Тахминан тўрт-беш кун илгари кеч соат 23:00 ларда уйга қайтаётиб, ҳар доимгидек қадрдон масканимнинг ҳовлисини айландим, вақт алламаҳал бўлса-да, ётоқхонанинг аксарият талабалари “Open air” лабиринтида нимадир билан банд бўляпти. Кимдир китоб ўқияпти, жамоавий ўйинлар ўйнаётганлар ҳам бор.
ЎзЖОКУнинг шинам “Халқаро пресс-клуб” айвончасида ҳам талабалар тўпланиб ўтирганининг гувоҳи бўлдим. Ҳар доим ёшлар билан ишлашни ёқтирганим, қалбим ҳамиша ёш бўлгани учун талабаларим ёнига талпиндим. Четдан кузатиб турсам, ёшлар битта елим сув идишини бир-бирига қарата айлантириб, ўйин ўйнаётган экан. Билсам, ўйиннинг номи — “Жасорат ёки ҳақиқат”. Яъни ўйинда ютқазган бола маълум бир айтилган шартларни бажариши керак. Мен ҳам талабалар билан бир оз ўйнагандек бўлдим-у, елим идишни четга олиб, уларга савол бердим. Талабаларда бор масалаларни ҳар биридан сўраб, саволларига жавоб бера бошладим. Ёшларнинг таклиф ва фикрлари кўп эди.
Бир талабамиз кутубхонага янги китоблар олиб келиш кераклигини, бири айнан шу китобларнинг электрон вариантини, бошқаси спорт зали кичиклиги туфайли футбол майдони гаплашиб беришимизни сўради ва ҳаттоки Тошкентдаги мусобақаларда ютишга ваъда ҳам берди. Яна бир шогирдимиз университетда турли спорт ўйинлари учун, хусусан, волейбол тўпларини кўпайтириб беришни, бири таклиф сифатида қолдирилган дарсларга ёзиладиган мустақил иш ва рефератларнинг ўрнига “Wikipedia” учун мақолалар ёзиб беришни айтди. Ҳар бир талабанинг гапини эшитдим.
Сўнг иккинчи кун тонгданоқ жамоамни фавқулодда йиғдим. Талабалар билан кўпроқ гаплашишимиз кераклигини, норасмий суҳбатлар ташкил этиш, спорт билан шуғулланиш ва уларнинг яшаш тарзини ўрганишимизни айтиб ўтдим. Одатда, бизда бундай учрашувлар ҳар доим бўлиб келган. Шу билан бирга, талабаларнинг ҳар бири учун керак бўлган масалаларни ечиб беришимиз зарурлигини таъкидладим.
Яна бу гапларни эслашимнинг боиси шуки, видеоселектор йиғилиши бошланган заҳоти Президентимиз эътиборимизни худди мана шу масалаларга қаратди. Яъни:
— талабаларнинг бўш вақти қандай ўтяпти?
— талабалар бизнинг ёшлик пайтларимиздагидек гулхан атрофида тўпланяптими-йўқми?
— ёшлар бугун китоб ва бадиий асарларни мутолаа қиляптими?
— талабалардаги “олтин давр” руҳи қандай кечяпти?
Айнан мана шу масалаларни айтиб, давлатимиз раҳбари “Бўйинбоғни ечиб ишланглар, одамларнинг ичига киринглар, улар билан суҳбатлашинглар”, деди.
Бу гапларнинг маъносини тушуниб, ўйлаб қолдим. Президентимизни худди шу куни талабалар билан гаплашган пайт ёнимизда бўлгандек тасаввур қилдим.
Давлатимиз раҳбари ёшларнинг муаммосини ич-ичидан билиб, уларнинг орзулари ҳақида кўпроқ гаплашиб, ҳар жабҳада ёрдам қўлини чўзиш кераклигини таъкидлади.
Видеоселектор йиғилиши давомида жуда кўп масалалар эътибор марказида бўлди. Хусусан, мамлакатимизда 30 ёшгача бўлганлар 19 миллиондан ортиқлиги ёки аҳолининг 55 фоизини ташкил қилиши таъкидланди. Меҳнат бозорига ҳар йили 600 минг йигит-қиз кириб келаётган бўлса, келгуси 10 йилда бу рақам 1 миллионга етади. Шу боис, ёшларга сифатли таълим бериш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги йиғилишнинг асосий мавзуларидан бири бўлди.
