Бундан анча йиллар бурун бир иш билан Сирдарё вилоятининг Меҳнатобод тумани марказига йўлим тушиб қолди. Ўша пайтда вилоятда шундай туман бор эди. Излаган одамимни топа олмай, туман ҳокимлиги биноси олдида бирор соат кутдим. Шу пайт бир аёл икки пақир кўтариб келди-да, яқинимдаги кўлмакдан сув ола бошлади. Кўлмак суви анчадан буён туриб қолгани шундоқ кўриниб турарди. Аёл пақир бетига дока қўйиб, коса билан сув солди. Буни кўриб аввалига ҳайрон бўлдим. Кейин аёлдан бу сувни нима қилишини сўрадим.

— Ичамиз, — деди у бамайлихотир.

— Ичишга бундан тозароқ сув йўқми?

— Йўқ. Ҳозир уйга олиб бориб қайнатаман. Кейин бемалол ичаверамиз. Қайнаганда микроблари ўлади-ку...

Тўғриси, туман ҳокимлиги биноси ёнидаги бу ҳолатдан кўнглим  хижил бўлди. Шу пайт мен излаган одам келиб қолди. Унга аёл билан бўлган суҳбатни айтдим. У ҳечам ҳайрон бўлмади.

— Бизда тоза ичимлик сувнинг ўзи йўқ, — деди. — Одатда Саркисов номидаги каналдан лоток орқали келган сувни ичамиз. Баъзан ҳафталаб сув тўхтаб қолади. Шунда чуқурларда қолган сувдан фойдаланамиз.

Кейин ҳазиломуз пичинг қилди:

— Организмимиз шунақа сувга ўрганиб қолган. Тоза сув ичсак, касал бўлиб қоламиз.

АҚШда яшайдиган қариндошим келган эди. Суҳбатлашиб ўтирганимизда юқоридаги воқеани айтиб бердим.

— Тошкентда яшаганимда соқолни олиб бўлгунимча ваннадаги водопровод жўмрагидан иссиқ сув оқиб турарди. Лекин АҚШда ҳамма нарсани асрашни ўргандик, — дейди у. — Чунки Америкада коммунал тўловлар жуда қиммат. Тўловларни вақтида амалга оширмасангиз, жаримаси билан кўпайиб кетади. Кейин тўлашга қийналиб қоласиз. Гап тўловнинг қимматлигида ҳам эмас, одамлар шундай яшашга, ноёб нарсаларни асрашга ўрганган. Катталар болаларга ёшлигидан сувни асраш лозимлигини қулоғига қуйишган. Бу ишда ўзлари намуна бўлишган. Шунинг учун ҳамма нарсани асрашга, иқтисод қилишга ҳаркат қилади.  Ўзим ҳам стаканга сув қуйиб соқол оламан. Мендан кўриб фарзандларим ўрганяпти бу хислатни, фазилатни. 

Шу гапни эшитганимдан сўнг чет эл фильмларини эсладим. Ҳақиқатан ҳам,  соқол олаётган ёки тиш юваётган киши бир стаканга сув олиб, уни  авайлаб ишлатади. Бизга ўхшаш бир тиш ювгунча тоза сувни оқизиб қўймайди. Албатта, ривожланган мамлакатларда сув қиммат. Лекин  ўзига тўқ, қанча сув ишлатса ҳам тўлаш қудратига эга одамлар ҳам сувни  исроф қилмайди, асрайди, авайлайди. Чунки улар водопровод жўмрагидан сув эмас,  пул оқаётганини, бу бебаҳо неъмат эканини, у олтиндан ҳам, ҳар қандай дуру жавоҳирдан ҳам қиммат неъматлигини аллақачон  тушуниб етган.  

