Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси кўмагида ташкил қилинган тадбирда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев, инспекциянинг тегишли бошқарма ва бўлим бошлиқлари, Британия томонидан агентликнинг аккредитация ва консалтинг бўлими бошлиғи Элисон Фелс хоним, сиёсий масалалар бўйича мутахассис Рози Кеннеди хоним ҳамда бизнесни ривожлантириш, халқаро ва профессионал хизматлар бўлими бошлиғи Жули Тилл хоним иштирок этди.

Учрашувда икки ташкилот ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва Британиянинг олий таълим сифатини баҳолаш бўйича илғор тажрибасини ўрганиш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот аввалида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев Буюк Британиянинг Олий таълим сифатини таъминлаш агентлиги агентлиги вакилларига Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси доирасида таълим сифатини назорат қилиш тизимини модернизация қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар, шунингдек, миллий олий таълим муассасаларида сифатни яхшилаш орқали уларнинг нуфузини ошириш, халқаро рейтинглардан ўрин олишига кўмаклашиш бўйича истиқболдаги режалар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди.

— Сўнгги йилларда юртимиздаги олий таълим ташкилотлари сони ва ёшларни олий таълим билан қамраб олиш фоизи бир неча баробар ошди. Ҳозир олдимизга турган долзарб вазифа илғор хорижий тажрибаларни ўрганган ҳолда ортиқча қоғозбозлик ва бюрократиядан холи таълим сифатини назорат қилиш тизимини йўлга қўйишдир. Бунинг учун инспекция томонидан қатор илғор давлатларнинг тажрибаси ўрганилмоқда, — деди Улуғбек Тошкенбоев. — Хусусан, илғор хорижий тажриба асосида таълим ташкилотларини аккредитациялашнинг янги институционал тизими жорий этилди. Жанубий Корея, АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Европа иттифоқи, ENQA халқаро сифат агентлиги тажрибаси асосида такомиллаштирилган ушбу янги тизим халқаро тан олинган ISO 9001/29990 ва Европа Иттифоқи стандартларига (ESG) уйғунлаштирилди.

Натижада халқаро таълим агентликлари ENQA (Европа таълим кафолати агентликлари тизими) ва EQAR (Олий таълимда сифатни таъминлаш Европа реестри) ташкилотларига аъзо бўлиш ва ENIC-NARIC халқаро таълим сифати ахборот тармоғига кириш имконияти яратилди. Ҳозир Буюк Британиянинг Олий таълим сифатини таъминлаш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган Олий таълимнинг сифат кодекси ва стандартларини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги учрашувимизда ушбу жараёнлар бўйича савол ва таклифларимизга жавоб оламиз ҳамда ташкилотларимиз ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўямиз деган умиддаман.

Олий таълим сифатини таъминлаш агентлиги вакиллари Англиядаги олий таълим сифатини назорат қилиш тизими, бу борада эришилган ютуқлар ҳақида маълумот бериб, мазкур йўналишда инспекцияга яқиндан ёрдам кўрсатишга тайёрликларини маълум қилишди.

Учрашув давомида инспекция вакилларининг Буюк Британияда олий таълим сифатини таъминлаш бўйича ўзларини қизиқтирган саволларига Буюк Британиянинг Олий таълим сифатини таъминлаш агентлиги ходимлари батафсил жавоб қайтарди.

Якунда томонлар ҳамкорлик йўналишлари бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқишга ва муҳокама қилишга келишиб олишди, дейилади инспекция ахборот хизмати хабарида.