Хусусан, ёшлар бандлигини таъминлаш учун, аввало, ишга қабул қилиш тизимини қайта кўриб чиқиш кераклиги айтилди. Мисол учун, ҳозирда 103 мингдан ортиқ ташкилотда 254 минг бўш иш ўрни бор. Лекин ўтган йили олий таълимни битирган 6 мингдан ортиқ, коллеж ва техникумни тамомлаган 30 минг нафар йигит-қиз иш топа олмаган. Бу борада мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Биласизми, ишга кира олмасликнинг асосий сабаби фақатгина таълим тизими билан боғлиқ эмас, деб ўйлайман. Чунки ўқишга кираётган баъзи талабалар таълим учун эмас, аксинча, ўқишга шунчаки кириш учун ҳужжат топширади. Фаолиятини шу соҳада давом эттирадими-йўқми, унинг учун бу аҳамиятсиз, 4 йил давомида вақтини беҳуда ўтказади. Таълим муассасасини тугатиб, ишга жойлашишга келганда, унда на билим бўлади, на кўникма. Шунинг учун ёшлар, аввало, ўзининг келажагини, режаларини аниқ белгилаб олиб, олий таълимга ҳужжат топширса, юқоридаги каби рақамлар ҳам камайиши мумкин.
Шунингдек, йиғилишда бугунги кунда 1,5 миллион ёш бўш вақтини чет тилини ўрганишга бағишлаётгани таъкидланди. Уларнинг бу интилиши рағбатлантирилиб, хусусий марказларда тил ўрганиш харажатларига субсидиялар ажратилиши айтиб ўтилди. Бу фикр ҳақиқатан тўғри. Чунки ёшлар чет тилларини қанчалик мукаммал билса, фикрлаш доираси кенгаяди, шу билан бирга, юқори маошли ишда ишлаш имкониятига ҳам эга бўлади.
Бир нарсага ҳар доим эътибор қиламан, ишдан кеч соат ўн, ўн бирлар атрофида қайтганимда талабаларим қўшимча дарслардан келаётган бўлади. Аксариятининг қўлида чет тили дарсликларини кўриб, қаердан келаётганини сўрашга ҳожат ҳам қолмайди. Талабаларнинг бу ҳаракатидан жуда қувонаман.
Йиғилиш давомида IT секторини ривожлантириш борасида ҳам қатор топшириқлар берилди. Хусусан, IT-парклар бўйича тажрибадан келиб чиқиб, ҳудудларда “Креатив парк”лар ташкил этилади. Уларга IT-парк резидентларига берилган имтиёз ва енгилликлар қўлланади. Бугун IT соҳасини ривожлантириб, жисмоний меҳнат сарфламай, интеллект орқали ҳам давлатга миллиардлаб маблағ олиб келиш мумкин. Бундай салоҳиятга эга ёшлар жуда кўп, уларга берилган имкониятлар ҳам етарли даражада топилади. Ҳиндистон, АҚШ ва бошқа давлатлар бу йўлни аллақачон босиб ўтган. Ўзбекистонда ҳам “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси аста-секин ўз меваларини бермоқда.
Бир сўз билан айтганда, ушбу видеоселектор йиғилиши ёшларнинг барча муаммо ва масалаларини қамраб олди — ишсизлик, таълим сифати, янги иш ўринлари яратиш, шу билан бирга, уларнинг маънавий онгини ўстириш. Чунки бугун кўпчилик телефон ва интернетга муккасидан кетган. Ёшларнинг бирлашиши, “Team building”лар, ўзаро суҳбат ва дебатлар камайди. Биз уларни фаолликка чорлашимиз лозим.
Биласизми, олий таълимда ҳар бир ректор, проректор, деканлар ва тьюторларнинг барчаси шуни тушуниши керакки, ёшлар билан ишлаш, давлатимиз раҳбари айтганидек, бу — миллатимизнинг бош масаласи. Биз улар билан бамисоли ўз фарзандимиз билан гаплашгандек суҳбатлашишимиз зарур.
Бизда шаклланган яна бир гўзал қадрият устоз-шогирд муносабатларидир. Халқимиз орасида ушбу маданиятнинг ёзилмаган қоидалари минг йилларки камолга етиб келаётир. Устоз кўрган шогирд, албатта, бошқалардан ажралиб туриши барчамизга аён. Халқимиз “Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар”, деб бежиз айтмаган.
Ўзбекистоннинг келажаги ёшлар қўлида. Кўпчилик бу жумлаларни баландпарвоз дейиши мумкин, аммо ундай эмас. Чунки олдингидан фарқли равишда бунга аниқ тизим яратиляпти, ечим шахсан давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатиб бериляпти. Куни кеча бўлиб ўтган, тарихда жуда катта из қолдирадиган видеоселектор йиғилишида ҳам ёшлар билан ишлашда мутасадди ташкилотлар, жамоатчилик вакиллари ва Ўзбекистон халқи янги тизим яратилганининг гувоҳи бўлди.
Фарзандларимизга илмни эҳсон қилар эканмиз, ёшларимизнинг келажаги ёруғ бўлиши, уларнинг ҳар томонлама етук, буюк алломаларнинг ҳақиқий вориси бўлиб етишишида шак-шубҳага ўрин қолмайди.
Буюк француз публицисти Вольтер айтганидек, “Таълим қобилиятларни ривожлантиради, лекин уларни яратмайди”. Етук таълим кўникмаларимиз орқали фарзандларимиз қобилиятларини юзага чиқаришда бир тану бир жон бўлайлик.
Шерзодхон ҚУДРАТХЎЖА,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий
коммуникациялар университети ректори