Мамлакатимизда ёшларга берилаётган эътибор, уларга давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик миқёси йилдан-йилга кенгаймоқда. Ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган, баркамол авлод камолоти учун хизмат қилувчи ҳуқуқий асосларни яратиш борасида ҳам салмоқли натижалар қўлга киритилди. Хусусан, ўтган йиллар давомида ёшларга оид ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи 20 дан ортиқ Қонун, Президентнинг 20 дан ортиқ фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 100 га яқин қарори қабул қилинди.

Сўнгги ўн йил ичида БМТ органлари томонидан ёшларга оид 50 дан ортиқ резолюция қабул қилинди. Уларнинг асосий мақсади ёшларнинг энг кўп учрайдиган муаммоларини мувофиқлаштириш, нодавлат ёшлар ташкилотлари ва муассасалари билан ҳамкорликни кучайтиришдан иборат.

Қайд этиш жоизки, мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар билан бирга ёшларга оид давлат сиёсати ҳам ўзининг юқори даражасига кўтарилиб улгурди.

Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 14 сентябрдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидса”ги Қонуни билан ушбу соҳада белгиланган аниқ ислоҳотлар, ёшлар тушунчасининг мазмун-моҳияти кенг ёритиб берилди. Шу билан бирга ёшлар соҳасидаги аниқ мақсадлар бир қатор қонуности ҳужжатлар билан тартибга солинди. Лекин, юқорида таъкидланган Қонун ва бошқа қонуности ҳужжатларда “уюшмаган ёшлар” жумласи, унинг аниқ мезонлари, унга кирувчи ёшлар тоифаси бўйича аниқ маълумотлар мавжуд эмас.

Қонунда Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаб берувчи ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва ташкилий чора-тадбирлар ўз аксини топган. Ўз навбатида, ушбу қонуннинг мақсади ва асосий принциплари Конституциямизга, амалдаги қонун ҳужжатлари ва халқаро ҳужжатлар нормаларига асосланган.

Ёшлар билан ишлаш бўйича масъулларнинг фикрича, кўпчиликни ўйлантирадиган расмий фойдаланишда бўлган “уюшмаган ёшлар” терминидан фойдаланишга иккита асос бор. Биринчидан, халқаро тажрибада, хусусан Қирғизистон, Россияда ушбу терминдан фойдаланилади.

Иккинчидан, айрим категорияга мансуб ёшлар мавжуд. Масалан, ўқишга киролмаган, жамоат ишларида фаол бўлмаган, Ёшлар ишлари агентлиги тўлиқ маълумотга эга бўлмаган ёшлар, ишламайди ё жиноят содир этишга мойиллиги бор ёшларга нисбатан “уюшмаган” сўзи қўлланиши мумкин. Лекин, уюшмаган ё уюшган қатламни қуйи тизимда ажратиб қўйиш учун ўйлаб топилмаган. Ёшларга оид давлат сиёсатида давлат ўзи учун аниқ стратегик режалар белгилаб олиши учун шу сўздан ҳам фойдаланади.

Қайд этиш жоизки, “уюшмаган ёшлар”га берилган бу изоҳ билан хулоса қилиб бўлмайди. Юқоридаги фикрда айтилган хориж давлатларининг бирор бир ҳуқуқий ҳужжатида ёки низомида аниқ қайд этилганми ёки шунчаки ёшларнинг айрим қисмига қўлланиладиган жумлами?

Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунида ёшларнинг бир қатор тоифаларига таърифлар мавжуд. Жумладан, ёшлар деб (ёш фуқаролар) – ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган шахсларга айтилади. Лекин, бугун ёшларнинг айрим тоифасига нисбатан қўлланилаётган “уюшмаган ёшлар” тушунчасига таъриф келтирилмаган.

