Маълумки, ЖЧ-2022 саралаши доирасидаги Бразилия ва Аргентина ўртасидаги 2021 йил 5 сентябрдаги баҳс учрашувнинг 4-дақиқасида тўхтатилган эди. Бунга Аргентинанинг 4 футболчиси – Буэндиа, Мартинес, Ло Чельсо ва Ромеро пандемия талабларига амал қилмай Бразилияга келгани асос қилиб кўрсатилганди.
ФИФА апелляция қўмитаси Бразилия Футбол конфедерацияси – CBF ва Аргентина Футбол ассоциацияси – АFA томонидан берилган аризаларни кўриб чиқди ҳамда Халқаро футбол федерацияси тартиб-интизом қўмитасининг ўйинни қайта ўтказиш ҳақидаги қарорини тасдиқлади. Ҳар икки ташкилот 50 минг Швейцария франки миқдорида белгиланган жаримани тўлайдиган бўлди.
Бундан ташқари CBFдан тартиб ва хавфсизликка оид қоидабузарликлар учун 250 минг франк, AFAдан эса ўйинга тайёргарлик кўриш бўйича мажбуриятларни бажармагани учун 100 минг франкдан жарима ундирилади.