XXI асрда университетлар нафақат билим берувчи муассаса, балки ижтимоий трансформация драйвери, инновацион ривожланиш маркази ва рақобатбардош кадрлар тайёрлашнинг асосий платформаси сифатида фаолият юритиши зарур. Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида мазкур жараённи тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари сифатида замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил ва таҳлилий фикр юрита оладиган юқори малакали кадрлар тайёрлашни янги босқичга кўтариш белгиланган.
Айниқса, таълимга интилувчан ёшларнинг қамровини ошириш ва соғлом
рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида нодавлат олий таълим муассасалари
фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар яратиш катта аҳамият касб
этмоқда. Бу эса кўзланган мақсадларга эришиш йўлида муҳим омил бўлиб хизмат
қилади.
“Т-5” тамойили
Президентимизнинг 2026 йил 10 апрелдаги “Олий таълим, фан ва инновациялар тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида “Т-5” тамойили, яъни таълим, тарбия, тадқиқот, тижоратлаштириш ва тизимли такомиллаштириш вазифаси белгиланди.
Дарҳақиқат, олий таълимнинг мазмуни фақат билим бериш билан чекланмай,
тарбиялаш, янги билим яратиш, уни амалиётга жорий этиш ва тизимни мунтазам
равишда ривожлантиришни ҳам қамраб олади. Ёшлар учун замонавий таълим муҳити
яратиш, битирувчиларни меҳнат бозори талабларига тўлиқ мослаштириш, масъулиятли
ва жамиятга фойдали шахсларни тарбиялаш, янги билимлар яратиш ва муаммоларга
самарали ечим топиш, инновацияларни ривожлантириш ҳамда илмий натижаларни
маҳсулот ва хизматларга айлантириш каби вазифалар янги Ўзбекистон сиёсатининг
устувор йўналишларидан.
Ушбу жараёнга Бухоро инновациялар университети профессор-ўқитувчилари
ва талабалари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. 2022 йилдан буён фаолият юритиб
келаётган мазкур университет Бухоро ва Сирдарё вилоятларида фаолият юритмоқда.
Қисқа муддатда университетда 400 га яқин иш ўрни очилди, ўнлаб фан докторлари
етишиб чиқди, юзлаб китоблар чоп этилди. Энг муҳими, 10 мингдан ортиқ ёшга олий
таълим олиш имконияти яратилди. Улар орасида турли сабабларга кўра олий
таълимдан четда қолган, хорижда ўқиш жараёнида қийинчиликларга дуч келган
иқтидорли ёшлар ҳам бор.
2017 йилда мамлакатимизда олий таълимга қамров саккиз фоиз атрофида
бўлиб, арзимаган балл етишмаслиги билан абитуриентни билимсизга чиқариб қўяр
эдик. Олий таълимга қамров масаласидаги муаммолар сабабли ёшларимиз хорижга
ишга кетар ёки ҳаётининг бир неча йилини абитуриент сифатида ўтказарди. Яна бир
энг ёмон анъана — одам кам топширгани учун ўзи истамаган йўналишларга ўқишга
топшириб, умрини, маблағини беҳуда сарфлаб, охири барибир шу касбда ишламас
эди.
Диплом олса бас,
қолгани бир гап бўлар
Мамлакатимизда ёшларнинг илм олиши, умуман, ҳар томонлама ривожланиши
учун барча шароит мавжуд. Янги нодавлат олий таълим муассасалари кўп йиллик
тажрибага эга давлат университетлари билан соғлом рақобатга кириша бошлади.