Аслида биз учун ҳам тиш ювишга бир стакан сув кифоя. Лекин кўпчилигимиз тиш тозалаш чоғида сувни ўчириб қўйишни хаёлимизга  ҳам келтирмаймиз. Натижада баъзан икки-уч литр, баъзан ундан ҳам кўп сув бекордан бекорга оқиб кетади. Келинг, шу далилни биргина Тошкент шаҳри мисолида олиб кўрайлик. Бир киши,  кам деганда, ўртача икки литр сув сарфласа, уч миллион одам 6 миллион литр сувни йўқ қилади бир тиш ювган чоғида. Буни энди бир ҳафтага, бир ойга, бир йилга ҳисоблаб кўринг. 6 миллион литр сувга қанча дарахтни суғориш, қанча буғдой етиштириш мумкин. Сувга зор қанча  инсоннинг чанқоғи қонади.

Уйимиз яқинида академик лицей бор. Ҳар куни эрталаб лицей олдидан ўтаётганимда қоровул атрофдаги асфальт йўлларга кўллатиб сув сепаётганига гувоҳ бўламан. Бир куни тўхтаб, нега йўлга сув сепишининг сабабини сўрадим.

— Атроф салқин бўлиши учун, — деди.

— Бу ичимлик сув, уни исроф қилиш яхши эмас. Лицей сув учун отнинг калласидай  пул тўлайди, — дедим секингина. У бепарво қўл силтади ва деди:

— Давлатнинг пули кетса кетибди-да.

 Ишончим комилки, у ҳар куни камида 400 литр ичимлик сувни атроф салқин бўлиши учун асфальтга сепяпти. Бир ойда бу сув 120 минг литр бўлади. Олти ойда, бир йилда эса... Агар бу ичрофгарчилик  учун чўнтагидан пул тўлаганда, ишочим комилики, у ҳеч қачон бу ишни қилмаган бўларди.

Яна бир мисол. Ҳозир айни пишиқчилик чоғи, бозорлар қовун-тарвуз, мева сабзавотга тўла. Кўпчилигимиз бозордан олиб келган қовун-тарвуз, мава, сабзавот ва ичимликларни совутиш учун уларнинг устидан соатлаб ичимлик сувни оқизиб қўямиз. Буни исрофдан бошқа нима дейиш мумкин? Тоза ичимлик сувни оқизиб, машиналарини ювадиган юртдошларимиз қанча? Ахир юқорида айтилган неъматларни бошқа йўл билан ҳам совутиш, машинани ювиш учун челакдан фойдаланиш, сувни тежаб-тергаб ишлатиш  мумкин-ку.

Булар бари оддий арифметика. Лекин кўпчилигимиз шу оддий ариметика билан ҳисоблашишни истамаймиз. Пулини тўлаяпман-ку, оқса оқибди-да, деймиз. Энг ёмони, бундай мисолларни ўнлаб, юзлаб, минглаб келтириш мумкин.

Юртимизда кейинги йилларда аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш масаласига барча ижтимоий дастурларда алоҳида аҳамият қаратиб келинмоқда. Охирги беш йилда мазкур соҳага 10 триллион сўм ёки олдинги йилларга нисбатан 5 баравар кўп маблағ ажратилди. Бу даврда 6 миллион 500 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сув билан таъминланди. Жумладан, ўтган йили 474 та сув иншооти қурилиб, 6 минг 300 километрга яқин тармоқлар тортилган. 592 та маҳаллада 2 миллиондан зиёд одамнинг сув таъминоти яхшиланди. Яқин йилларда аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш даражасини 87-90 фоизга етказиш режалаштирилган. Бунинг учун керакли дастурлар ишлаб чиқилган.

Бундай ижобий ўзгаришлар фонида  салбий ҳолатлар ҳам кўпаяётгани кишини ўйлантиради.

Бир неча  кун юртимизда аномал иссиқлик ҳукм сурди. Одамлар ўзини иссиқдан асраш учун ҳовлисига, кўчаларига истаганча ичимлик сув сепиш билан овора. Гўё шу билан ўзини иссиқдан асраяпти. Аммо бу иши билан энг улуғ, энг азиз неъмат – тоза ичимлик сувни исроф қилаётганини ўйламаяпти ҳам. Энг ёмони, одамларнинг бу ҳолатга лоқайдлиги, бепарволиги.

