Бразилия Ўзбекистон элчихона очиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон элчиси Фурқат Сидиқовнинг  Бразилиянинг АҚШдаги элчиси Мария Виотти билан учрашувида маълум қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.

Мария Виотти Бразилияда ўрнатилган протокол тартиб ва таомилларга мувофиқ ҳамда Ўзбекистон элчисини аккредитация қилиш масаласини тезлаштириш мақсадида, ушбу мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги унга ишонч ёрлиғи нусхасини қабул қилиш учун ваколат берганлигини маълум қилди.

Шу муносабат билан Бразилиянинг АҚШдаги дипломатик ваколатхонасида Ўзбекистоннинг Бразилиядаги элчиси (қароргоҳи Вашингтонда) тайинланганлиги тўғрисидаги ишонч ёрлиғи нусхасини топшириш маросими бўлиб ўтди.

"Ўзбекистон раҳбариятига Бразилиядаги ўз вакилини тайинлаш тўғрисидаги қарори учун ҳукуматим номидан миннатдорлик билдираман. Бу эндиликда икки томонлама кун тартибини сифат жиҳатидан янги мазмун билан бойитишга хизмат қилишига ишонаман", - деди Мария Виотти.

"Мамлакатимиз дипломатик миссияси раҳбари Бразилия билан алоқаларни ҳар томонлама ривожлантириш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишдан, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, саноат ва мудофаа соҳаларида кенг қамровли қўшма савдо-инвестициявий лойиҳаларни ишлаб чиқишдан манфаатдор эканлигини билдирди.

Савдо айланмасида балансни таъминлаш мақсадида Бразилия томони Ўзбекистондан турли номенклатурадаги товарлар экспортини амалга оширишни қўллаб-қувватлашини айтди. Пировард йўналиш сифатида мамлакатимиздан минерал ўғит ва озиқ овқат маҳсулотлари экспортини амалга ошириш бўйича қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш таклиф этилди" дейилади хабарда.