Лекин сон ортиши сифатга салбий таъсир кўрсатмаслиги масаласи бугун кун
тартибига чиқди. Бироқ ёшлар, ҳатто фарзандининг олий таълим олиши учун пул
тўлаётган ота-оналар эндигина мактаб остонасидан чиққан, ўзи танлаган мутахассислигига
оид касбий билимлар, кўникмаларни эгаллашга, хорижий тиллар, компьютер
технологияларини ўзлаштиришга катта эҳтиёжи бор ёки ўзи истаган йўналишда
ҳаммаслак бўладиган муҳитда бирга ривожланиш имкониятларини ўйламай, “боламга
шароит қилиб беринг, бу ишлаб пул топиши керак, диплом олса бас, қолгани бир
гап бўлар” деган важлар билан мурожаат қилувчилар ҳам йўқ эмас.
Давлатимиз томонидан олий таълим олиш имкониятлари яратилди, энди ҳеч
ким ўзи танлаган касби қолиб, балл кам талаб қилинадиган йўналишга топширишга
ҳам мажбур эмас. Танлаш имконияти кенг. Суперконтракт тўламайди, тўғри танлов
қила олса бас. Энди одамларимиз бир жиҳатни яхши англаши керак: икки томонлама
шартномада билим олувчи пулини тўлайди, таълим муассасаси уни жамиятимизга
керакли, рақобатбардош кадр қилиб етказиб чиқариши керак. Номига диплом эмас,
таълим муассасаларидан сифатли таълимни талабанинг ўзи талаб қилиши керак!
Бугунги олий таълим тизимида яна бир жуда жиддий муаммога дуч
келяпмиз. Талаба сонининг ортиши айрим таълим муассасаларининг бошқарув
жараёнидаги тажрибасизликни кўрсатиб қўймоқда. Ўттиз беш йилдан ортиқ олий
таълим тизимидаги тажрибам, педагогика фанлари доктори сифатидаги масъулиятим
таълимдаги айрим жиҳатларни айтишга ундади.
Замонавий университет
қандай бўлиши керак?
Фикримни ўзим бошқараётган Бухоро инновациялар университети мисолида
тўлдирсам. Жамиятга яхши битирувчи бериш учун, энг аввало, ишга яхши ходимни
олиш керак. Шу боис, университетимизда профессор-ўқитувчиларни ишга қабул қилиш
тизими тўлиқ рақамлаштирилган. Ҳар бир ходим билан меҳнат шартномасига қўшимча
“performance agreement” — самарадорлик келишуви тузилади.
Университет мақсадларидан келиб чиқиб, ҳар бир профессор-ўқитувчи ва
ходим учун самарадорлик кўрсаткичлари белгиланади. Бу тизим фаолият
натижаларини объектив баҳолаш, илғор тажрибаларни рағбатлантириш ва
институционал ривожланишни тизимли мониторинг қилиш имконини беради.
“БИУ электрон университет” платформаси ишга туширилган. Бошқарув
тизими ва ўқув жараёни, ахборот-ресурс маркази ва ҳужжатлар айланмасини
электронлаштиришни таъминловчи ягона рақамли платформа ишга туширилган. Бу
workflow (иш жараёнлари)ни электрон бошқариш имконини яратади.
Сунъий йўлдош Мўйноқ
шаҳарчасида учирилади
Бухоро инновациялар университети 2030 йилгача “Университет 5.0” моделига
тўлиқ ўтишни режалаштирмоқда. Бу модель — таълим, илм-фан, инновация,
илмий-тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш ва сунъий интеллект
интеграциясини ягона экотизим сифатида уйғунлаштиради. Моделнинг асосий
моҳияти: Университет 5.0 = таълим
илм-фан + инновация + тижоратлаштириш + сунъий интеллект. Натижада
университет ақл ва маданият маркази,
жамият ва иқтисодиёт эҳтиёжларига мос кадрлар тайёрловчи, ҳудудий ва миллий
ривожланишнинг драйвери сифатида намоён бўлади. Ўқув муассасамизда таълим
жараёни “компетенция + амалиёт + рақамли кўникма” модели асосида қатор
йўналишларда модернизация қилинмоқда.
Биринчи навбатда, талабаларга оригинал адабиётлар ўқитишга катта
эътибор қаратяпмиз. Талаба кутубхонага мурожаат қилмадими, демак, ўқитувчи уни
бу ерга йўналтира олмаган. Шу боис, гуруҳлараро, йўналишлараро, университет
миқёсида мутахассислик фанларидан оригинал адабиётлар ўқиш бўйича олимпиадалар,
мусобақалар тизими йўлга қўйилган. Бу борада талабаларни рағбатлантириш
тенденцияси амал қилади. Профессор-ўқитувчиларимизга лойиҳа ишлари,
симуляциялар, Blended learning ва Flipped classroom технологиялари, фанлараро
мусобақалар, мустақил таълим соатлари улушини ошириш талаблари қўйилади.
Буларнинг барчаси тизимли таҳлил қилиб борилади.
Университетда сунъий интеллект лабораторияси мавжуд. Хитой, Жанубий
Корея, Туркия, Эроннинг нуфузли университетларидаги қатор олимлар билан алоқа
ўрнатилган. Сунъий интеллект ва рақамли инновациялар лабораторияси (AI &
Digital Innovation Lab) таълим, илм-фан ва бошқарув жараёнида сунъий интеллект
ечимларини ишлаб чиқиш, талабалар ва олимларни амалий сунъий интеллект
лойиҳаларида фаол иштирок этишга жалб қилиш, университетнинг рақамли
трансформациясини тезлаштириш каби вазифаларни бажариб келмоқда.
Сунъий интеллект лабораториясига иқтидорли талабалар танлаб олиниб,
улар бугун 40 километр баландликка сунъий йўлдош учириш учун “Ўзбеккосмос”
агентлиги, Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда катта лойиҳа устида ишламоқда.
Ушбу лойиҳа тақдимоти шу йил 28 июнга мўлжалланган ва сунъий йўлдошимиз
Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ шаҳарчасидан учирилиши режалаштирилган.
Талабалар билимини баҳолаш тизими тўлиқ LMS (Learning Management
System) платформасига ўтказилган. Бу эса баҳолашнинг холислиги ва шаффофлигини
таъминлайди. Университетимизнинг сиртқи бўлими талабаси йилига икки марта келиб
ўқишидан ташқари, йил давомида кейинги семестр учун ўқув режада белгиланган
фанларни электрон платформа орқали ўқиб, ўзлаштириб боради.
4 миллион долларлик сармоя
Бугун университетимиз дунёнинг 50 дан ортиқ нуфузли олий таълим
муассасаcи билан академик, илмий ва маданий ҳамкорликни йўлга қўйган. Шундан 13
таси QS World Ranking ТОП-1000 рейтингидаги университетлар. Ҳамкор олий таълим
муассасалари Буюк Британия, Жанубий Корея, Латвия, Нидерландия, Малайзия,
Индонезия, Туркия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби
давлатларнинг етакчи муассасаларидир. Жумладан, Индонезиянинг Муҳаммадия
университети билан 4 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ва
тиббиёт йўналишида қўшма таълим ташкил этиш бўйича келишув имзоланган. АҚШнинг
LSD логистика компанияси университетни кадрлар тайёрлаш маркази сифатида
танлаб, инглиз тилини яхши биладиган талабаларни муносиб маош билан ишга жалб
этмоқда.
Шунингдек, Нидерландиянинг Гаага амалий фанлар университети билан академик
мобиллик дастури амалга оширилиб, ўқитувчилар алмашинуви йўлга қўйилган.
Нидерландиялик ҳамкасбларимиз бизда, бизнинг профессорларимиз Гаага
университетида дарс бермоқда. Икки йилдан буён талабаларимиз олий таълим
талабалари ўртасида ўтказиладиган математика олимпиадасида фаол қатнашиб,
ватанимизга кумуш, бронза медаллар совға қилмоқда. Ўнлаб талабаларимиз спорт
мусобақаларига тайёрланиб, жаҳон чемпиони бўлди ва контракт суммасидан чегирма
ҳуқуқини берувчи ваучерлар билан тақдирланди.
Бухоро инновациялар университети узлуксиз таълим кластерини ташкил
этиш билан боғлиқ ўзига хос лойиҳани амалга оширмоқда. Ушбу кластер таркибидаги
Бухоро инновациялар академиясида ёшларнинг чет тиллар, табиий фанлар,
робототехника, АT ва сунъий интеллект соҳасидаги билимларини ошириш билан бирга
ҳунармандчилик, тикувчилик, 3D моделлаштириш, миллий ҳунарлар ва ижодий дизайн
бўйича амалий касб-ҳунар кўникмаларини шакллантириш назарда тутилган.
Умуман олганда, университет стратегик мақсадлари, инновацион бошқарув
тизими ва ривожланиш режалари билан Ўзбекистон олий таълим тизимида муносиб
ўринга эга.
Шу ўринда қатор таклиф ва тавсияларни билдириб ўтмоқчимиз. Сифатли
фаолият юритаётган нодавлат университетларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида
давлат дастурини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Сифат кўрсаткичлари, бошқарув шаффофлиги ва битирувчиларнинг меҳнат
бозорида талабгирлиги асосида сараланган олий таълим муассасаларини манзилли
қўллаб-қувватлаш механизмини жорий этиш зарур. Бундай дастур лабораториялар,
рақамли инфратузилма, кутубхона ресурслари, стартап майдончалари ва амалий
тадқиқотларни танлов асосида ҳаммолиялаштиришни назарда тутади. Бу ёндашув
нодавлат секторни сифат жиҳатидан мустаҳкамлаб, унинг кадрлар тайёрлашдаги
ролини оширади.
Нодавлат университетлар кадрлар салоҳиятини ривожлантириш учун махсус
механизмлар яратиши керак. Жумладан, стажировкалар, қўшма илмий лойиҳалар,
докторантура грантлари ва педагогик ҳамда рақамли компетенцияларни ошириш
дастурлари муҳим.
LMS платформалари учун ягона минимал миллий талабларни белгилаш таклиф
этилади. Бу электрон курслар, баҳолаш тизими, аналитика, қайта алоқа ва
маълумотлар хавфсизлигини қамраб олиши керак.
Таълимда сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш бўйича норматив ва
методик базани яратиш зарур. Бу академик ҳалолликни таъминлаш ва таълим
самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Барқарор фаолият юритаётган нодавлат университетлар учун янги таълим
йўналишларини лицензиялашни соддалаштириш мақсадга мувофиқ. Бу уларнинг тезкор
ривожланишида қўл келади. Янги таълим йўналишларини “олдиндан маъқуллаш”
механизмини жорий этиш орқали университетларга ўз фаолиятини режалаштиришда
қўшимча қулайлик яратиш мумкин.
40 йиллик тажрибам асоси
Кўп йиллик тажрибаларимга асосланиб ва таълим сифатини оширишнинг
қанчалик муҳимлигини англаган ҳолда таъкидлаб айтмоқчиман: таълим
муассасасининг янгилиги ёки янги тизимда ишлаётгани унга “хато қилиш мумкин,
вақти билан тузатилади” деган ваколатни бермайди. Чунки биз бугун таълим-тарбия
берган ёшлар тажрибамиз ортганида қайтиб келиб ўқимайди, биз унга бугун диплом
берамиз.
Янги университетлар тажрибали кадрларни ишга жалб қилиши керак. Дунё
тажрибасини таҳлил қила олиши, рақобатбардош кадр тайёрлаш позициясини
мустаҳкамлаши зарур. Вазирлик, идоралар томонидан университетларга нисбатан
давлат, нодавлат деган терминологиядан воз кечиш, барчага бир хил талаб, бир
хил имконият ва университетларни ривожлантириш чоралари кўрилиши керак.
Дилноз РЎЗИЕВА,
Бухоро инновациялар
университети ректори,
педагогика фанлари доктори, профессор