Учрашув давомида мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳага илғор чет эл тажрибасини жалб этиш, рақобат муҳитини ривожлантириш, олий ўқув юртларининг сонини ошиши ва сифат жиҳатдан яхшиланиши, олий таълим муассасалари талабалари сонини сезиларли даражада ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳот ва ўзгаришларнинг асосий натижалари ҳақидаги батафсил маълумотлар Бразилия томонига тақдим этилди.

Вилас Боас де Соза Ўзбекистон ва Бразилия таълим соҳасида муштарак мақсадларни кўзлашини, унинг сифатини оширишда тажриба алмшиш лозимлиги ҳамда талаба ва ўқитувчиларнинг мунтазам алмашувини йўлга қўйиш кераклигини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мамлакатда 2,4 мингта олий ўқув юрти фаолият кўрсатиб, уларда 8 миллион талаба таҳсил олишади. Айтилишича, 69 федерал университет давлат қарамоғида бўлиб, уларда жами 1,3 миллион талаба билим олмоқда.

Маълумотларга қараганда, мазкур вазирлик Бразилия Ташқи ишлар вазилиги билан ҳамкорликда “PEG-G” номли дастур ишлаб чиққан бўлиб, унинг асосий мақсади мамлакатда чет эллик талабалар сонини оширишдан иборатдир. Таъкидланишича, ушбу дастурнинг муваффақиятли иштирокчилари ўқиш тўловидан озод этилади, турар жой ва стипендия билан таъминланади.

Шунингдек, вазирлик чет эллик талабаларнинг Бразилияда ўқишини қўллаб-қувватлаш мақсадида халқаро грантлар дастурини янада кенгайтириш устида иш олиб бормоқда. Шу мақсадда 27 та олий ўқув юртида университетга кириш имтиҳонларига тайёргарлик бўйича 69 та курс ташкил этилган.

Бундан ташқари, Вилас Боас де Соза Бразилия Ўзбекистон ёшлари учун португал тили курсларини ташкил этиш масаласини кўриб чиқишга тайёрлигини ҳам маълум қилди.

Бундан ташқари, икки мамлакат олимлари ва тадқиқотчилари Фан, технологиялар ва инновациялар вазирлиги таркибида ташкил этилган ЭМБРАПИИ иститутида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишлари мумкинлиги таъкидланди. Айтилишича, мазкур ташкилот 27 та университетларда жойлашган 70 та замонавий тадқиқот марказларини ҳам ўз ичига олгани ҳолда унинг асосий вазифаси жамият ҳаётидаги долзарб масалаларга инновациоя ва илғор технологик ечимларни жорий этишдир.

Таълим вазирлиги вакилининг фикр билдиришича, Бразилия олий ўқув юртларининг халқаро майдондаги иштирокини кенгайтириш мамлакатдаги илмий салоҳиятни оширишга, ўзаро ҳамкорликда тадқиқотлар ўтказиш ва жаҳон рейтингларида мамлакат университетларининг кўрсаткичларини оширишга олиб келади. “Шу боис Бразилия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳар қандай ҳамкорлик иккала томон учун ҳам яхши самара бериши аниқ”, дея таъкидлади Вилас Боас де Соза.