Ушбу қонунда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат органлари ҳамда бошқа қатор муассасаларнинг ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этувчи ҳар бир субъектнинг ваколатлари аниқ белгиланди. Янги қонун орқали ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилотларининг мақоми, шунингдек, улар фаолиятининг давлат кафолатлари белгиланган. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ёшлар ҳуқуқ ва манфатларини рўёбга чиқариш мақсадида тузилган ва фаолият олиб бораётган 600 дан ортиқ ННТлар мавжудлигини ҳисобга олсак, улар фаолиятининг асосий кафолатлари қонунда алоҳида ёритилгани эътиборга моликдир.

Демак ушбу қонунга қўшимча тарзида уюшмаган ёшлар жумласини ва унинг таърифини аниқ киритиб қўйиш лозим ҳисобланади.

Мисол учун қўшни Қирғиз Республикасининг 2009 йил 31июль куни қабул қилинган Қонунида қуйдаги таъриф берилади:  

 “Уюшмаган ёшлар” (неорганизованная молодежь) – ижтимоий фойдали фаолият билан шуғулланмайдиган ва ишга жойлашиш, таълим олиш ва фуқаролик иштирокининг бошқа шакллари орқали мавжуд имкониятларни рўёбга чиқармайдиган ёш фуқаролар.

Бундан англаш мумкинки ёшларнинг бу тоифаси аниқ таърифи билан юртимиз қонун ҳужжатларида акс этиши лозим экан. Қонунга қуйдаги таҳрирда қўшимча киритилишини таклиф қилган бўлардик.   

“Уюшмаган ёшлар” – ўн тўрт ёшдан ошган, ўқув таълим муассасида таҳсил олмаётган, ўқишга киролмаган, жамоат ишларида фаол бўлмаган, ишламайдиган ё жиноят содир этишга мойиллиги бор ёшлар.

Демак, мана шундай таъриф асосида ушбу жумланинг ҳуқуқий асоси яратилади. Шу тоифага кирувчи ёшлар балансини яратишда, улар билан ишлашда қулайлик яратилади. Уюшмаган ёшларни ҳам ёшлар балансида турли мезонларга бўлган ҳолда ўрганиб, уларни таълимга бириктириш, касб-ҳунарга ўқитиш, тайёрлов марказларига бириктиришда қулайлик ва имконият яратилади.

“Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги қонун”нинг 71 моддасида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги ваколатлари белгиланган бўлиб, ушбу модданинг тўқизинчи бандида ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш бўйича ваколат берилган. Шундай экан уюшмаган ёшлар ҳақидаги аниқ тушунча ва таърифни ва улар билан ишлаш механизми юзасидан қарор лойиҳасини юқори турувчи ташкилотларга киритиш мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 19 январ куни эълон қилинган “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришнинг чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан юртимизнинг ҳар бир маҳалласида ёшлар етакчилари лавозими жорий қилиниши ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда яна бир муҳим қадам.

Ҳақиқатдан ҳам юртимизда “хонадонбай” юриб, ёшларни муаммоларини ўрганиб, ҳал этишга кўмаклашиш, давлатимиз уларнинг фикр-мулоҳазаларини эшитишга тайёр эканини билдириш учун албатта, маҳаллаларда ёшларнинг вакиллари бўлиши керак.

Шу билан бирга маҳаллалардаги “Ёшлар дафтарига” киритилган ёшларни моддий қўллаб-қувватлаш, имконияти чекланган оила фарзандларини аниқлаш ва ёшлар балансига киритишда юқорида қонунчиликка уюшмаган ёшлар бўйича берилаётган таклиф муҳим ҳисобланади.

“Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришнинг чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор билан ёшлар етакчисининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган маҳаллаларда ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар билан тизимли ишлаш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган ёшларнинг ижтимоий-педагогик реабилитация қилиниши ва мослашувига кўмаклашиш вазифасини самарали бажаришда ва натижадорлигини оширишда “уюшмаган ёшлар” тушунчасини аниқ мезонлари белгиланиши муҳим ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганда, уларнинг фаолиятини янада самаралироқ ва натижадорликка эришишда қонунчиликда уюшмаган ёшларга қаратилган янги ёндашув муҳим ҳисобланади.

Асроржон Сатторов,

Шуҳрат Ҳотамов,

Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги

университети доцентлари