Баъзан катта трассалардан ўтган сув тармоғида авария содир бўлиб, сув йўлга оқиб чиқади. Лекин тўрт-беш кун ўтмагунча масъул идоралар бу иш билан шуғулланмайди. Одамлар ҳам бераво, тегишли идораларга қўнғироқ қилиб, ҳой барака топкурлар, фалон жойда  уч кундан бунё  ичимлик сув исроф бўлиб кўчага оқиб ётибди, нега қармайсизлар демайди...  

Ёлғондан бўлса ҳам, ижтимоий тармоқларга ичимлик сувнинг нархи 20 сўмга ошар экан деган хабар ташлаб кўринг, тармоқлар “портлаб” кетади. Ҳамма бирдан ўз норозилигини билдира бошлайди. Лекин ҳар куни миллионлаб литр сув бесамар исроф бўлаётгани ҳақида ижтимоий тармоқлар жим. Нега? Нима учун ҳеч ким бу салбий ҳолатга муносабат билдирмайди?

БМТнинг Жаҳон сув ресурслари куни муносабати билан эълон қилган ҳисоботига кўра, бугунги кунда сайёрамиздаги 2 миллиард аҳоли тоза ичимлик сувдан бевосита фойдаланиш имконига эга эмас. Мутахассисларнинг таҳлилларига қараганда, жаҳонда 2000 йилдан 2050 йилгача бўлган даврда сувга глобал талаб 55 фоиз ўсади. Дунёда эмас, юртимизда ҳам ичимлик сув етиб бормаган манзиллар қанча. Қанча қишлоқларга тоза сув машиналарда олиб борилади, шуни ҳеч ўйлаб кўряпмизми? Қанча қишлоқ аҳолиси сувни сотиб оляпти. Булар шунчаки қуруқ гаплар эмас.

Президентимиз жорий йилнинг 8 февраль куни ҳудудларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш масалалари бўйича йиғилишда таъкилаганидек,  1 минг 545 та маҳаллада марказлашган сув тармоғи йўқ. 8 мингта сув қудуғидан 1 минг 500 таси яроқсиз ҳолатга келган. Оқибатда қарийб 800 та маҳалладаги 2 миллион аҳолининг сув таъминоти ёмонлашган. Қашқадарё, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида ичимлик суви таъминоти 60 фоиздан кам. Ғузор, Деҳқонобод, Косон, Шеробод, Ангор, Ғаллаорол ва Хатирчи туманларида бу кўрсаткич 30 фоизга ҳам етмайди.

Ўзбекистон сув захиралари кам мамлакатлар рўйхатига кирганига анча бўлди. Шу боис, сувни тежаб ишлатиш бизда энг долзарб масалалардан бирига айланган бўлиши лозим. Керак бўлса, болаларимизга боғчада, мактабда, уйда сувга муносабатни, уни тежаб ишлатиш лозимлигини, бу неъматни бекорга исроф қилиш ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигини, унинг қадрига етиш лозимлигини ўргатишимиз, уларга ўзимиз намуна бўлишимиз зарур ва шарт.

2021 йилнинг охирида интернетда бир хабар ўқиб қолдим. Сирдарё вилояти ҳокими Ғофур Мирзаев ўтган йилнинг 20 декабрь куни вилоят аҳолисига мурожаатида бундай дебди: 

“Сирдарё вилоятининг Ховос туманини ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилган 7 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ талон-торож қилинган. Бунда вилоятнинг иқлимига мос бўлмаган, сифатсиз қувурлар олиб келиб ўрнатилган. Ушбу маблағ эвазига 126 минг аҳоли ичимлик сув билан таъминланиши зарур эди”.

Юқоридагидан англаш мумкинки, танланган қувур сув босимига дош бермаган ва сув тошиб кетган. Натижада миллион-миллион литр  ичимлик сув исроф бўлган. Энди бошқа қувур сотиб олиш керак. Бу эса қўшимча харажат.

