Савдо маркази очилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда мазкур мажмуа аҳолига қулай ва мақбул савдо хизматларини йўлга қўйиши, қолаверса, ҳудуднинг тадбиркорлик салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Очилиш маросими иштирокчилари савдо марказида яратилган шарт-шароит ва қулайликлар, маҳсулотлар турлари, нархи ва сифати билан яқиндан танишди.

Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, бу соҳа вакилларига қулай имкониятлар ва шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитини вужудга келтириш борасида олиб борилган кенг кўламли комплекс чора-тадбирлар натижасида тадбиркорлик иқтисодиётимизнинг локомотиви, давлат ва жамиятнинг иқтисодий таянчи сифатида қарор топмоқда. 

Ушбу дўконда 10 минг турдан ортиқ маҳсулотлар савдога қўйилиши халқимизнинг маиший техника ва бошқа уй-рўзғор буюмларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондиришда муҳим аҳамият касб этади.

Эътиборли жиҳати шундаки, бундай маҳсулотлар нисбатан арзон нархларда, 30 фоизли чегирма билан, фоизларсиз харидорларга тақдим этилади.

Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

Янги Ўзбекистон мухбири