Халқимизнинг яхши бир азалий анъанаси бор — кексаларимиз қўлини дуога очганда, албатта, «Деҳқончиликлариимизга, барака берсин, уйимиз буғдойга, нонга тўлсин», дея ният қилинади. Ғаллакорларимиз ана шундай қутлуғ ниятга муносиб меҳнат қилиб, гектар бошига ўртача 70 центнердан ҳосил етиштиришди.
Президентимизнинг ташаббуси билан ғаллачилик соҳасида бозор тамойиллари жорий этилиши туфайли деҳқонларнинг кўп йиллик армонлари ушалди. Эндиликда улар етиштирган ҳосилни тўлиқ эркин бозор нархида сотиш ҳуқуқига эга бўлди.
Давлатимиз раҳбари раислигида 18 июль куни озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни ва аҳоли даромадларини кўпайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги масалалар ҳам таҳлил этилди. Шу йилдан ғаллани етиштириш ва харид қилишни молиялаштириш бўйича янги тизим йўлга қўйилгани, фермерларга жозибадор нархлар таклиф этилгани ўз натижасини берганлиги эътироф этилди. Июль ойида биржага 88 минг тонна буғдой чиқарилгани ҳисобига, 1 тонна буғдойнинг ўртача нархи 30 фоизга арзонлашди.
МEҲНАТИМИЗ ҚАДРИГА ЕТГАН ВА ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАГАН ПРEЗИДEНТИМИЗГА РАҲМАТ!
Офтоб уфққа бош қўя бошлади. Шундай кезда бўйи тиззадан ошган пахта далалари, ҳосил бойлаётган буғдойлар оромбахш манзарага айданади. Бу йил баҳор эрта ва серёғинроқ келди. Экинларни суғоришда муаммо бўлмади. 40 гектар ерга ўтган йил сентябрь ойида ғалла экилган бўлса, мана, бугун май ойининг ўн биринчи санаси бўлишига қарамай, буғдойлар бошоқлаган, ўрим-йиғимни ўтказишга ҳозирлик кетяпти. Комбайнлар созланган, техника етарли. Минерал ўғитлар ўз вақтида берилди, ҳашоратларга қарши ишланди Эндикда ғаллани «шарбат» суви билан тўйинтирган деҳқон ютади. Ҳаво намчиллиги шароитида бу қўл келади, занг йўламайди. Бошоқлар тўлиқ ва кўнгилдагидай тош босади...
Урганч туманидаги «Шерзод Ҳамдам» фермер хўжалиги раҳбари Маркс Саидов эсаётган эпкинда оҳиста чайқалаётган буғдойзор бўйида туриб, кўнглидан шу фикрларни ўтказди. Пишиб қолган бир бошоқни қўлига олиб, ҳосил салмоғини ҳисоб-китоб қила бошлади.
Мутахассисларнинг фикрича, бир квадрат метрда 400 дона атрофида ғалла ниҳоли ва 500-600 дона буғдой бошоғи пишиб етилади.Бу донлар унга айлантирилиб, нон тайёрланса, кичик оилага бир кунликка етгулик ризқ-насиба бўлади. Бу йил гектар бошига камида 70 центнердан буғдой олиш кўзланаётганлиги назарда тутилса, бу 7 тонна сара дон ва ундан камида 5 500 килограмм ун ҳосил бўлади. Бир килограмм ундан иккитадан сал ортиқ, юз килограммдан 227,6 та, бир тоннадан 2276 дона, беш ярим тоннадан эса, 14 418 дона атрофида қолипли нон тайёрланади. Тиббий меъёрларга мувофиқ, ҳар бир кишига кунига 250-300 грамм нон маҳсулотлари зарурлиги ҳисобга олинса, бу ўртача 30 000 кишини таъминлайдиган бир кунлик неъмат, деганидир. Хуллас, ҳосилдорлик салмоғи ошган сари унинг қут-баракасидан янада кўпроқ аҳоли баҳраманд бўлади.
Ва лекин буғдойнинг харид баҳосига келганда, фермерларнинг косаси унчалик оқармаяпти. Хоразмнинг оғирт тупроқ шароитида давлат ресурслари учун тўланаётган ҳақ уруғ, минерал ўғит ва техникаларнинг ёнилғи-мойлаш материалларини қоплашга аранг етади. Деҳқонлар ғалланинг сомонига, такрорий экиндан олнадиган даромадга кўпроқ кўз тикади...
Насиб этса, бу масалалар ҳам изига тушиб кетар, деган ўй билан сувчилар олдига борди, Улар билан суғориш мароми ҳақида фикрлашди. Бу йил фермер хўжалиги ғалладан ташқари, 56 гектар ерда пахта, 3 гектарда соя ва 2,6 гектар майдонда картошка парваришлаяпти. Ҳамма экинларнинг ривожи авжида. Даромади ҳам шунга яраша бўлади.
Осмонда юлдузлар милтирай бошлади. Бугунги иш куни самарасидан кўнли тўлган фермер машинасига ўтириб, рулни уйи сари бурди. Турмуш ўртоғи Гулнора Саидова кўп йиллар мактабда география фанидан дарс бериб келади. Яқинда пенсияга чиққанига қарамай, телевизор ёки интернет орқали юртда ва хорижда бўлаётган воқеаларни кузатиб боради. Бу гал ҳам бир пиёла чой устидаги суҳбатда муҳим янгиликни айтиб қолди. Бугун Президентимиз ғаллачилик соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичига бағишланган йиғилиш ўтказибди, ғалланинг нархини икки баробарга кўтарибди.
Маркснинг қизиқиши ортиб, интернетга кирди. Ҳақиқатан шундай, фермерлар анчадан буён кутаётган ислоҳотнинг янги босқичи эълон қилинибди ва улардан давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи шу пайтга қадар 1 миллион 550 минг сўм бўлса, жорий йил 1 июндан бошлаб етиштирган ғалла ҳосили учун 3 миллион сўм ҳақ олиши белгиланибди. Ғаллачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари 3 йил давомида ҳар йилги ҳосилдан гектарига 2,5 тонна ғаллани биржа савдоларига эркин нархларда чиқарадиган бўлибди. Бунда фермерларга биржада шаклланган нархлардан келиб чиқиб, ўртадаги ижобий фарқ ҳам тўлаб берилади. Бу жараёнда улар белгиланган биржа комиссион тўловлари ва гаров маблағларини киритишдан озод этилади.
Давлат раҳбари буғдой етиштирувчи фермер ва кластерлар вакилларини биржадан рўйхатдан ўтказиш ва брокерларни бириктириб, ўқитишни ташкил қилиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берибди. Маркс Саидов шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратар экан, албатта, ўзи ҳам, ҳисобчиси ҳам астойдил ўқиши кераклигини кўнглига тугиб қўйди. Эртанги даромад буромадга айланишида биржа савдолари моҳиятини билиш ва иштирок этиш муҳим аҳамиятга эгалигини англаб турарди.
Телефони кетма-кет жиринглай кетди. Давлатимиз раҳбари ўтказган йиғилишни ўқиган ёки телевизорда кўрган ҳамкасблари бир-бирларини қутлашди. Ҳар бирининг янгиликлардан кўнгли тоғдай кўтарилган, оладиган даромадларини ҳисоб-китоб қилиб, эртанги кунга ишончлари янада ортган. Айтилган ва алқанган гаплар моҳиятида бир фикр мужассам эди: «Меҳнатимиз қадрини билган, қўллаб-қувватлаган Президентимизга раҳмат!»
Мана шундан буён икки ойда кўпроқ вақт ўтди. «Шерзод Ҳамдам» фермер хўжалиги ҳам ғаллани ўз вақтида ўриб-йиғиб олиб, гектаридан 70 центнердан ҳосил олди. Унинг 120 тоннадан ортиғи давлат ресурслари учун харид қилинган бўлса, қолганини ўзлари тасарруф қиладиган бўлди.
Маркс Саидов ҳам, ҳисобчиси ҳам биржа фаолияти, брокерлар билан ишлаш бўйича ўтказилган ўқув семинарларида ўз билим ва малакаларини оширди. Айни кунда Республика товар-хомашё биржасида ва жаҳон бозоридаги буғдой нархининг кунлик котировкаларини кузатиб боришади. Чунки, дон корхонасига топширилган ҳосилнинг ҳар бир тоннаси учун қанча қўшимча ҳақ олишлари биржадаги нарх-наво даражаси билан бевосита боғлиқ.
БОЗОР ТАМОЙИЛИ — ЭНГ ТЎҒРИ ЙЎЛ
Жорий йил 1 июль куни мамлакатимиз тарихида илк бор Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида 16 395 тонна ғалла очиқ биржа савдоларига қўйилди. Шу куни унинг 8 007 тоннаси, яъни 48,8 фоизи сотилди. Буғдойнинг ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 3 227 минг сўмни ташкил қилди. Биржада ғалла бўйича шаклланган котировка унинг бошланғич нархи (3 041,9 минг сўм) га нисбатан 5,7 фоизга ўсди.