Шу ўринда савол туғилади: лойиҳани ким тайёрлади, ким бу носоз қувурни танлади? Лойиҳачилар наҳотки бу қувурлар талабга жавоб бермаслигини билишмаган бўлса? Балки лойиҳага ажратилган маблағнинг муайян қисмини ўзлаштириш мақсад қилингандир. Энг муҳими, бу етказилган зарарни ким қоплайди? Қопланадими? Умуман, бу ишни ким текшириб, охирига етказади? Айбдорлар жавоб берадими?

Яна бир гап. Давлатимиз раҳбари юқорида тилга олинган мажлисда қайд этганидек, Зомин, Нурота ва Қўшработ конларида қудуқлар қазиш, Зарафшон ва Чирчиқ дарёлари ўзанидан қум-шағал олиш назоратсиз, пала-партиш амалга оширилгани сабабли бу ҳудудларда ерости чучук сувлари захиралари 30 метргача пасайган.

Бу мисолларни келтиришдан мақсад – сув исрофи бизда айрим кишиларни қизиқтирмайди. Улар халқнинг манфаатидан ўз манфаатини устун қўяди. Сув етиб келиши ҳам, халқ тоза ичимлик сув ичиши ҳам иккинчи масала. Бундай одамларни қилмишига яраша жазоламас эканмиз,  қайта тарбияламас эканмиз, сувни исроф қилишлар давом этаверади. Куюнганимиз, ачинганимиз, айтган гапларимиз ҳавода қолиб кетаверади. Афсус...

Иқтисодий тараққиёт маркази директори Юлий Юсуповнинг билдиришича, сўнгги 50-60 йилда музликлар тахминан 30 фоиз қисқарган. Тахминларга кўра, ўртача йиллик ҳарорат 2 даражага кўтарилган тақдирда музликлар ўз ҳажмининг 50 фоизини йўқотиши мумкин, ҳарорат 4 даражага кўтарилган тақдирда эса бу ҳажм 78 фоизгача етади. Натижада мавжуд сув ресурслари ҳажми ҳам қисқармоқда. Масалан, Ўзбекистон томонидан фойдаланиладиган сувнинг ҳажми сўнгги йилларда ўртача 51-53 куб метрни ташкил қилади, бу эса ўтган асрнинг 80-йилларига қиёслаганда 20 фоиз камдир. Шу билан бирга, мамлакат аҳолиси ушбу муддат ичида 1,5-2 баравар ўсган.

Сув инсоннинг нафақат нафсини, чанқоғини қондиришга, балки уни поклаш учун, иймонини, эътиқодини мустаҳкам сақлаш учун ҳам зарур табиий воситалардан бири.

Динимизда ҳам сувни исроф қилмаслик, уни асраб-авайлаш лозимлиги  айтилади. Сувни ниҳоятда тежаб-тергаб фойдаланиш зарурлиги, уни исроф қилиш макруҳ экани таъкидланади.

Тарих китобларини варақлаб кўрсангиз, қадимда бир қабила, миллат ёки давлатни босиб олиш учун, биринчи навбатда, ўша давлат ҳудудига оқаётган дарё, канал ёки ариқлар тўсилган. Натижада қудратли мамлакат ҳам душман олдида тиз чўккан. Сув учун кураш бугун ўша даврлардан ҳам мураккаб. Айниқса, иссиқ ва суғорма деҳқончилик тарқалган ўлкаларда, сув иншоотларига миллат ва давлат хавфсизлигини таъминлаб  турувчи омил сифатида қаралади. “Сув учун кураш – ҳаёт учун кураш”, деб бежиз айтишмаган.

Минг марта такрорланган бўлса-да, бир нарсани унутишга ҳақимиз йўқ: сув – ҳаёт манбаи, уни увол қилиш гуноҳ, жиноят. Унинг ҳар томчисини авайласаккина юртимизни тўкин-сочинлик, ҳаётимизни фаровонлик тарк этмайди.

Бекқул ЭГАМҚУЛОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.