Томонлар Ўзбекистонда тоғ-дор йўлларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. «Doppelmayr»нинг техник мутахассислари Бўстонлиқ ва Зомин туманларида бўлиб, жойларда дор йўлларини қуриш имкониятларини ўрганди. Учрашув давомида Зоминда иккита гондол-кресло типидаги дор йўли ҳамда тоғ-чанғи трассаларига хизмат кўрсатиш учун учта кўтарувчи мослама қуриш масаласи муҳокама этилди. «Амирсой»да ҳам қўшимча равишда гондол турдаги дор йўли ҳамда тоғ-чанғи трассаларига хизмат кўрсатувчи бир неча кўтарувчи мослама қуриш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, яна иккита манзарали дор йўлини қуриш кўзда тутилган.
Ўрганиш ишлари доирасида ушбу жараёнларни тезлаштиришга оид музокаралар ўтказилди, деб хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.
Маълумот учун: Австриянинг «Doppelmayr» компанияси дор йўлларини қуриш ва уларни кресло кўтармалар ва гондоллар билан жиҳозлашга ихтисослашган. Компания Китсбюел (Австрия), Кобленс (Германия) ва Уистлер-Блеккомб (Канада)да уч дорли «3S» гондолларни ишлаб чиқариш бўйича биринчи бўлган. У шунингдек кўтармаларда иситувчи креслолар каби қатор инновацион маҳсулотлар бозорида ҳам фаол.