Шундан кейин ўтказилган савдоларда ҳам ғалла нархи барқарор сақланиб турибди. Хусусан, 18 июль куни буғдойнинг бир тоннаси дастлабки кунги нарх атрофида баҳоланди.
Кейинги вақтларда жаҳон бозорларида озиқ-овқат нархлари юқори суръатлар билан ўсиб боряпти. Шу йилнинг май ойида ушбу кўрсаткич 5,6 фоизни ташкил этди. Бу ўтган йилги рақамлар билан таққослаганда, унинг қиймати ўртача 56,2 фоизга ўсганини ифодалайди. Халқаро биржаларда буғдой нархи июнь ойи охирига келиб, бир мунча тушганига қарамай, июлнинг биринчи ярмида яна кўтарила бошлади. Хусусан, АҚШда 5,4, Францияда 4,2 фоизга ўсди.
Мамлакатимизда ҳам нарх-наво барқарорлигига эришиш учун, биринчи навбатда ғаллачиликда бозор механизмларини тўлиқ жорий этишни тақозо этиб келаётган эди. Президентимиз 2022 йил 11 май куни ғаллачилик соҳасидаги ислоҳотларнинг муҳим босқичига бағишлаб ўтказилган йиғилишда, ҳосилдорликни юқори даражага олиб чиқиш ва шу орқали бозорда сотиладиган дон ҳажмини кўпайтириш ҳамда нарх-наво барқарорлигини таъминлашнинг ягона тўғри йўли бўлган бозор тамойиларига ўтиш кераклигини таъкидлади ва бу йўналишда тарихий ўзгаришларга йўл очадиган амалий таклифларни илгари сурди. Хусусан, фермерларни қувонтирганидек, давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи икки баробарга оширилди. Молия вазирлиги ҳузуридаги жамғарма 2,5 миллион тонна ғаллани биржадан бозор нархлари дадавлат захираси учун сотиб олади.
— Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 28 майдаги «Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борада амалга оширадиган тарихий жараёнларни ҳуқуқий кафолатлайдиган ҳужжатга айланди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилрабо Холбоева.—
Энг муҳими, қарор ғалла етиштирувчиларнинг, шу жумладан, фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлигини мустаҳкамлашга ва шу асосда ғалла ҳосилдорлиги ҳамда унинг ялпи ҳажмини кескин кўтаришга йўл очади.
Қарорда ғалла бозорини эркинлаштиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Жумладан, 2022 йилда Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1,8 миллион тонна товар буғдой давлат ресурси, 266,5 минг тонна ғалла уруғлик сифатида харид қилинади. Бундан ташқари 500 минг тонна буғдой ғалла етиштирувчилар томонидан июль, август ва сентябрь ойларида биржа савдоларида сотиш учун дон корхоналарига қабул қилинади. Ун ишлаб чиқаришга мос келмаган 4 ва 5-синф буғдой биржа савдоларида ҳеч қандай чекловларсиз истеъмолчиларга сотилади.
Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг таҳлилларига кўра, айни кунда республика бўйича 40 мингга яқин хўжалик ғалла етиштириш билан шуғулланади. Ҳар бир фермер хўжалигида ўртача 10 та ишчи меҳнат қилса, фермерларнинг оиласи билан қўшиб ҳисоблаганда 440 мингга яқин хонадоннинг ёки ҳар оилада ўртача 5 кишидан ҳисоблаганда 2,2 миллион аҳолининг моддий манфаатдорлиги ошади.
Ун ишлаб чиқарувчи барча корхоналар буғдойни биржада сотиб олади ва ишлаб чиқарилган маҳсулотини бозор эркин бозор платформалари орқали сотади. Ишлаб чиқарувчилар сони етарли даражада кўплиги сабабли ушбу соҳада рақобат муҳити шаклланиши корхоналарни харажатларни камайтириш ва маҳсулот сифатини ошириш устида ишлашга мажбур этади. Тадбиркорлик субъекти рақобатбардош бўлса, унинг даромади ошади. Истеъмолчилар учун бозордан сифатли маҳсулот сотиб олиш имкони вужудга келади.
