Давлатимиз раҳбари Яқин Шарқ мамлакатлари етакчилари билан суҳбатда Ўзбекистон ҳар қандай қарама-қаршилик ҳамда зиддиятни сиёсий-дипломатик ва тинч йўллар билан, музокаралар орқали ҳал қилишнинг қатъий тарафдорлигини билди­рар экан, мулоқотлар чоғидаги муҳим бир сиёсий аспект бизни алоҳида ҳаяжонга солди, қалбимиз тўлқинланди, Ўзбекистон фуқароси бўлганимиздан, шундай меҳри­бон ва ғамхўр Президентимиз борлигидан ғурурландик.

Ҳозир Яқин Шарқ минтақасидаги можа­ролар, қўшни Афғонистон ва Покистон ўр­тасидаги қуролли тўқнашувлар барчамизни жиддий хавотирга солмоқда. Бугунги гло­баллашув шароитида дунёнинг нариги че­тида отилган бир ўқ минглаб километр узоқ­ликдаги мамлакатларга таъсирини ўтказади. Чунки технологик занжир орқали боғлан­ган савдо-логистика, товар айирбошлаш, масофавий бизнес ва шунга ўхшаш бошқа мулоқот жараёнлари иқтисодий, ижтимоий муносабатларга салбий таъсир қилади, пу­тур етказади.

Биз давлатимиз раҳбарининг кечаги мулоқотлардаги сиёсий иродаси ҳақида гапираётган эдик. Президентимиз бу мам­лакатларда бўлиб турган Ўзбекистон фу­қароларининг тақдири, хавфсизлиги, сало­матлиги ҳақида сўради. Юртдошларимизни ватанга қайтариш масалалари муҳокама қи­линиб, шу мақсадда кўрилаётган чора-тад­бирлар учун алоҳида миннатдорлик билди­рилди.

Бу бир қарашда сиёсий мулоқот ру­сумига ўхшаб кўриниши мумкин. Лекин таҳликали ҳудудларда қолиб кетган юрт­дошларимизни ватанга қайтариш бўйича Президентимизнинг шахсан ўзи тегишли идоралар раҳбарларига кўрсатмалар бер­гани, бу масалага ҳукумат даражасида эътибор қаратилиши кераклигини айтгани ва ниҳоят, шу кунга қадар минглаб юрт­дошимиз тинч-осойишта, файзли, азиз заминимизга соғ-омон олиб келингани ҳар биримизда меҳр ва бирдамлик туйғу­ларини жўш урдирди.

Сўз исботи билан. Президентимизнинг махсус топшириғига мувофиқ минглаб ўз­бекистонликлар эвакуация қилингани ҳа­қидаги хабарларни кечадан буён ижтимоий тармоқларда ўқияпмиз.

Уларда айтилишича, Яқин Шарқда ҳар­бий кескинлик кучайгани сабаб 28 фев­ралдан бошлаб Дубай, Шаржа, Мадина, Доҳа, Жидда, Тель-Авив, Теҳрон ва Кувайт йўналишидаги авиарейслар тўхтатилган. Натижада минглаб ўзбекистонлик чет элда қолиб кетган.

Фақатгина Ўзбекистон Президентининг махсус топшириғи билан эвакуация ишла­ри бошлангач, резидент авиакомпаниялар махсус рейслар амалга ошириб, қисқа вақт ичида 5 мингдан ортиқ фуқаро ватанга қай­тарилди.

Жараённи мувофиқлаштириш учун “Ўзавиация” агентлигида 24/7 режимида ишлайдиган штаб ташкил этилди.

Ёзаётганимиз шу ерга етганда навбатда­ги хабар тарқалди. Ташқи ишлар вазирли­гининг хабар беришича, 5 март соат 10:00 ҳолатига Ўзбекистоннинг жами 9361 нафар фуқароси она юртимизга қайтарилди. Жумладан, Саудия Арабистонидан 8114, БААдан 1192, Эрондан 23, Баҳрайндан 25, Ўмондан 7 нафар юртдошимиз Ўзбекистон­га олиб келинган.

Ҳозир бу гапларни ёзишгина осон. Ас­лида, ҳар бир фуқарони ватанимизга олиб келиш ортида қанчалар мураккаб, қалтис, таҳликали ва нозик жараёнлар борлигини бошидан ўтказганлар, шу эзгу иш бошида турганлар билади, холос.

Биз фақат бу ердан туриб, шу кунлар­да Яқин Шарқдан чиқиб кетиш 350 минг долларга етгани ҳақидаги хабарлар ҳақида айтишимиз мумкин. Сўнгги маълумотлар­га кўра, Яқин Шарқдан хавфсиз ҳудудга етиб олиш учун 10 соатлик йўлтанламас машина сафари ва хусусий самолёт учун 350 минг доллар тўлашга тайёр мижозлар навбати пайдо бўлган.

Бизда эса мутлақо бошқача манзара: Президентимизнинг меҳрли сиёсати туфай­ли 10 мингга яқин ўзбекистонлик ўз она юртига беғараз олиб келинди. Бу ҳам мам­лакатимизда инсон қадри улуғланаётгани, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси доимо давлат ҳимоясида эканини амалда намоён этади.

Шу ўринда ҳасратли бир хотира ёдга тушди. Бир замонлар биз бошқа давлат фуқароларига ҳавас қилар эдик. Улар ўз давлати муҳофазасида бўлганидан, ҳами­ша ўзини мағрур ва хавотирсиз тутишидан ўзимизни улардан кам тутардик. Бугун кўплаб мамлакат фуқаролари ўзбекистон­ликларга, Ўзбекистон Президентининг инсонпарвар сиёсатига, ўз фуқаролари­ни ташлаб қўймаганига ҳавас қилмоқда. Хусусан, Яқин Шарқдан олиб келинган ўзбекистонликлар борасида ижтимоий тармоқлар орқали ижобий фикрлар билди­раётган чет эллик инсонларнинг гап-сўз­ларини ўзингиз ҳам кўриб турибсиз.

Улуғ айём кунларида амалга оширилаёт­ган бундай эзгу чора-тадбирлар ҳар бири­мизни қайта ва қайта кенг мушоҳада қилиш­га чорлайди. Дунё янги-янги таҳликалар қуршовида қолмоқда. Турли можаролар туфайли бегуноҳ одамлар, аёллар ва бола­лар ҳалок бўляпти. Бундай ҳудудларда бир соатлик тинчлик, бир нафаслик осойишта уйқу, фарзандларингиз билан хотиржам но­нушта қилиш бир зумда армонга айланиб қолмоқда.

Бу қайғули манзара бугун барчани жид­дий хулосалар қилишга ундайди. Хулоса қандай бўлишини эса юртдошларимиз яхши билади, албатта.

Улуғбек АСРОРОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири