Аниқланишича, 1970 йилда Хоразм вилоятида туғилган, қурилиш материаллари савдоси билан шуғулланувчи бир нечта корхона эгаси бўлган шахс ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқарога Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган 9 гектарлик нотурар объектнинг 4 гектар майдонида уй-жой бинолари қурилишини ҳужжатлаштириб беришни ваъда қилган.
У Республика Бош кадастр агентлигида ишловчи ваколатли мансабдор танишларига пора бериш орқали қурилишни ҳужжатлаштириш ва мазкур ер майдонида келгусида уй-жой қуришга рухсат олиб беришга ишонтирган.
Терговга қадар текширувда у фирибгарлик ва мансабдор шахсларга пора бериш билан боғлиқ жиноий ҳаракатларни содир этиш мақсадида мурожаатчидан аввал 100 минг, кейинчалик эса 740 минг АҚШ доллари, жами 840 минг доллар талаб қилиб келгани аниқланган.
Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ходимлари томонидан Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ушбу шахс тумандаги ресторанлардан бирида мурожаатчидан олдиндан талаб қилинган 100 минг АҚШ долларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси тўртинчи қисми ва 28-моддаси орқали 211-модданинг учинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Қайд этилишича, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз курашиш ҳамда жамиятда соғлом муҳитни мустаҳкамлашга қаратилган тезкор-қидирув ва профилактик тадбирлар давом эттирилмоқда.