Буғдой ва ун маҳсулотларининг биржа орқали сотилиши, ушбу маҳсулотларнинг ҳаракатланиши ва солиқ тушумларининг шаффофлигини таъминлайди. Шунингдек, давлатни иқтисодиётга аралашиш юкидан халос этади.
Маълумки, буғдойни биржа орқали туманларда самарали сотилишини йўлга қўйиш мақсадида 20 мингдан зиёд фермерлар ўқитилди ҳамда биржада электрон рақамли имзо орқали соддалаштирилган тартибда рўйхатдан ўтказилиб, брокерлик идораларига бириктирилди.
ХИРМОНЛАР ДОНГА, ДАСТУРХОН НОНГА ТЎЛМОҚДА
Халқимизда «Ерни боқсанг, ер ҳам сени боқади», деган мақол бежиз айтилмаган. Соҳада юқори натижага эришиш учун аввало ризқ-рўзимиз манбаи бўлган ерни эъзозлаш, тупроқ унумдорлигини ошириш зарур. Кластер ва фермер хўжаликлари бу муҳим тадбирларга алоҳида эътибор қаратаётгани ютуқлар омили бўляпти.
—Жорий йилда республикамиз ҳудудларида жами 1 миллион 32 минг гектар суғориладиган майдонларда бошоқли дон экинлари экилиб, парваришланди, — дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи Зафар Ортиқов. — Буғдой ўтган йилга нисбатан 10-15 кунга эртароқ экилиб, тўлиқ ундириб олинди. Айниқса, қиш ойларида ҳаво ҳароратининг илиқ келиши натижасида тиним даври ўта қисқа бўлди. Шимолий туманларда ҳам совуқ таъсирида буғдой майсаларининг нобуд бўлиши кузатилмади.
Бу йилги баҳор ойларида ёғингарчилик миқдорининг ўтган йилга нисбатан кўп, ҳаво ҳароратининг паст бўлиши ҳисобига ғаллани ўсиши, доннинг тўлиқ етилишига ижобий таъсир қилиб, ҳосилдорлик салмоғи ортди. Агар мамлакатимизда 2020 йилда ўртача ҳосилдорлик гектаридан 57 центнерни ташкил этган бўлса, 2021 йилда 64 центнерга етди. 2022 йилда эса, гектаридан 70 центнердан хирмон кўтарилди.
Етиштирилган ғалла ҳосилини қисқа муддатларда, сифатли ўриб-йиғиб олиш мақсадида республика худудларида 2 минг 633 та ғалла ўриш отрядлари ташкил этилиб, отрядларга 3 минг 257 та юқори унумли ғалла ўриш комбайнлари, ғалла ўриш отрядларига 13 минг 675 та юк автомобиллар, 1 минг 498 та трактор тиркамаси, 1 минг 374 та кўчма устахона ва 1 минг 425 та ёнилғи қўйиш шаҳобчалари ғалла ўрим-йиғим мавсумида қатнашди.
Бугунги кунда республика бўйича жами ғалла майдонларидаги ҳосил ўриб-йиғиб олинди ва умумий хирмон 7,2 миллион тоннадан ошди. Ҳар гектар ердан ўртача 70 центнердан ҳосил олинди, Бу ўтган йилга нисбатдан 5,9 центнерга юқори бўлганлигидан далолат беради.
Мисол учун, Фарғона вилоятида 99,5 минг гектардан 747 минг тонна (75 с/га), Сурхондарёда 90,8 минг гектардан 663 минг тонна, (73 с/га), Жиззахда 93,5 минг гектардан 689 минг тонна, (73 с/га), Тошкент вилоятида 103,5 минг гектардан 727,2 минг тонна (70 с/га), Андижонда 76 минг гектардан 540 минг тонна, (71 с/га), Бухорода 60,6 минг гектардан 424 минг тонна (70 с/га) ялпи ҳосил олинди.
Мазкур жараённи Фарғона вилояти мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, 28 та ғаллачилик каластери ташкил этилиб, 99 минг 500 гектар майдонда 2686 та фермер хўжалиги билан фьючерс шартномаси тузилди. Шу кунгача 746 минг тоннадан ошиқ бошоқли дон ҳосили йиғиштириб олинди. Ҳар гектар ердан олинган ҳосилдорлик салмоғи 75 центердан ошди. Ўрим-йиғим ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида 335 та ўрим отрядлари шакллантирилди, 1704 та дон ташиш техникалари, 165 та кўчма устахоналар ва 106 та ёқилғи ташиш механизмлари жалб этилди.
