Аниқланишича, фуқаро Б.Хадиев тегишли ҳужжатларсиз, ўзбошимчалик билан Қашқадарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказига кириш дарвозаси ёнида қуриб олган савдо дўконини тез тиббий ёрдам машиналарининг шифохона ҳудудига кириб-чиқишига тўсқинлик қилгани ва фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлган.

Ноқонуний қурилмани ихтиёрий бузиб олиш тўғрисида бир неча марта огоҳлантирилгани ва маъмурий жавобгарликка тортилганига қарамасдан Б.Хадиев муаммони бартараф этиш чораларини кўрмаган.

Мазкур ҳолат Қарши шаҳар прокурори томонидан назоратга олинган бўлиб, шу йил 13 апрель куни Қарши шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги 4-сонли ИИБ бошлиғи А.Жўраев мутасадди идоралар билан биргаликда Б.Хадиевга ноқонуний қурилмани ихтиёрий бартараф этиш бўйича кўрсатма бериш учун борган.

Шу вақтда Б.Хадиевнинг турмуш ўртоғи масъул ходимларга фаол қаршилик кўрсатган ва кийимларига бензин сепиб, ўзини-ўзи ёқиш билан қўрқитган.

Сўнгра, А.Жўраев ўзига юклатилган вазифани бажаришдан бўйин товлаб, фуқарога ноқонуний қурилмани ихтиёрий бартараф этиш ҳақидаги далолатномани топшириш чораларини кўрмасдан, сохта обрў орттириш мақсадида шаҳар прокурорининг ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажариши ҳақидаги талабига нисбатан гўёки прокурор фуқаро манфаатларига зид ҳаракат қилаётганлиги ҳақида асоссиз важлар келтириш орқали эътироз билдирган.

Маълумот ўрнида, Б.Хадиев томонидан ўзбошимчалик билан қурилган ноқонуний бино ихтиёрий бартараф этилмаганлиги сабабли, Кадастр агентлиги Қарши шаҳар бўлими томонидан судга киритилган даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 05.05.2023 йилдаги ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилиб, жавобгарга ноқонуний қурилмани мажбурий тартибда буздириш ва ер майдонини фойдаланишга яроқли ҳолатга келтириш мажбурияти юклатилган.