Умумтаълим мактабларининг 6-, 7-, 10-синф ўқувчилари учун яратилган Миллий ўқув дастури, дарслик, машқ дафтари ҳамда ўқитувчилар учун методик қўлланмалар жорий ўқув йилининг 4-чораги давомида тажриба-синовдан ўтказилиши режалаштирилган.
Миллий ўқув дастури ва методик мажмуаларни тажриба-синовдан ўтказиш ва амалиётга жорий этишга тайёргарлик кўриш мақсадида, экспериментатор ўқитувчилар, шунингдек, республиканинг барча ҳудудларида фаолият олиб бораётган амалиётчи ўқитувчилар, малака ошириш марказларининг профессор-ўқитувчилари, фан методистлари учун 3 кунлик ўқув-семинари ўз ишини бошлади.
«Қанча-қанча катта тадбирларда қатнашган бўлсамда, бугун жуда ҳаяжондаман, Чунки бугун қилинаётган ислоҳотларнинг асосий ижрочилари — ўқитувчилар қаршисида, муҳим бир учрашувда сўзлаяпман. Қилинган ҳар бир янгилик қанчалик самара бериши бериши бугун шу ерда йиғилган устозларнинг қўлида. Бугун бу семинарда порлаган қуёш эртага болаларимизнинг боши узра нур сочади» – дейди Халқ таълими вазирлиги Таълим сифати жараёнларини мувофиқлаштириш департаменти директори Лазиз Хўжақулов
Бугун семинарнинг очилиш маросимида Халқ таълими тизими ходимлари ва ўқитувчилар ўртасида самимий суҳбатлар, маданий тадбирлар ҳамда Заковат интеллектуал ўйини уюштирилди. Семинарнинг кейинги кунларида ўқитувчилар 19 та фан бўйича 13 та шўбаларда ўз фанлари бўйича ўқувларда қатнашадилар.