Мамлакатимизда жорий йил 9 июль куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин тараддуд кўрилмоқда. Юртимизнинг барча ҳудудларида сайлов округлари ва участка сайлов комиссиялари ташкил этилиб, сайловчилар учун замонавий имкониятлар яратилди. Айни кунларда Президентликка номзодларнинг сайловолди тарғиботи қизғин кечмоқда.
Қонунчилигимизга мувофиқ, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Шу мақсадда бугун республикамизда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёни бошланади. Республикамиз бўйлаб сайлов участкалари соат 11:00 дан муддатидан олдин овоз бериш учун очилади.
Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи тегишли участка сайлов комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади. Сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари кўрсатилган ариза асосида участка сайлов комиссиясидан сайлов бюллетени ва конверт олади. Сайлов бюллетенини олгани ҳақида ушбу участка сайлов комиссиясининг камида икки аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхати кўчирмасига имзо қўяди.
Тўлдирилган сайлов бюллетенини конвертга солади ва елимлаб участка сайлов комиссияси аъзосига топширади. Участка сайлов комиссиясининг икки аъзоси сайловчи ҳузурида конвертнинг елимланган жойига имзо қўяди, сўнгра комиссиянинг муҳри билан тасдиқланади. Конверт сайлов куни овоз бериш жараёни якунлангунига қадар участка сайлов комиссиясининг сейфида туради.
Сайлов участкасида муддатидан олдин овоз бериш вақти иш кунлари соат 9:00 дан соат 18:00 га қадар, дам олиш ва байрам кунлари соат 11:00 дан соат 17:00 га қадар амалга оширилади.
Муддатидан олдин овоз бериш 2023 йил 5 июль куни якунланади.
Баҳор ХИДИРОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири