектар май­донни қамраб олган. Мажмуадаги 10 минг кишига мўлжалланган масжид, 75 метрли тўртта минора ва маҳобатли мақбара унинг улуғворлигини янада оширган. Шу билан бирга, бу ерда музей, айвонлар, маъмурий ва хизмат кўрсатиш бинолари, хиёбонлар, тўрт­та таҳоратхона ва икки минг ўринли йигир­мадан ортиқ меҳмонхона қурилмоқда.

Сўнгги йилларда юртимизда ислом маъ­рифатига хос илм-фан ва диний меросга юк­сак эътибор Имом Абу Мансур Мотуридий шахси мисолида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бу йўналишдаги муҳим илмий май­донга айланди.

Марказ Имом Мотуридий ва издошлари­нинг ақида, калом ва маърифат соҳасидаги улкан меросини чуқур ўрганиш, асарларини таржима қилиш, халқчил рисолалар, энцик­лопедия ва каталоглар тайёрлаш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш вазифа­ларини амалга оширмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 14 март­даги “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори эса бу жараённи янги босқичга олиб чиқди. Қарорда Имом Мотуридий меросини чуқур тадқиқ этиш, асарларини кенг жамоат­чиликка етказиш, халқаро миқёсда ҳам ҳам­корликни мустаҳкамлаш каби устувор вази­фалар белгилаб берилган.

Шу кунларда “Тирик тарих” дастури дои­расида “Имом Мотуридий” бадиий фильми суратга олинаётгани бу улуғ зотнинг шахсия­ти ва таълимотига юксак эътиборнинг яққол исботидир.

Бир сўз билан айтганда, Самарқандда бар­по этилаётган Имом Бухорий ва Имом Мо­туридий мажмуалари халқимизнинг юксак маънавий маданияти, илмга муҳаббати, аж­додлар меросига садоқат ва шу орқали дунё тамаддунига қўшилаётган беқиёс ҳиссаси­нинг ёрқин ифодасидир.

2017 йилда ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томони­дан шу кунга қадар Имом Бухорий ва бош­қа алломалар қаламига мансуб 49 номдаги ноёб асар ўзбек тилига таржима қилинди. 87 номдаги монография, китоб, каталог ва ри­сола нашр этилди. “Имом Бухорий сабоқлари” илмий-маърифий журналининг 34 та сони чоп қилинди.

Марказ томонидан ислом тарихи, илм-фа­ни ва маданиятида муҳим ўрин тутган аллома ва мутафаккирлар ҳаёти ҳамда меросига ба­ғишланган юзга яқин илмий-маърифий китоб нашр этилди. Жумладан, “Имом Бухорий”, “Абу Исо Термизий”, “Муҳаммад Хоразмий”, “Абу Райҳон Беруний”, “Алишер Навоий”, “Ғулувнинг хатари”, “Мотуридийлик ҳақи­қати”, “Ислом динида тинчлик”, “Саҳиҳи Бухорий шарҳи” каби китоблар аҳолининг кенг қатламига етар­ли даражада етказилмоқда.

Марказ фаолияти халқаро ми­қёсда ҳам юқори баҳоланмоқда. Буюк Британия, Саудия Арабисто­ни, Туркия, Малайзия, Миср, АҚШ, Германия, Россия, Қозоғистон, Қир­ғизистон каби 20 га яқин давлатдаги 47 та илмий муассаса, турдош марказ ва университет билан ҳамкорлик меморандум­лари имзоланган.

Марказнинг қўлёзмалар фондида 644 та қўлёзма, 856 та тошбосма китоб ва 114 та та­рихий ҳужжат, жами 1614 манба жамланган. Улар орасида жисмоний шахслардан харид қилинган ва ҳадя этилган нодир асарлар мав­жуд. Туркия ва Буюк Британия манбаларидан олиб келинган 50 га яқин электрон қўлёзма нусхалари ҳам марказ фондини бойитмоқда.

Шунингдек, Имом Бухорий асарлари­нинг 41 давлатдаги 256 фондда сақланаётган 3300 та нодир нусхаси аниқланиб, реестр тузилди. “Саҳиҳи Бухорий” қўлёзмасининг 3161 та электрон нусхаси жамланди. 533 та қўлёзманинг каталоглари чоп этилди, 503 та китобнинг 173 минг варағи рақамлаштирил­ди. 678 та қўлёзма аннотацияси www.bukhari. uz сайтига жойлаштирилди, 392 та китоб са­ҳифаси тозаланиб, консервация қилинди.

Янги Ўзбекистон даврининг яна бир муҳим хусусияти жадидлар ва қатағон қурбонлари номини тиклаш, меросини ўрганиш ва халқ хотирасида абадийлашти­ришга бўлган ёндашувдир. XIX-XX асрлар тарихига янгича нигоҳ билан қараш, но­маълум саҳифаларни очиш ва инсон қад­рини улуғлаш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда.

1917 йилдаги октябрь тўнтаришидан бошлаб СССР парчалангунига қадар сиёсий қатағон совет жамиятининг ажралмас тарки­бий қисмига айланди. Айниқса, 1930-1940 йилларда Ўзбекистонда қаттиқ тазйиқ, ноҳақ айблов ва жазолар юз минглаб инсон тақди­рига салбий таъсир кўрсатди. Ушбу давр ба­мисоли кафанга ўралгандек, ўрганиш учун ёпиқ ва хатарли мавзу ҳисобланарди.

Бугун эса ана шу қора саҳифалар очи­ла бошлади. Сиёсий қатағон тарихи тадқиқ этилиб, фожиали оқибатларини халқимизга етказиш, бегуноҳ қурбонлар номини оқлаш, ҳаёти ва фаолиятини чуқур ўрганиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

2017 йил 31 августда Қатағон қурбон­ларини ёд этиш куни муносабати билан давлатимиз раҳбарининг музейга ташрифи чоғида билдирган таклиф ва тавсиялари бу йўналишда янги босқични бошлаб берди. Шу асосда 2017 йил 22 ноябрда Вазирлар Маҳ­камасининг тегишли қарори қабул қилинди ва музей Вазирлар Маҳкамаси тасарруфига ўтказилди.

Музей 10 та бўлимдан иборат бўлиб, та­рихимиздаги сиёсий қатағон даврини ва бугунги ўзгаришларни тўлақонли акс этти­риб келмоқда. Агар 2017 йилда музейда 1000 дан ортиқ материал мавжуд бўлган бўлса, бугун уларнинг сони 17 мингдан ошган. Бу рақам йил сайин ортиб бормоқда.

Шу йиллар давомида Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳам қатағон қурбонлари хотираси музейлари ташкил этилди. Ушбу музейлар маҳаллий даражада­ги қурбонлар ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, халққа етказиш, тарғибот ишларини сама­рали йўлга қўйишда муҳим ўрин тутмоқда. Улар асосида китоб-альбомлар, монография­лар ва фундаментал тадқиқотлар яратилди.

Расмий маълумотларга кўра, 1937-1953 йиллар оралиғида 100 мингдан зиёд юртдо­шимиз сиёсий қатағон қурбонига айланган. Улардан 13 минг нафари отиб ташланган, минглаб кишилар ноҳақ қамоққа олинган, қу­лоқ қилинган ва бадарға этилган.

Шунингдек, 1980-йилларда ҳам минглаб фуқаролар сохта “пахта иши” ва “ўзбек иши” деб номланган кампаниялар қурбони бўлди. Республика бўйлаб 40 мингга яқин киши тергов қилинди, 5 минг нафари жиноий жа­вобгарликка тортилди. Бугунги кунда тарих­чилар, архивчилар ва олимлар ушбу давр ҳа­қидаги янги ҳужжат ва маълумотларни фаол равишда тўпламоқда. Қорақалпоғистон, ви­лоятлар ва пойтахт бўйича тузилган “Хотира” китобларига 40 мингга яқин қатағон қурбони ҳақида маълумот киритилди.

Улуғ жадид Маҳмудхўжа Беҳбудий бир аср муқаддам бундай деган эди: “Маориф йўлида ишлаттурғон муаллимларнинг бо­шини силангизлар! Маорифга ёрдам этин­гиз! Ўртадан нифоқни кўтарингиз! Тур­кистон болаларини илмсиз қўймангизлар! Ҳар иш қилсангиз жамият ила қилингиз­лар!”.

Бу сатрлар бугунги кун учун ҳам аниқ дастур, йўлланма сифатида хизмат қилмоқда. Зеро, ватан тараққиёти, халқ фаровонлиги ва миллий мустақилликнинг пойдевори таълим ва маърифат экани азалдан равшан ҳақиқат бўлиб келган.

Тараққиёт стратегиясида буюк аж­додларимизнинг бой илмий меросини чу­қур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасида белгиланган мақсад бугунги маънавий сиё­сатимизнинг устувор йўналишидир. Шу мақсадда халқимизга мансуб алломалар асарларининг халқчил таржималари нашр этилмоқда, илмий ва оммабоп рисолалар та­йёрланмоқда.

Бугун маҳаллаларда “Аждодлар меро­си — ибрат ва тарбия мактаби” шиори остида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар орқали ёшларда миллий ўзликни англаш, тарихга ҳурмат ва ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

“Темур тузуклари билимдони”, “Жало­лиддин издошлари” каби ҳарбий-ватанпар­варлик лойиҳалари орқали ҳам миллий тари­химиз, аждодларимиздан мерос бўлиб қолган жасорат ва фидойилик анъаналари ёш авлод онгига сингдириб борилмоқда.

Халқнинг маънавий салоҳиятини белгилаб берувчи энг муҳим мезонлардан бири китоб­хонлик маданиятидир. Бугунги кунда жадид­лар меросини тарғиб этиш мақсадида “Жа­дидлар”, “Алломалар” рукнлари остида қатор автобиографик, фалсафий ва қомусий рисола­лар нашр этиляпти. Ахборот-ресурс марказла­ри ушбу асарлар билан бойитилмоқда. Ёшлар учун мўлжалланган ана шундай гўзал нашр­лардан бири “Буюк алломалар ҳақида 100 та факт” номли саккиз тилда чоп этилган китоб­лар мажмуасидир. Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Фанлар акаде­мияси Тарих институти ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон тарихи” телеканали ҳамкорлигида тайёрланган мазкур китоблар шу кунларда юртимиздаги мавжуд 10 мингдан зиёд мактабга бепул тарқатилмоқ­да. Бу эса маърифатпарварлик ғояларининг жамиятда мустаҳкам ўрин эгаллашини таъ­минлашга хизмат қилмоқда.

Гапнинг индаллосини айтганда, миллат тақдирига бефарқ бўлмаслик, таълим ва тар­бия масаласини энг муҳим устувор йўналиш сифатида белгилаш, халқимизни билимли ва фаол фуқароларга айлантириш бугунги маъ­навий сиёсатимиз марказида турибди.

Шуҳрат ҲАЙИТОВ,

филология фанлари доктори