Вилоят ғалла хирмонига Бешариқ, Бувайда, Ўзбекистон, Фурқат, Қува, Қўштепа ва Учкўприк тумани ғаллакорлари муносиб ҳисса қўшди. Қува туманидаги «Турсунтош-Одинахон-Ширмоной» фермер хўжалиги ҳар гектар ердан 100 центнердан, Бешқариқ туманидаги «Толибжон Махмудов орзуси», «Даврон», «Шоҳжахон Алишер» фермер хўжаликлари далаларидан 90 центердан ортиқ дон олинди.
Президентимизнинг «Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори етиштирилган ғаллани бозор нархида тўлиқ эркин сотиш ҳуқуқини берди. Бу фермер ва кластерлар учун катта имконият яратяпти. Ишлаб чиқарувчилар буғдой ва ун маҳсулотларини биржа орқали эркин нархларда сотиб олмоқда.
— Бу йилга мавсум ҳар йилдагидан фақр қилди, — дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Алибек Турсунов. — Яратилган янги тизимга кўра, ҳосилга биржа нархларидан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилинишини деҳқон-фермерлар, кластерлар кўтаринки кутиб олди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мавсумда ўриб олинган ғалланинг 230 минг тоннаси саноат, 25 минг тоннаси уруғлик учун қабул қилинди. Янги тартибга кўра, саноат йўналишига қабул қилинган ғалланинг 179 минг 640 тонна, яъни 78,1 фоизига кафолатланган нархда — 3 миллион сўмдан ҳақ тўланади. 50 минг 360 тоннаси эркин нархда биржа савдоларига қўйилди. 100 минг тонна ғалла кластерлари, 331 минг тоннаси фермер хўжаликлари ихтиёрида қолди. Эндиликда ғалла етиштирувчилардан режадан ташқари ортиқча ҳосилни талаб қилишга тўлиқ чек қўйилди.
Бешқариқ туманидаги «Шерали Назарқулов» фермер хўжалиги уйган хирмон салмоғи 204 тоннадан ошди. Дон харид қилишда жорий этилган янги тизимга кўра, буғдойнинг 150 тоннасига 3 миллион сўмдан, қолган қисми биржа савдоларида эркин нархда сотиш учун жамғарилди.
— Ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилиши фермерлар учун катта имконият берди, — дейди фермер хўжалиги раҳбари Нуридин Назарқулов. — Ўтган йили ғалла етиштириш бўйича шартнома режасини бажарган бўлсакда 50 миллион сўм зарар кўрганмиз. Чунки маҳсулот таннархи ҳаражатларни қопламаган. Бу йилги якуний натижа чакки эмас. Ҳисоб-китобларимизга кўра, ғаллачиликдан кўзланган ялпи даромадимиз салмоғи бир миллиард сўмга етди. Бу ишчи–хизматчилар манфаатдорлигини ошириш, янги техника сотиб олиш ва қўшимча тармоқлар фаолиятини йўлга қўйиш имкониятини беради. Шунингдек, фермер буғдойи дон корхоналарида вақтинча сақлаб бериш, биржа тўловларидаги имтиёзлар эътиборли амаллардан. Юртбошимизга раҳмат энди меҳнатимизга яраша манфаат кўряпмиз. Бу янги марра, мақсадларни кўзлаб иш юритиш имкониятини беради.
Хирмони донга тўлган фермерлар хайрли ва савобли амалларга бош бўлмоқда. Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга бепул дон, сомон, такрорий экинлар учун ер майдонлари ажратиб бериляпти.
Президентимизнинг юқорида қайд этилган қарорига асосан, жорий йилда республика бўйича жами 2 миллион 656 минг тонна, шундан, 1 миллион 842 минг тонна буғдой давлат захирасига, 573 минг тонна буғдой вақтинча сақлаш учун ва 241,6 минг тонна уруғлик дон қабул қилинди.
Бугунги кунда ғалла ўрими якунига етиб, қарийб 98 фоиз майдонга такрорий экинлар экилди. Июль ойи якунигача 820 минг гектар майдонга экилган такрорий экинлардан 11 миллион тонна маҳсулот етиштириш, келгуси йилгача етарли захира яратиш устида иш олиб бориляпти. Бу деҳқон ва фермерлар даромадига қўшимча даромад қўшади. Ғаллакорлар эса, келгуси йил ҳосили учун тайёргарлик ишларини бошлаб юборишди.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
Расулжон КАМОЛОВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбирлари