Пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан “Бизнес билан бевосита мулоқот — ишлабилармонлик муҳитини яхшилашнинг энг самарали воситаси” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
ОАВ вакиллари билан бўлиб ўтган учрашув Президентнинг тадбиркорлар билан ўтказилиши режалаштирилаётган очиқ мулоқотига тайёргарлик доирасида ташкил этилган Республика штаби фаолияти ва унинг таҳлилларига бағишланди.
Штаб раҳбари, бош вазир ўринбосари — Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков ва бошқа масъул ташкилотлар вакиллари тадбиркорлардан мурожаатларни қабул қилиш, таҳлил қилиш жараёнларининг бориши ҳақида маълумот берди.
Таъкидланишича, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида ташкил этилган Штаб ишида Савдо-саноат палатаси, Бизнес омбудсман вакиллари ва Бош вазир қабулхоналари котибиятлари бевосита иштирок этади. Шу билан бирга, штабга тегишлилиги бўйича вазирликлар, идоралар, банклар, тармоқ корхоналари жалб қилинган.
— Сўнгги 5 йилдаги ислоҳотларнинг энг асосий маҳсули Ўзбекистонда реал тадбиркорлар синфининг шакллангани, деган бўлардим, — деди С.Умурзаков. — Президентнимизнинг тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри мулоқоти тарихимизда бўлмаган. Бу орқали ишбилармонларга янада кенг йўл очиш, уларни қўллаб-қувватлайдиган шаффоф тизимни яратиш мақсад қилинган.
Республика штабида 24 соат давомида мурожаатлар қабул қилинади. Салл-марказ, веб-сайт ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳам мурожаатлар йўлланмоқда. Шу кунга қадар штабга жами 7146 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 5783 таси индивидуал мурожаатлар, 1234 таси тизимли ва бошқа турдаги таклифлар характерига эга. Мурожаатлар тегишли ташкилотларга етказилиб, узоғи 2-3 кун ичида ечими бўйича жавоб берилишига оид тезкор тизим йўлга қўйилган. Натижада 1757 та индивидуаль мурожаат ўзининг ижобий ечимини топган. Қолганлари бўйича ишлар олиб бориляпти. Жараёнда таъсирчан назорат тизими ўрнатилган.
Штаб доирасида 7 та ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, улар йўналишларга ажратилди. Ҳар куни соат 21:00 да йўналишлар асосида Штаб раҳбарига мурожаатлар ва таҳлиллар бўйича ҳисобот берилади.
Тадбир сўнгида Республика штади раҳбари С.Умурзаков тадбиркорларга Президент билан очиқ мулоқотга қадар ўзларини қийнаётган масалалар бўйича ҳеч қандай тўсиқларсиз 11-00 тезкор рақами ёки ижтимоий тармоқлардаги манзиллар орқали мурожаат йўллаш ҳамда юртимизда тадбиркорликни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган таклифларини беришда фаол бўлишга чақирди.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири