Республика раҳбари Шавкат Мирзиёев фабрика қурилишига капсула қўйиш олдидан сўзга чиқиб, бу муҳим воқеани мамлакат саноатида инқилобий қадам деб атади.
— Олмалиқ кон-металлургия комбинати маълуму машҳур, уни дунё билади. 70 йил даврда бу комбинат томонидан 1.5 млрд тонна руда қазиб олинган. Рақамларни айтиш осон, 6 млн. тонна мис, 850 тонна олтин қазиб олинган. Комбинатнинг мамлакат саноатидаги улуши 7 фоиз, экспорт ҳажмидаги ҳиссаси эса 15 фоизга тўғри келади. Давлатимиз бюджетига тушадиган жами даромадларни 8 фоизини ушбу комбинат таъминлайди. Бу ерда иш бошлаганимизга 3 йил бўлишига қарамасдан, мис ишлаб чиқариш ҳажми 1.5 бараварга кўпайди. Булар ҳаммаси кўп миллатли минглаб ишчиларнинг олийжаноб меҳнати туфайлидир, пандемия пайтида ушбу комбинатда иш бир кун ҳам тўхтагани йўқ, улар ўз қаҳрамонлигини кўрсатяпти.
Хорижий лабораторияларда олиб борилган тадқиқотлар ва халқаро баҳолаш мезонларига кўра, бу ердаги миснинг ялпи захираси 45 миллион тонна, олтин захираси эса 5 минг тоннадан зиёдни ташкил этиши аниқланди, деди Шавкат Мирзиёев.
Фабрика лойиҳаси қиймати 2 млрд доллар. Россиянинг "Газпромбанк" ва Внешэкономбанк кредитлари ҳисобидан молиялаштирилади. Қурувчилар- "УЗТМ-Картекс" ва "Enter Engineering".
Шавкат Мирзиёевнинг маълум қилишича, ушбу лойиҳа ишга тушса, унинг кўрсаткичи 8млрд долларга етади. Энг камида юқори технологик 11 минг иш ўрни яратилади.
2024 йилда ишга тушадиган мазкур фабрикада ОКМК нинг рудани қайта ишлаш қуввати 40 млн тоннадан 100 млнга, мис катоди ишлаб чиқариш 148.5 минг тоннадан 290 минг тоннага, олтин 17 тоннадан 38 тоннага, кумушни 160 тоннадан 203 тоннага ошади.
Маълумот учун, Олмалиқ шаҳрида 130 минг аҳоли яшаса, 27 минг олмалиқликлар ОКМКда ишлайди. 16 хил турдаги маҳсулотлар 17 та давлатга экспорт қилинади. ОКМК мамлакатдаги 90% мисни қазиб, қайта ишлайди.
Халқаро экспертларнинг фикрича, электромобиллар, электротехника ва қайта тикланувчи энергия соҳаларининг ривожланиши эвазига 2030 йилга бориб дунёда мисга бўлган талаб камида 30 фоизга ошиши кутилмоқда.