Ушбу экологик ҳашарнинг мақсади, жорий йилнинг 29-30 июнь кунлари Ёшлар ва талабалар форуми доирасида ўтказилган «Яшил ташаббус» акциясининг узвий давоми сифатида эътироф этиш зарур. Шунингдек аҳоли онгига атроф-муҳитга бўлган эътиборни ошириш, ёш авлоднинг экологик ва эстетик маданиятини юксалтиришдан иборат ҳисобланади.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси вакиллари, Тошкент шаҳар «Махсустранс» давлат ишлаб чиқариш бошқармаси, Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман Кенгаши депутатлари, Ёшлар қаноти етакчилари ва аъзолари, Тошкент шаҳар Ботаника боғига ташриф буюрган меҳмонлар ҳамда ОАВ вакиллари фаол иштирок этди, дея хабар беради Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши.
Барчамизга маълумки, Ёшлар ва талабалар форумини ташкил этишда асосий ташкилотчилар Ўзбекистон Экологик партияси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Давлат Ўрмон хўжалиги қўмитаси ҳамда «Махсустранс» ДУК ҳамкорлигида ташкил этилган ҳисобланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, боғ раҳбарияти томонидан расман 2021 йилнинг 1 июнь санасидан бошлаб Тошкент ботаника боғи ташриф буюрувчилар учун «хавфсиз ҳудуд» деб эълон қилинди.
Шунингдек, 29-30 июнь кунлари бўлиб ўтган Ёшлар ва талабалар форумида иштирок этган ёшлар форум ўтказилгандан сўнг боғ ҳудудида катта экологик ҳашар ташкил этиш борасида ташаббус билдиришди.
Эрта тонгдан, Тошкент шаҳар Ботаника боғи ҳудудида ташкил этилган экологик ҳашарни очиб бериш учун Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари С.Сангинов сўзга чиқди ва ҳашар қатнашчиларини бирдамликка чорлади. Ҳашарда иштирок этган ёшлар ва фидоий инсонлар томонидан боғ ҳудуди тозаланди. Шунингдек боғга ташриф буюрган меҳмонларга, ўзларининг маданий ҳордиқ чиқариш вақтида боғ ҳудудига турли хил чиқиндилар ташланмаслиги кераклиги ва шунингдек бутун аҳолига ҳам атроф-муҳит мусаффолигига бефарқ бўлмаслиги лозимлиги яна бир бор таъкидлаб ўтилди.
Экологик ҳашар якунида фидоийлик билан меҳнат қилган Ўзбекистон Экологик партияси, «Махсустранс» бошқармаси ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси вакилларига Ботаника боғи жамоаси томонидан миннатдорчилик билдирилди..
Айни дамда атроф-муҳит тозалиги аҳоли саломатлиги учун жуда муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Шу сабабли жамиятимиздаги барча фуқаролар биргаликда тозаликка жавобгарлик масъулиятини ҳис қилишимиз керак.