Бразилия суди Телеграм мессенжерининг мамлакатдаги ишини тўхтатишга қарор қилди ва полиция томонидан сўралган маълумотларни тақдим этишдан бош тортгани учун жарима миқдорини кунига 1 миллион реалга (тахминан 198 минг доллар) оширди.

Маълум қилинишича, суд қарори полициянинг Telegramдан Аракруз мактабидаги тўрт кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳужумга алоқадор бўлиши мумкин бўлган неонацист гуруҳлар маъмурлари ва аъзолари ҳақидаги маълумотларни топширишни талаб қилганидан кейин қабул қилинган. Полиция 16 ёшли отишмачи Telegramда портловчи қурилмалар ясаш бўйича ўқув материаллари акс этган видеоларни чоп этувчи ва неонацистлар ғояларини тарғиб қилувчи антисемит гуруҳлар билан мулоқот қилганини аниқлаган.

Бразилия адлия вазири Флавио Динонинг сўзларига кўра, полиция текширувлари натижасида Сан-Паулу ва Гояс шаҳарларида жойлашган ўсмирларни мактабдаги зўравонликларга жалб қилган антисемит Telegram гуруҳлари ҳам фош этилган.

Ўтган йилнинг март ойида Бразилия Олий суди ҳам Telegramни блоклашга қарор қилган эди. Суд бу қарорни Telegram ёлғон маълумот тарқатувчи профилларни блоклаш талабини эътиборсиз қолдирганидан сўнг қабул қилган, дейилади uzreport.news сайтида.