Онлайн-конференцияда ўқитувчилар, экспертлар ҳамда турли вазирлик ва идоралардан 1 минг 500 дан ортиқ киши иштирок этди.
2013 йилда бошланган «Янги йўналишлар» конференциялари туркуми бугунга қадар ўн марта ташкил этилди. Шундан саккизтаси Шарқий Осиё мамлакатларида ва иккитаси Лотин Aмерикаси давлатларида ўтказилган. Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб ушбу анжуманга мезбонлик қилди.
Тадбирда сўнгги йилларда мамлакатимизда инглиз тилини ўқитиш йўналишида амалга оширилган ислоҳотлар ва уларни келгусида муваффақиятли амалга ошириш йўллари муҳокама қилинди.
Конференциянинг асосий мавзуларидан бири таълим тизимини ягона ва яхлит тизим сифатида кўришнинг аҳамияти масаласи бўлди. Aнжуманда, шунингдек, ўқитувчиларнинг тилни баҳолаш саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистонлик педагоглар, тадбирда Британия Кенгаши ва «Cambridge Assessments» каби ҳамкорларнинг дунё бўйлаб инглиз тилини ўргатиш ва баҳолашда қандай инновациялардан фойдаланаётгани ҳақида халқаро экспертларнинг фикрларини эшитиш имконига эга бўлди. Жумладан, Британия Кенгашининг баҳолаш тадқиқотлари ва ишланмалари бўлими бошлиғи профессор Барри О’Салливан ва Bedfordshir университетининг тилни баҳолаш бўйича етакчи тадқиқотчиси профессор Энтони Грин, Дубай эркаклар коллежи ўқитувчиси, доктор Кристин Кумб ва Норвич тил таълими институти директори Том Кидл иштирокчилар билан ўз тажрибасини ўртоқлашди.
Конференция халқаро экспертларнинг иштироки, маҳаллий талабларга мос ва жаҳон стандартларига жавоб берадиган баҳолаш ечимларини ишлаб чиқиш имконини берди.
Онлайн-ўқувлар сўнггида иштирокчилар Ўзбекистондаги мактаб ва олий таълим муассасаларида чет тилини ўқитиш бўйича узоқ муддатли режаларни ишлаб қичиш, тилни билиш даражасини баҳолаш ва тил ўрганиш соҳасидаги йўналишларни аниқ шакллантириб олишга муваффақ бўлди, деб хабар беради «Дунё» АА.