Умумий мукофот жамғармаси 51,5 миллион АҚШ долларини ташкил қилувчи "Australian Open" мусобақасининг аёллар ўртасидаги саралаш баҳсларида ҳамюртимиз Нигина Абдураимова ҳам ўз имкониятини синовдан ўтказади.
Қуръа натижасига кўра, ҳамюртимиз саралашнинг илк даврасида испаниялик Лейре Гормазга қарши кортга чиқади. Ушбу учрашув Тошкент вақти билан соат 11:20 да бошланади. Абдураимова WTA рейтингида 180, Гормаз эса 169-ўринни эгаллаб турибди.
Маълумот учун, ҳам аёллар, ҳам эркаклар яккалик баҳсларида ғалаба қозонадиган теннисчилар қимматли 2000 рейтинг очкоси билан бирга, банкдаги ҳисоб рақамларини 2 миллион 54 минг долларга бойитиб олади. Асосий давранинг 1-босқичида мағлуб бўлган теннисчи ҳам уйига 75 минг 160 доллар билан қайтади.
"Australian Open" турнири ўз тарихида 111-маротаба ўтказиляпти. Рафаэль Надаль (Испания) ва Эшли Барти (Австралия) мусобақанинг амалдаги ғолиблари саналади.