Ҳаяжонли дақиқалар ортда қолди. Талабалик сафига қабул қилинган ёшлар олдида навбатдаги довон — турар жой топиш масаласи турибди. Илм олиш учун олис ҳудудлардан шаҳарлар марказига келадиган талабаларнинг турар жой излаши янгилик эмас.
Ўтган даврда ётоқ ўринлари билан таъминлашнинг ўзига хос тизим яратилди. Бироқ бу масала бутунлай ечим топди, дегани эмас. Мамлакатимизда олий таълимга қаратилган эътибор натижасида ОТМлар сони 216 тага ошди. Талабалар сони ҳам 1 миллиондан зиёд. Бу эса, ўз навбатида, уларни турар жой билан таъминлаш масаласининг долзарблигини оширмоқда.
Президентимизнинг 2023 йил 28 февралдаги фармонида жорий йил якунига қадар мамлакатимиз бўйича 18 минг ўринли талабалар турар жойларини фойдаланишга топшириш вазифаси белгиланган.
— Айни пайтда 38 минг ўринли 83 та талабалар турар жойини барпо этиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида 23 минг 494 ўринли 50 та, ОТМ ва бюджет маблағи ҳамда инвестиция дастури доирасида 10 минг 660 ўринли 21 та талабалар турар жойи қурилиши учун тегишли маблағ ажратилди, — дейди олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов. — Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, 4 минг 702 ўринли 12 та талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди. Айни пайтда 24 минг 394 ўринли 51 та талабалар турар жойи қурилиши жадал суръатда давом этмоқда. Янги ўқув йили бошлангунга қадар яна 6 минг 400 ўринли 11 та талабалар турар жойи фойдаланишга топширилади.
Шу кунларда вазирлик мутасаддиларининг эътибори янги ўқув йили бошланган дастлабки кунларданоқ талабаларни ётоқхона ва ижара хонадонларга жойлаштиришга қаратиляпти. Ҳисоб-китоблар вақтида пойтахтдаги 112 та давлат олий таълим муассасасида кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган 556 мингдан зиёд талабадан қарийб ярми ўзининг ёки яқин қариндошининг уйига жойлашгани аниқланган. Ҳозир 302 та талабалар турар жойига 116 минг 535 талабани жойлаштириш кўзда тутилмоқда. Турар жойлардаги ўринларни алоҳида имтиёзга эга талабаларга тақсимлаш ишлари ниҳоясига етказилган. Бу йил 75 минг 424 талаба аввалдан мавжуд бўлган, ўтган йилларда истиқомат қилган ва келгуси ўқув йили учун ҳам банд қилиб қўйилган ижара хонадонларга жойлашади. Ҳозир 77 минг 508 талаба турар жойга муҳтож. Шунинг учун биз асосан шу контиенгент билан ишладик.
Бу йилдан эътиборан ОТМларда талабаларга ижара уйлари топишда кўмаклашадиган тизимнинг жорий этилгани ҳам қулайлик бўлди. Сабаби, талабанинг ижтимоий ҳолати ва бошқа эҳтиёжи ОТМга яққол аён. 1 август ҳолатига кўра, уй эгалари билан бирма-бир суҳбатдан кейин 20 минг 978 та ижара хонадон рўйхати тайёр бўлди. Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур хонадонларга 74 минг 649 талаба жойлашиши мумкин.
Энг катта ОТМлар пойтахтимизда жойлашган. Шунга яраша талабалар турар жойига эҳтиёж ҳам салмоқли. Бу ҳудудда 30 минг 707 талаба ижарага муҳтож. Ҳозир 9 минг 523 та бўш ижара хонадон топилиб, манзилли рўйхати шакллантирилди. Ушбу хонадонларга 29 минг 800 нафар талабани жойлаштириш имкони мавжуд.
Энди вазирлик олдида турган асосий масала бўш турган ижара хонадонлар тўғрисидаги маълумотларни талабаларга, ота-оналарига етказиш бўляпти. Шунинг учун ҳар бир ОТМнинг веб-сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали яратилган имконият ва имтиёзлар ҳақида талабаларга кўпроқ маълумот етказишга ҳаракат қилиняпти. Талабалар ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш ишларини ҳам давом эттирилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 14 августдаги “Олий таълим муассасалари талабаларини турар жой билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада яна бир қулайликка йўл очди. Унга мувофиқ, энди давлат ОТМларининг талабалар турар жойига жойлашиш давлат хизмати марказлари ва (ёки) Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали электрон ариза бериш йўли билан амалга оширилади. Талабаларга навбатни онлайн кузатиш ва бадал пули тўлаш имконияти яратилади. Шунингдек, талабалар билан тузиладиган турар жой ижара шартномалари давлат солиқ хизмати органларида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали масофадан туриб биометрик идентификациялаш (Face-ID) технологияси орқали электрон шаклда реал вақт режимида ҳисобга қўйилади.
Талабалар мазкур хизматдан фойдаланиш учун ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза юборади. Аризалар тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимига келиб тушади. Талабанинг имтиёзи ёки бошқа тегишли маълумотлари ахборот тизими ёрдамида текширилади. Ариза якунида талабага ётоқхонага жойлашиши учун йўлланма берилгани ёки навбатга қўйилганлиги ҳақида маълумот тақдим этилади.
— Рақамлаштиришдан мақсад инсон омилини, турли бюкрократик тўсиқлар ва ҳар хил коррупцион ҳолатларнинг олдини олишдир, — дейди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бўлим бошлиғи Салоҳиддин Санақулов. — Ҳозир талабаларнинг 43 фоизи ётоқхона билан таъминлаш имконияти мавжуд. Масаланинг яна бир муҳим жиҳати, ижара асосида яшайдиган талабаларимизга жуда катта имконият берилди. Аввалги йилларда ижара тўловининг бир қисмини давлат ҳисобидан қоплаб бериш тартиби жорий қилинган эди. Ўтган вақтда бу борада юзага келган айрим муаммоларни инобатга олиб, энди талабаларимиз Тошкент шаҳрида ижара шартномасининг суммасидан қатъи назар, тўловнинг қопланадиган қисми сифатида базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баробари миқдорида, яъни 330 минг сўм оладиган бўлди. Илгари бу муаммо бўлган. Чунки ижара шартномасида турли сумма кўрсатилган. Ўша суммага қараб тўлаш тартиби муаммони юзага келтирган эди. Ёки хонадон эгалаларининг ижара шартномаларини имзолаши жараёни чўзилиб кетган. Шу ва бошқа бюрократик тўсиқларнинг олдини олиш мақсадида сентябрь–октябрь ойларида — айнан талабалар турар жойларга жойлашадиган муҳим паллада ижара тўловининг бир қисмини ижара шартномасисиз тўлаб бериладиган тартиб жорий қилинди. Бу ҳам жуда катта имконият.
“Олий таълим муассасалари талабаларини турар жой билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга кўра, 1-курс талабаларини талабалар турар жойига жойлаштириш ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламент талаблари асосида амалга оширилади. 2-курс ва ундан юқори курс талабаларини талабалар турар жойига жойлаштириш анъанавий тарзда амалга оширилади. Бунда талабалар турар жойига жойлашиш учун ариза олий таълим муассасаси талабалар турар жойларига жойлаштириш комиссиясига 2023 йил 25 августга қадар топширилади.
Қарорда имтиёзлилар тоифаси ҳам белгиланган. Мисол учун, талабалар турар жойларига қабул қилиш жараёнида “Меҳрибонлик уйлари” тарбияланувчилари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлганлар, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари ҳамда “Ёшлар дафтари”даги йигит-қизларга устунлик берилади. Шунингдек, I ва I гуруҳ ногиронлиги бўлганлар, бир оиладан бакалавриат босқичи кундузги таълим шаклида икки ёки ундан ортиқ киши бўлиб тўлов-шартнома асосида ўқиётганлар, халқаро ва Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ўтказадиган фан олимпиадалари, “Йил талабаси” ва “Талабалар театр студиялари” кўрик-танловлари, “Заковат” интеллектуал ўйинининг республика босқичи ғолиблари, талабалар турар жойидаги талабалар кенгаши раиси, қават сардорлари ана шу устунликдан фойдаланиши мумкин.
Рисолат МАДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири