Хўш, бундай беморлар касаллик профилактикаси, ташхиси ва ундан самарали даволаниш учун нималарга эътибор қаратишлари керак? Шу каби саволларга Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази диагностика бўлими шифокори, олий тоифали пульмонолог Хайрулло Ражабов жавоб беради.

— Бугунги кунда юртимиз аҳолиси орасида учрайдиган нафас аъзолари касалликларининг асосий қисмини бронхиал астма, сурункали обструктив ўпка хасталиги ва пневмония ташкил этади, — дейди шифокор.

— Масалан, дунё статистикаси бўйича бронхиал астма касаллиги аҳоли орасида ўртача 5 фоиз ҳолларда учрайди. Бу кўрсаткич болалар орасида янада кўпроқ — ўртача 10 фоизни ташкил этади.

Инфекцион касалликлар орасида эса ўлим сабаблари кўрсаткичи бўйича пневмония биринчи, умумий ўлим кўрсаткичларида эса олтинчи ўринни эгаллайди.

Охирги йилларда юртимизда Орол фожиаси оқибатида иқлим ўзгариши кузатилиб, аҳолининг нафас олиш органлари касалликларига чалиниш ҳолатлари ортиб боряпти.

Улар орасида эса катта муаммоларга сабаб бўлувчи бир нечта турлари бор. Буларга бронхиал астма, ўпканинг интерстициал касалликлари, муковисцидоз, нафас етишмовчилиги, уйқу апноэ синдроми, ўпка сили ва юқори нафас аъзолари хасталикларидир.

Юртдошларимизни энг кўп қийнайдиган нафас олиш билан боғлиқ касаллик эса бронхиал астмадир. Ушбу хасталик тиббиёт тили билан айтганда, гиперреактивлик билан намоён бўлувчи нафас аъзоларининг сурункали яллиғланиши ҳисобланади. Бу жараёнда, асосан, семиз ҳужайралар, эозинофиллар ва Т-лимфоцитлар иштирок этади.

Бронхиал астма қуруқ йўтал, нафас қисиш хуружлари, ҳансираш, кўкракда оғирлик ҳиссининг пайдо бўлиши каби симптомлар билан намоён бўлади. 

Бу ҳолатлар, асосан, тунда ёки эрта саҳарда кузатилади. Касаллик хуружи кўпинча дори таъсирида ортга қайтади. Хасталикни эса асосан қуйидаги омиллар келтириб чиқаради:

генетик мойиллик, атопия, нафас йўллари гиперреактивлиги;
ташқи ва уй аллергенлари (чанг, уй чанглари, ўсимликлар чанглари, уй ҳайвонлари юнги); 
чекиш;
респиратор инфекциялар; 
паразитар инвазия ва айрим озиқ-овқат ва дори воситалари.

Бронхиал астманинг қандай кечиши унинг қанчалик тез аниқланишига боғлиқ. Агар касаллик ўз вақтида муолажа қилиниб, бемор шифокор кўрсатмаларига тўғри амал қилса, яъни асосий даволаш жараёнларига эътиборли бўлса, уни тўлиқ назорат қилиш мумкин. 

Бу эса бемор ҳаёт тарзини яхшилайди ва унинг аломатларини узоқ муддатга заифлашувига сабаб бўлади.

Касалликни даволаш, астма хуружлари сонини камайтириш учун беморнинг бронхоспазм бошланишига туртки бўлган аллерген билан алоқасини чеклаш лозим.

Хусусан:
хона ҳавосини алмаштириш ва чанг зарраларидан тозалаш;
ҳаво тозалагичлар ва кондиционердан фойдаланиш;
ҳаво қуруқлигига қарши намлагичларни қўллаш;
бемор учун барқарор, қулай хона ҳароратини сақлаб туриш учун иқлим назоратини ўрнатиш;
турли зарарли ҳашаротлар, айниқса, суваракларни йўқ қилиш;
аллергия қўзғамайдиган чойшабдан фойдаланиш;
юнгли гиламлардан воз кечиш;
диета қилиш лозим.
Энг муҳими, бемор шифокор назорати остида даволаниши, унинг тавсияларига қатъий амал қилиши шарт.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
матбуот хизмати.